Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қоракўлчилик ҳақида нималарни биласиз?

23/Noyabr/2024 02:51
  1425

Ер шарининг 190 та мамлакатида ҳозирги вақтда парваришланаётган қўйларнинг умумий сони бир миллиард 867 миллион 875 минг бошга етиб, улар ўзларининг маҳсулотлар бериш йўналиши хусусиятларига қараб 570 зотга бўлинган.

Жаҳон олимларининг фикрларига кўра, турли маҳсулотлар берадиган қўйлар зотлари орасида ҳаммадан кўп - 4-5 хил маҳсулот берадиган қоракўл қўй зоти машҳур ҳисобланади.

Чунки қоракўлча териси, фармацевтика ва пишлоқ саноатлари учун ширдон, озиқ-овқат учун энг юқори сифатли таъм ва нозик маза берувчи, тез ҳазм бўладиган 3800-4000 калорияли гўшт, енгил саноат учун жун ва бошқа хил маҳсулотлар бериши билан ажралиб туради.

Қоракўл қўй зоти қадимдан мустақил зот бўлиб, эрамизнинг VIII асрида (780-820 йиллар) араб қўй зотлари билан чатиштириш туфайли вужудга келган. Бу чатиштириш натижасида, олинган янги зот қўйлар терисининг юпқалиги, енгиллиги ҳамда гиламбоп, кигизбоп жунларининг сифатлилиги, шу билан бир қаторда, жуда лаззатли ширин таъмли гўшти бўлганлигидан наслчилик ишларига катта қизиқиш ва эътибор бўлган. Бу зотни ўша даврда Бухоро яқинидаги Қоракўл мавзесида яшовчилар «Қоракўл қўйи» деб атайдиган бўлдилар. Маҳаллий аҳоли эса, бундай чиройли, енгил барра пўсти берадиган қоракўл қўйини – дўзбойи деб ҳам атаганлар. Чунки бу зотнинг қоракўл мавзесидаги соҳиби-Дўзбой бўлиб, бу киши янги зот қўйнинг маҳсулдорлигини, улардан олинадиган қоракўл териларининг сифатини янада яхшилаш билан қоракўл териларининг вазнини камайтириш учун қўйларни рангларига қараб ажратиб, танлаш ва саралаш каби селекция ва наслчилик ишларига, ўт кам бўлган яйловларда қўйларни қўлдан тўйдириб озиқлантириш ва қиш пайтларида талафотга учратмасдан тўла-тўкис сақлаб қолиш, қўтанлардан фойдаланишга катта эътибор берган.

Бу қоракўл қўйларининг бизгача етиб келган ҳозирги тури ўша замонларда мавжуд бўлган қоракўл қўйларининг кўпгина думбали дағал жунли зотлар билан чатиштириш натижасида пайдо бўлган. Зотан, янги туғилган қоракўл қўзилар жун қопламининг ранги ғоят хилма-хил ранглар йиғиндисидан иборат эканлиги шундан далолат беради. Манбалардан шу нарса маълумки, Бухоро, Хива билан Эрон ва Россия ўртасида савдо алоқалари ривож топа бошлаган 1845-1865 йилларда савдогарлар қоракўл терисининг мўйналик сифатларига катта эътибор бера бошлаган ва кўп вақт ўтмай уларни Бухородан Россиянинг катта шаҳарлари ва чет эл мамлакатларига олиб кета бошлаганлар. Қора, кўк (кулранг) ва сур терили қоракўл қўзилар 1-3 кунлигида баҳолаш (бонитировка) қилиш даврида теридаги жингалакларининг очиқ томони бош томонга ёки орқа томонга йўналганлигига қараб тўрт хил, яъни қаламгул (жакет), қовурғасимон (ребристий), ясси гули (плоский) ва жун толасининг узунлигига қараб (кавказий) барра типига ажратилади.

Ўша даврда барра маҳсулоти сифатига бўлган талабнинг тўхтовсиз ўсиб бориши қоракўл қўйлари юзасидан олиб бориладиган наслчилик ишларини анча мураккаблаштиради. Масалан, 1930 йиллардан то 1970 йилларгача халқаро мўйна бозорида ярим доира шаклидаги  қалам гули (жакет) жун толаси калта ва жуда калта бўлиб, ипаксимон жингалаклар яхши қадрланган бўлса, 1970 йилдан то ҳозирги вақтгача жун толаси калта ва жуда калта ипаксимон жунли, чала ривожланган, узун жингалак қовурғасимон (ребристий) ёки жингалаклари узун ясси қаламгулли ва параллел тўғри ҳолатда жойлашган гуллари ясси гули (плоский) териларга талаб кучайган. Қоракўл қўйлар зотини бутун дунёга машҳур қилган қалам гул шаклидаги (жакет) узун жингалаклар энг қимматли ҳисобланади.

Қаламгул жингалаклар қанча узун бўлса, қоракўл тери шунча кўркам, сержило ва жозибали бўлади.

Ҳозир қоракўл зоти бутун дунё қўйлари сонининг 2,6 фоизини ёки 48 миллион 565 минг бошни ташкил этади. Ва ер шарининг 16 мамлакатида ва МДҲнинг 5 республикасида парвариш қилинади.

Т. КЎГАНОВ,

қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, Тожикистон чорвачилик илмий тадқиқот институти ходими.

Чори ТОҒАЙНАЗАРОВ,

мазкур институтнинг кичик илмий ходими.

Улашиш: