Шолғом етиштириш бўйича тавсиялар
Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Наманган маҳаллийси, Самарқанд маҳаллийси, Муяссар.
Уруғ танлаш. Экиладиган шолғом уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, бутун (синмаган), вазндор текис (зарарланмаган) бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.
Ер тайёрлаш. Уруғ экиладиган майдонлар ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозаланади. 1 сотих ерга 200 кг (10 сотихга 2 т) чириган гўнг солинади. Тупроқ 20–25 см чуқурликда чириган гўнг ва минерал ўғитлар билан аралаштирилиб юмшатилади. Йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари олинади.
Экиш муддати ва схемаси. Шолғом асосан ёзда экилади. Шолғом уруғи марказий минтақа ҳудудларида 1–15 августда, шимолий ҳудудларда 25 июль-10 август, жанубий минтақаларда 20 август-20 сентябрда сепилади. Шу билан бирга эрта ҳосил олиш учун шолғом уруғини февраль ойининг охирларида сочма ҳамда қатор (лента) қилиб экиш мумкин. Ҳар икки усулда ҳам эгат ораси 70 см олинади. Уруғ қўлда сепилади. Ҳар 1 сотих ерга 25–30 г шолғом уруғи сарфланиб, 1,5 см чуқурликка экилади. Тупроқ хаскаш билан тирмаланади.
Парваришлаш. Ниҳоллар униб чиққандан сўнг тезда ўташ ва яганалаш керак. Биринчи ягана уруғ ердан униб чиқиши билан, иккинчиси 2–3 барг чиқарганда ўтказилади. Бунда туп ораси 10–12 см кенгликда қолдирилади. Қатор ораларини ўсимлик атрофи билан қўл кучи ёрдамида кетмон билан 15–16 см чуқурликда юмшатиб туриш, маъданли озиқ ва сув бериб бориш керак. Ўсув даври мобайнида ҳар икки-уч суғоришдан кейин қатор оралари юмшатилиб борилади.
Ўғитлаш. Шолғом майдони бегона ўтлардан тозаланиб, ягана қилингандан сўнг ўғитланади. Бунда 1 сотих ерга тук ҳолда сульфат аммоний – 2 кг, аммофос – 1,5 кг, калий хлор – 0,5 кг/га меъёрда солинади.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Зараркунандалардан узунбурун, шира, барг бургалари, касаллиги ун-шудринг ва оқ чириш. Зараркунандаларига қарши 10 сотих майдонга – ДВА-трин 10% эм.к. 40 мл, Моспилан 20% н.кук. 25–30 г меъёрда қўлланилади. Касалликларга қарши –Превикур 72,2% с.э.к. 150 мл, Курзат Р н.кук. 200–250 г, Рирдомил голд 68% с.д.г. 200–250 г ёки 1 фоизли Бордо суюқлигини 60–70 литр сувга тайёрланган аралашмасини пуркаш яхши самара беради. Бу кимёвий препаратларни мутахассислар назоратида қўллаш тавсия этилади.
Ҳосилни йиғиштириш. Экин совуққа чидамли бўлсада, илдизмевани тупроқ музлаб қолмасдан олдин йиғиб олиш керак. Ўртача катталикдаги шолғомнинг сифати юқори бўлади. Бироқ, ҳосил илдизмевалар диаметри 7–10 см бўлганда ҳам йиғиб олиниши мумкин.