Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Хонадонларда боқилаётган қуёнларни касалликлардан ҳимоя қилиш

23/Noyabr/2024 06:17
  1256

Қуёнчилик сердаромад тармоққлардан биридир. Чунки қуён овқат танламайди, олти ой боқилган қуён 3,5–4 килограм тош босади. Асосийси, бир йилда битта қуёндан 16–20 тагача соғлом насл олиш мумкин.

Гўшти парҳезбоп, хушхўр, парҳезбоплиги жиҳатидан товуқ гўштидан устун туради. Ошқозон-ичак, жигар касалликлари, қон босими билан даволанаётган беморларга даво, танада тез ҳазм бўлади.

Хонадонларда қуён боқиш унча катта харажат талаб қилмайди. Уларнинг тез етилувчанлиги, серпуштлиги, жадал ўсиши сарф этилган маблағнинг тез қопланиб кетишини таъминлайди. Чунки қуёнлар йил давомида 5–6 марта олтитадан ўнтагача болалайди. Умуман битта қуёндан бир йилда 50–60 тагача бола олиш мумкин. Бундан ташқари бир бош қуёндан 1 кг гача тивит олинади.

Қуёнларнинг юқумли касалликларини олдини олиш ва даволаш тадбирларини ишлаб чиқиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Қуёнларнинг пастереллёз (геморрагик септицемия) касаллиги жуда оғир ва мураккаб кечувчи ўта хавфли касаллик ҳисобланади. Касалликда ўпка, юрак, қон томирлар тизими, ичаклар ва бошқа аъзоларда сепсис, геморрагик яллиғланиш, қон қуйилишлар каби оғир жароҳатлар рўй бериши натижасида ҳайвонлар кўплаб нобуд бўлади. Пастереллёз касаллиги баҳор ва ёз ойларида тез ривожланади. Бунга иқлимнинг кескин ўзгаришлари ҳамда турли стресслар каби омиллар қўшимча сабаб бўлади.

Қуёнлар орасида юқорида номлари келтирилган касалликлар билан касалланган қуёнларнинг ўлиш даражаси 80–85 фоизгачани ташкил этади. Касалланган қуёнларни даволаш ва касалликка қарши курашиш тадбирлари учун катта маблағ сарфланади. Касалланиб тузалган қуёнлар ўсиш ва ривожланишдан ортда қолади ҳамда касаллик қўзғатувчисини ташувчи бўлиб қолади.

Қуёнларнинг юқумли (пастереллёз, сальмонеллёз, геморрагик септицемия, қуёнлар улати ва бошқа) касалликларни олдини олиш учун ўз вақтида касалликларга қарши эмлаб туриш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, кўп ҳолларда қуёнлар орасида инвазион касалликлардан кокцидиоз, стронгилёз, аскаридиоз, трихинеллёз касалликлари учраб туради. Мазкур касалликларни олдини олиш учун ҳар икки ойда бир марта гельминтларга қарши антигельминтик препаратлардан қўллаб туриш мақсадга мувофиқ.

Улашиш: