Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Олча ва гилосни қуритиш усуллари

23/Noyabr/2024 04:42
  1201

Олча қуритиш. Унинг «Шпанка черная», «Самарқанд», «Подбельская», «Любка ташкентская» навлари қуритилади. Ранги тўқ, эти тиғиз, нордон-ширин, қуруқ моддаси 19–23% бўладиган навлар қуритишга яроқлидир.

Қуритиш учун обдон пишган, уринмаган, қурт тушмаган, мева банди билан бирга узилиб, олча қуритиш майдончасида узоғи билан 12 соат туради. Навларга ажратишда хомлари, чириган ва шикастланганлари олиб ташланади, банди қўлда узилади. Кейин мева сувда ювилади. Сўнгра каустик соданинг 0,5 фоизли қайноқ эритмасига 3–5 сония ботириб олинади ва совуқ сувда чайқаб, патнисларга бир қатор қилиб солинади ва қуритиш майдончасига қўйилади.

Бир-икки кун офтобда тургандан кейин соядаги штабелларга қўйилади, қуритиш 5–8 кун давом этади. Намини мувофиқлаштириш учун яна 8–10 кун сақлаш талаб қилинади. 3–4 т мевадан 1 т қуруқ маҳсулот олинади, унинг нами 19 фоиздан ошмаслиги керак.

Гилос қуритиш. Унинг «Қора гилос», «Қора Гоше», «Воловье сердце», «Баҳор» каби навлари қуритилади. Яхши пишган, серэт, қуруқ моддалари кўп, қурт тушмаган, чиримаган, моғорламаган мева қуритишга ярайди.

Олча қандай қуритилса, гилосда ҳам бу жараён такрорланади, қуритиш 7–10 кун давом этади, натижада 19–22% маҳсулот олинади, бунинг ҳам намлиги 19 фоиздан ошмаслиги керак. Боғбонларимиз учун бу маслаҳатлар маҳсулотнинг исрофгарчилигини кескин камайтириш билан бирга уларга мўмай даромад ҳам келтиради. Ҳамма гап боғбоннинг ҳафсаласига боғлиқ, албатта.

Улашиш: