Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Балиқ боқишнинг янги усуллари!

26/Mart/2024 02:00
  1452

Балиқчиликни асосан, икки йўналишда йўлга қўйиш мумкин: табиий шароитларда (кўл, дарё ва бошқа сув ҳавзаларида) ҳамда сунъий ҳавзаларда, дея маълумот беради “Оила даврасида” газетаси, балиқ боқишнинг инновацион усулларини ёритган мақоласида.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 майдаги «Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси ташкил этилди. Хўш, юртимизда балиқчиликни ривожлантириш борасида уюшма томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Ҳудудларда жаҳон тажрибасини, яъни табиий сув ҳавзаларига қафас (садок) мосламаларини ўрнатиш, интенсив усулда кичик сув ҳавзалари ва суви ёпиқ тизимда айланадиган ҳовузларни ташкил этиш ҳамда шоли экин майдонларида «Шоли+балиқ» технологиясини қўллаш орқали балиқ етиштириш йўлга қўйиляпти, — дейди «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси раиси Авазхон Эргашев— Шунингдек, балиқни қайта ишлаш технологияларини республикамизда жорий этиш борасида илмий-амалий тавсиялар берилмоқда. «Ўзбекбалиқсаноат»га фойдаланишга берилган 203 минг гектар табиий ҳавзалардан 179 минг гектар майдон балиқ овлаш ишларини ташкил этиш учун узоқ муддатга ижарага берилган.

Президентимизнинг «2018 йилда балиқ маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, соҳага янги технологияларни жорий этиш бўйича ҳудудларда жами 13 та ёпиқ тизимли ва 89 гектар ер майдонларида интенсив усулда кичик сув ҳавзалари барпо этилмоқда. Ушбу сув ҳавзаларида Африка лаққаси, зоғорабалиқ (карп), гулмоҳи (форель) ва бакрабалиқ (осётр)ларни етиштириш йўлга қўйилади.

— Қафас (садок) мосламаси нима?

— Садок — ҳавза четларидаги сувликда жойлаштирилган махсус тўр билан ўралган ва балиқ боқишга мослаштирилган қурилма. Сувда чўкмайдиган пўкакларга маҳкамланган ва сунъий сув ҳавзасининг ўртароғига ўрнатилганлари эса понтон садоклар, дейилади. Қафаснинг бу туридан ҳозир тадбиркорларимиз ҳам кенг фойдаланмоқда.

Шу ўринда суви ёпиқ айланадиган тизим ҳақида ҳам озроқ тушунча берсак. Ёпиқ тизим, дегани ҳавзанинг ўзида сув айланиши назарда тутилади. Яъни балиқ боқиладиган идиш, сунъий ҳовуз ёки ҳавза сувга бир марта тўлдириб олинади, бўлди. Электр энергияси сарфи кўпроқ бўлса-да, мазкур усул сув кам, танқис жойлар учун қўл келади. Хуллас, ҳовуз суви вақт ўтиши билан ифлосланади. Бу сув махсус агрегатлар билан тортиб олинади, тозаланади, фильтрланади ва яна ўша ҳовузга қайтарилади. Мақсад: ҳавза сувини имкон қадар тоза сақлаш. Агар сув ҳарорати пастроқ бўлса, махсус ускуналар ёрдамида керакли ҳароратгача иситиб берилади. Маълум вақт ўтиб, ҳовуз суви камайиши мумкин, шунда ташқаридан қўшимча сув қуйилади. Аммо ташқаридан олинадиган сувнинг ҳарорати ёпиқ тизимникидан совуқроқ бўлиши мумкин. Бу ҳолатда ҳам сув олдин иситилиб, кейин ҳовузга қуйилади. Бу қиш ойларида қимматбаҳо ва нозикроқ балиқ турларини сақлаб қолишга ҳам ёрдам беради.

«Шоли+балиқ»

Бу технология ҳам ғоят қизиқ. Шоли майдонларида балиқ боқиш узоқ вақтдан бери жануби-шарқий Осиёда маълум. Бунинг шолига ҳам, балиққа ҳам фойдали томонлари кўп. Балиқлар ёрдамида шоли ҳосили сезиларли ошади. Улар тупроқ унумдорлигини ошириб, зараркунандаларни йўқ қилади. Гап шундаки, ўзига озиқ излаган балиқ тупроқни титкилаб, юмшатиб беради. Шунингдек, тупроқ юзасини қоплаган плёнкани йўқ қилади. Бу эса шолининг яхши ривожланишига имкон туғдиради. Чиқиндиси эса жуда яхши қўшимча ўғит вазифасини ўтайди. Улар турли зараркунанда ўтлар илдизини, ҳашаротларни, уларнинг уруғларини ейди ва бундан шоли ҳосилдорлиги ошади.

Республикамизда жами нечта балиқчиликка ихтисослашган хўжалик мавжуд, уларда қайси турдаги балиқлар кўпроқ етиштирилади, деган савол туғилиши табиий. Мутахассиснинг айтишича, ҳозир мамлакатимизда 3690 дан ортиқ балиқчилик хўжаликлари мавжуд. Уларда асосан, 4 та балиқ тури — оқ дўнгпешона, чипор дўнгпешона, карп ва оқ амур балиқлари етиштирилмоқда. Бу балиқлар Ўзбекистондаги ер ҳовузларига, чучук ва нимшўр сувда ўсиб-ривожланиш учун қулай мослашади.

— Ҳозир ўз томорқасидаги 2 сотихли ҳавзада Хитой тажрибаси асосида интенсив усулда балиқ етиштириш билан шуғулланаётганлар борми?

— Бор. Хитой, Вьетнам тажрибаси асосида 2 сотихли кичик ҳовузларда  ҳам интенсив усулда балиқ етиштирилмоқда. Масалан, Навоий вилоятининг Кармана туманида яшовчи Обиджон Саидов кичик ҳовузларда Африка лаққасини етиштиришни йўлга қўйган. Кичик ҳовузлардаги сувнинг иситиб берилиши натижасида бир йилда икки марта, яъни икки сотих ерда 12 тонна балиқ етиштиришга эришилди. Шунингдек, бу усулдан Сирдарё, Навоий ва Самарқанд вилоятларида ҳам кенг фойдаланилмоқда. Сув таъминоти яхши бўлган хонадонларда Африка лаққасини етиштириш мумкин.

— Балиқ етиштиришда Въетнам ва Хитой технологиясининг фарқи ва афзалликлари нимада?

— Вьетнам ва Хитой технологиясида кичик сув ҳавзаларида кўп миқдорда балиқ етиштирилади. Балиқлар жуда тиғизликда етиштирилади ва ҳосилдорлик ошади.

Вьетнам технологиясида катта балиқ етиштирилаётган сунъий ҳавзанинг бир чети ёки маълум қисми тўр билан  ўраб ажратилади ва чавоқ (увилдириқ, личинка жараёнидан ўтган майда балиқча)лар қўйиб юборилади. Шундай қилиб, катта балиқлар билан чавоқлар битта ҳовузда, тиғиз шароитда парваришланади ва якунда юқори ҳосил олинади. Бу усулда ортиқча омихта ем ва харажатлар камаяди, балиқларнинг ривожланиши тезлашади, касалликларга чидамлилиги ортади.

Хитой технологиясида эса, сунъий тупроқ ва бошқа ҳавзаларга аэратор (сувни ҳаво билан аралаштириб, тўйинтириб берувчи ускуна)лар ўрнатилади ва ҳовузлардан балиқ етиштириш ҳосилдорлиги гектарига 4-5 тоннагача оширилади. Аммо бу технологияда катта балиқлар ва чавоқлар алоҳида-алоҳида ҳовузларда озиқлантириб парваришланади. Чавоқлар маълум катталикка етгач, бошқа ҳовузларга олинади. Бунда вьетнамча усулдан фарқли ўлароқ, балиқлар боқиладиган ҳовузчалар катта майдонни эгаллаши ҳам мумкин.

—  Ҳозирда бу технологиялар қайси ҳудудларимизда амалда қўллана бошлаган?

— Деярли барча вилоятлардаги сув омборларига ўрнатилган қафасларда шу усулда балиқ боқиляпти. Кейинги йилларда Тошкент вилоятининг Тошкент ва Хўжакент сув омборларида балиқларни маҳаллий карп ва четдан келтирилган гулмоҳи ҳамда лосось турлари боқилмоқда. Суви ёпиқ тизимда айланадиган ҳавзадан Қорақалпоғистон Республикаси «Хўжайли гўшт давкар» агрофирмаси ва Тошкент шаҳридаги «Агро рояль фиш» корхонаси фойдаланиб, бассейнларида Африка лаққасини боқяпти. Осётр қимматбаҳо балиғини етиштириш Тошкент вилоятидаги «Голден фиш групп» корхонаси томонидан интенсив бассейнларда амалга оширилмоқда.

Балиқ маҳсулотларининг аҳоли ва болалар саломатлигидаги ўрни жуда муҳим. Хусусан, балиқ гўштида 15-22 фоиз оқсил, 0,2-30,8 фоиз ёғ ва оз миқдорда углеводлар бор. Уни мунтазам истеъмол қилиш юрак-қон томир тизими хасталикларини профилактика қилиши аниқланган. Ҳомиладор аёллар ва ёш болаларга балиқ гўштидан мунтазам истеъмол қилиш тавсия этилади.

— Интенсив усулда етиштириладиган балиқ билан табиий шароитда ривожлангани ўртасида фарқ борми?

— Интенсив усулда балиқ етиштиришда балиқлар кичик ҳавзаларда жуда тиғизликда, махсус омухта ем билан боқилади ва юқори ҳосилдорликка эришилади.  Балиқлар тор муҳитда камҳаракат бўлади ва мунтазам бериб туриладиган озуқа боис жуда тез ўсади. Шунингдек, бу усул ортиқча ер ва сув ресурслари талаб этмайди.

Табиий шароитларда ривожланган балиқлар озуқа топиш учун доимий ҳаракатда бўлади ва ўсиш жараёнига узоқ вақт кетади. Шунингдек, бунга катта ер ва сув ресурслари керак бўлади.

Манба: "Оила даврасида" газетаси

Улашиш: