Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ерни ёқмасдан экин эксак бўлмайдими?..

23/Noyabr/2024 11:48
  1419

Тупроқ – табиатнинг энг бебаҳо неъматларидан бири бўлиб, у атмосфера, гидросфера, литосфераларнинг ўзаро бирлашган, бир-бирига таъсир ўтказувчи чегараларида, ер усти ва ер остида тирик организмлар, мавжудотлар ҳаёт фаолияти натижасида вужудга келган табиий биокос тана ҳисобланади ва у ер устида тупроқ қопламини ҳосил қилади. Бир вақтнинг ўзида тупроқ ер юзасида унумдорлик қобилиятига эга бўлган биосферанинг асосий компоненти бўлиб, инсоният, барча тирик организмлар ҳаётининг мавжудлигини таъминлаб турувчи органик биомассани яратиш воситасидир.

Маълумки халқимиз дастурхони тўкин сочинлиги меҳнаткаш деҳқонларимизнинг омилкорлигию, машаққатли меҳнатининг маҳсулидир. Мустақилликка эришганимиздан сўнг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги энг катта ютуқларимиздан бири бу дон мустақиллигига эришганимиздир. Албатта, бу қувонарли воқеа. Шунингдек, ҳозирда пахта далалари қисқартирилиб ўрнига сабзавот, полиз ва бошқа турдаги экспортбоп экинларни экиш тавсия этилаяпти. Қишлоқ жойларида ҳар бир оила берилган томорқа ерларига асосан донли (кузги буғдой) ва сабзавот экинлари навбатлаб экилиб, йилда икки марта ҳосил олиш имкониятига эга бўлишмоқда. Бу яхши албатта. Чунки халқимиз ўз эҳтиёжларини ўзини ўзи таъминлаши ҳар жиҳатдан давлатимиз учун ҳам фойдали ҳам самаралидир. Фақат ердан фойдаланиш давомида ерга бўлган муносабат, яъни тупроқ унумдорлиги қай даражада ва қандай ҳолатга келиб қолмоқда. Сабаби ерга бир хил экинни (монокултура) бир неча маротаба экиш ёки агротехник тадбирларни нотўғри ўтказиш, минерал ўғитлардан ортиқча фойдаланиш, пестицидлардан нотўғри фойдаланиш тупроқ унумдорлигини пасайтирибгина қолмасдан, ерларни таназзулга ҳам олиб келиши мумкин.

Қуйи Амударё минтақаси (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти) суғориладиган тупроқлари шароитида кузги буғдой ҳосили йиғиштириб олингандан кейин ўрнига асосан шоли (аҳолига тегишли таморқа ерлари) экилади. Фақат шолини экишдан олдин йиғиштириб олинган кузги буғдойнинг анғизини ёқиб юбориш ҳолатлари хали-ҳануз учрамоқда. Сабаби, шоли сув экини, уни одамлар далада сувда юриб кўчат усулида экишади. Экиш жараёнида буғдой анғизи ва сомони қаттиқ бўлгани учун одамларни қўл ёки оёқларини шикастлаб қўйиши мумкин. Иккинчидан иш унумини пасайтириб, далада ҳаракатланишга тўсқинлик қилиш мумкин. Бу қай даражада тўғри ёки нотўғрилиги ҳаммага маълум.

Ер ва тупроқ унумдорлиги тўғрисида гап кетганда буғдой анғизи ва сомонини ёқиб юбориш, биринчидан тупроқ микрофлорасига ҳамда микроорганизмлар фаолиятига салбий таъсир қилиши, тупроқнинг устки унумдор қатлами ва тупроқ структурасининг бузулишига, ҳамда атмосфера ҳавосининг ифлосланишига олиб келади. Умуман ҳудуднинг экологик муҳитининг бузилишига сабаб бўлади.

Маълумки, тупроқнинг унумдор бўлишида тирик мавжудотнинг, айниқса, микроорганизмларнинг аҳамияти катта. Улар ҳаёт фаолияти ва ҳалок бўлиши натижасида тупроқни маълум миқдорда органик моддалар билан бойитади.

Тупроқ энг аввало, наботот, ҳайвонот олами ва микроблар билан бирга мураккаб экологик тизимни (биогеоценоз) вужудга келтиради ва сайёрамиз биосферасида ҳаёт давом этишини таъминлашдек муҳим вазифани бажаради.

Мамлакатимизда тупроқ унумдорлигини оширишда микроорганизмлар муҳим ўрин тутади. Унумдорликни қайта тиклаш, зарур кимёвий бирикмалар билан бойитиш, бунинг учун мухим озиқлантириш муҳитини яратиш ва уни тупроқ қоришмасидан ўсимликларнинг илдиз тизимига ўтказиш айнан микроорганизмларга боғлиқдир.

Шундай экан, бу борада янги технологияларни кенг жорий қилиш керак. Масалан, буғдой анғизини тез ва осон парчалайдиган бактериялардан ёки биопрепаратлардан (улар тупроқни тозалаб, соғломлаштиради ва ундаги туз миқдорини камайтиради ҳамда тупроқ микрофлораси ва фаунаси миқдорини кўпайтиради, биохилма-хиллигини таъминлайди) фойдаланиш, кузги буғдой ҳосилини йиғиштиришда ўрим комбайнларини буғдойни пастроқдан ўриб йиғиб олишини таъминлаш ёки шолини қўлда эмас балки, махсус шоли кўчатини экувчи мосламаларни йўлга қўйиш керак. Оддий усули чуқур плуг билан шудгорлаш ёки бир марта ерни чизеллаб, ундан кейин дискли бароналар ёрдамида буғдой илдизи ва анғизини йиғиштириб олиш ва уни компост қилиш энг самарали усулларидан биридир.

Халқимизда ажойиб нақл бор: “Ерни боқсанг, ер сени боқади”. Дарҳақиқат, ер, замин, тупроқ — мазмун жиҳатидан бу сўзлар бир-бирига нечоғли яқин бўлса, моҳиятан ҳам бир бутунликни, яъни инсониятни ўзининг беқиёс неъматлари билан таъминлаб келаётган масканни англатади. Аҳолининг экологик маданиятини ошириш, ҳар бир инсон қалбида она табиатни асраб-авайлаш, уни ҳимоя қилиш масъулиятини шакллантириш –экологик шароитни яхшилашнинг энг мухим омилларидан ҳисобланади.Уни муҳофаза қилиш комплекс тарзда бажарилиши лозим. Бунда тупроқ ифлосланишининг олдини олувчи, инсон ва ҳайвонларга зарар бермайдиган, атмосферанинг ифлосланишига олиб келмайдиган, ерости ва усти сувлари ҳамда тупроқдан фойдаланишни чегараламайдиган тадбирлар қўлланилади.

Адамбой Машарипов

УрДУ катта ўқитувчиси, Экоҳаракатнинг Хоразм вилояти ҳудудий бўлими аъзоси

Улашиш: