Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Отқулоқ: етиштириш ва фойдали хусусиятлари

23/Noyabr/2024 12:13
  1300

Отқулоқ (Щавель) энг эртанги сабзавот экини бўлганлиги учун у қадрлидир. Овқатга унинг ёш барги ва пояси хомлигида қайнатиб ва консерваланган ҳолда ишлатилади. Улардан турли таомлар пиширилади, пирогларга масаллиқ тайёрланади. Барги бошқа кўкатлар билан биргаликда овқат вақтида дастурхонга қўйилади. Отқулоқнинг ёш баргида углеводлар, оқсил, оқсилат, олма ва лимон кислоталари, темир, калий, кальций, магний тузлари бор. Унинг таркибида С, В1, В2, РР ҳамда А провитаминлари кўп.

Қадимдан отқулоқ тиббиётда турли касалликларни даволашда қўлланилади. У ангина, қон тупуриш, милк яллиғланишида, дизентерия – ич кетишини тўхтатишда ҳамда сариқ касалларни даволашда қўлланилган. Янги барги иштаҳа очади, овқат ҳазм бўлиши яхшилайди, танани мустаҳкамлаш ва бошқа касалликларда ишлатилади. Отқулоқ жигар ва ўт қопи ишини яхшилайди, барги камқонликда ва юрақ-қон томир касалликларида ҳам жуда фойдалидир.

Буйрак ва сийдик йўллари, ўт қопи ва ўт йўллари тош касалликлари, подагра, сил касаллиги билан касалланган беморларга отқулоқни истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

Отқулоқ – торондошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўт ўсимлик. Ўсимлик поясининг баландлиги 1 м. гача етади, тик ўсувчи, бўғимли, юқори қисми шохланган. Илдизолди тўпбарглари ва поянинг пастки қисмидаги барглари узун бандли, учбурчаксимон ёки тухумсимон, асос қисми юраксимон. Поянинг юқори қисмидагилари майда бўлиб, қисқа банди ёрдамида поя ва шоҳларидаги бўғимларда кетма-кет ўрнашган. Майда кўримсиз, оддий гулқўрғонли, 6 та тожбаргдан ташкил топган гуллари рўвак тўпгулига жойлашган. Меваси тухумсимон, уч қиррали, жигарранг ёнғоқча. Май ойидан бошлаб гуллайди ва меваси етилади.

Ўсимлик иккиуйли, четдан чангланади, совуққа чидамли, намсевар, сояга ҳам чидайди. Сув ўтказувчанлиги яхши бўлган унумдор тупроқларни хоҳлайди.

Навлари. Очиқ ерга экиш учун отқулоқнинг битта Россия селекциясига мансуб Широколистный нави Давлат реестрига киритилган. У плёнка остида етиштириш учун ҳам тавсия қилинган.

Парваришлаш. Отқулоқ бир жойда 4–5 марта етиштирилади. Бунинг учун тупроқ яхшилаб тайёрланади. Экин ҳар йили янги жойга экилади. Шунда кўкат ҳосили ўсув даврида юқори бўлади.

Ўт босган участкаларда 2 ҳафта олдин тупроқ саёз юмшатилади, кузда тупроқ чуқур қайта чопилади. Чопишдан олдин 1м2 ерга 5–6 кг органик ўғит, 20 г суперфосфат ва 15–20 г калий тузи солинади. Баҳорда майдон тупроғи юмшатилади ҳамда 1 м2 га 20 г олтингугурт аммоний солинади.

Отқулоқ уруғи 3 муддатда экилади: эрта баҳорда, ёзда ва кеч кузда, ноябрнинг охири-декабрнинг 10-санасигача, бунда совуқ тушгунча уруғи униши керак эмас. Ёзги муддатда экилганининг техник етилган ҳосили кучли совуқлар бошлангунга қадар йиғиштириб олиниши керак.

Уруғи икки ёки кўп қаторли лентасимон усулда экилади. Бунда қаторлар ораси 20 см ёки ленталар ораси 50 см бўлиши керак. Кўп ҳолларда фермер хўжаликларида қаторлар ораси 60 ва 70 см эгатлар олинади ва пушта устига отқулоқ уруғи сочма қилиб экилади. Кейин пушта устидаги қатқалоқларни олдини олиши учун мульча қилиб чириган гўнг сепиб қўйилади. Уруғни экиш чуқурлиги енгил тупроқларда 3–4 см ва оғир ерларда 0,5 см бўлади.

Уруғ 10–12 кундан кейин униб чиқади. Ўсимликда битта чин барг пайдо бўлган босқичда орасини 4–5 см қолдириб ниҳоллар ягана қилинади. Экинга кейинги ишлов беришда тупроқ 4–5 см чуқурлиқда юмшатилади ва бу ишлар ҳар суғориш ёки ёмғирдан кейин ўтказилади. Пайдо бўлган майда ўтлар чопилади, катталари юлиб ташланади. 1 м2 ерга 5–10 л сув қуйиб суғориб турилади.

Ўсимлик барги 8–10 см узунликда бўлганда май-июнь ойида кесиб олинади. Ёзда экилганинг барги кеч кузда кесилади. Кеч кузда экилганларининг барги кейинги йил май ойида кесиб олинади. Эрталаб вақтли ёки кечқурун ҳар 2–3 ҳафтада ҳосили терилади. 3–4 марта кесиб олинган баргларидан консерва тайёрлашда фойдаланалади. Полиэтилен халталарда совиткичда янги барглари 2–3 сутка давомида сақланади. Ўсимликни ҳосили териб олингандан кейин сув ёки шарбат билан озиқлантирилади. Вегетация даври тугашига 25 кун қолганда баргларни кесиш тўхтатилади. Қишга ўсимликни мульчалаб қўйиш мақсадида 1 м2 ерга 3 кг компост сочиб қўйилади.

Иккинчи ва кейинги йилларда эрта баҳорда эгатлар бултурги барглардан тозаланади, ўтоқ қилинади, эгатусти ва қатор оралари юмшатилади. Кейин 1:5 нисбатда шарбат оқизиб озиқлантирилади.

Кўп йиллик участкаларда иккинчи йилдан бошлаб, ҳосилни кесиб олиш апрель ойининг охири, май бошларида бажарилади. Май ойи ўрталарида ўсимликда поя пайдо бўлаётганда улар илдиз тагигача кесилади, июнь ойида янги барглар ўсиб чиқади. Август-сентябрь ойларида баргларни танлаб кесиб олинади, бўлмаса қишлашга нимжон ўсимликлар киради. Бир мавсумда отқулоқ ҳосилдорлиги 1 м2 дан 15–30 кг бўлади.

15–20 кун олдин отқулоқдан эрта ҳосил олиш учун уни плёнка остида ўстирилади. Эрта баҳорда далага кириш имконияти бўлиши билан дуга ўрнатилади ва устига плёнка тортилади. Ташқарига нисбатан плёнка остидаги ҳаво ҳарорати 3–4 °С юқори бўлади.

Б.Азимов

Улашиш: