Беҳини қандай парваришлаш кераклигини биласизми?
Экиш учун тавсия этиладиган беҳи навлари: Изобильная, Самаркандская крупноплодная ва ҳ.к.
Кўчатларни экишга тайёрлаш ва экиш. Кўчатларни экишга тайёрлашда аввало, томорқа майдонида сувнинг юриши ҳисобга олиниб, ер яхши текисланади. Майдоннинг ҳар квадрат метрга 6–10 кг гўнг, чиринди, 200–250 г фосфор, 100–120 г калий ва 150–200 г аммонийли азот ўғити солиниб, чуқур (25–30 см) ҳайдалади.
Беҳи 3×3 м схемада кузда – ноябрь ойида, эрта баҳорда эса февралнинг охири-март ойи бошларид экилади.
Кўчат экиш учун чуқурлиги ва кенглиги 60×60 см бўлган чуқурчалар ковланади. Чуқур қазишда тупроқ устки қисмини 20–25 см қатлами ўранинг бир томонига, қолган қисми иккинчи томонга олиб қўйилади. Ўрага 350–400 г фосфор, 30–40 г калий ўғити ҳамда 8–10 кг чириган гўнгни тупроқ билан аралаштириб солиб, кейин кўчат экилади. Кўчатни экишдан олдиндан тайёрлаб қўйилган шалтоққа (янги мол гўнги тупроқ билан 1:1 нисбатда аралаштирилиб, қаймоқсимон масса тайёрланади) ботириб олиш лозим.
Кўчат ўрага тик ҳолда қўйилиб, тупроқ билан кўмилади. Кўчатни пайванд қилинган жойи тупроқдан 4–5 см юқорида қолиши керак. Кўчат экилгандан сўнг ҳар бир чуқурга тўлатиб сув қуйилади. Шунда тупроқ зичланиб, ниҳол яхши кўкаради. Тупроқ чўккандан сўнг кўчат атрофига янги тупроқ солиб, тўлдирилади. Кўчатлар тупроқнинг намлигига қараб вақти-вақти билан суғориб турилади.
Томорқа майдони 0,03 га бўлса, ушбу майдоннинг қуёш тушадиган шарқдан жанубга қараган томонига беҳи навларидан 1–2 тупдан экиш тавсия қилинади. Томорқа майдони 0,06 га бўлса, ярмига сабзавот экинлари, қолган қисмига эса мевали дарахтлар, 0,10 га бўлганда сабзавот учун майдон қолдириб, қолган каттароқ қисмига мевали кўчатларни жойлаштириш мумкин.
Парваришлаш. Дарахтларга баҳорда ярусли (қаватли) қилиб шакл берилади. Бунда дарахтнинг биринчи қаватида 3–4 дона асосий шох қолдирилади, қолганлари қирқиб ташланади. Иккинчи қават шохлари асосий шохлардан 30–40 см, биринчи қават шохларидан 25–30 см масофада қолдирилади. Учинчи қават шохлари ҳам шу зайлда шакллантирилади. Шакл беришда шох-шаббаларнинг бир-бирига соя беришининг олди олиниб, бир маромда сийраклаштирилади.
Дарахт ҳосил қилмайдиган йилида буташ тизими қуйидагича амалга оширилади: шу йили ўсиб чиққан новдалар кучлироқ калталаштирилади, халқасимон мева шохлари сийраклаштирилади, мураккаб халқасимон шохлар калталаштирилади.
Дарахтлар ҳосил берадиган йили новдалар 35–40 см ўсган эски шохларига тақаб қирқилади. Бир йиллик новдаларни қисқартириш ҳосил куртакларини кўпайишига олиб келади.
Томорқадаги беҳи дарахтларига 300–350 г азотли, 250–300 г фосфорли ва 200–250 г калийли ўғитлар соф ҳолда солиниши тавсия қилинади. Ҳар 2–3 йилда ўртача 50–60 кг чириган гўнг солиш ҳосилдорликни оширади. Бўз тупроқларда беҳи дарахтлари ўсув даври мобайнида 4–6 марта, шағалли ерларда 10–12 маротаба суғорилади.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Беҳи дарахтига зараркунандалардан беҳи қурти, касалликлардан монилиоз зарар келтиради.
Беҳи қуртига қарши 5 фоизли Каратэ эм.к. (100 л сувга 30–40 г), 17,5 фоизли Перфекто сус.к. (10 сотих майдон ҳисобига 15–20 мл) воситалари самаралидир.
Монилиоз касаллигига қарши Бордо суюқлигининг 3 фоизли (10 л сувга 300 г мис купороси ва 300 г сўндирилмаган оҳак) эритмаси сепилади. Касалликларга қарши дори воситаларини куртаклар ёзилгунига қадар ишлатиш талаб этилади.
Ҳосилни йиғиштириш. Беҳи асосан кузда – сентябрь-октябрь ойларида пишиб етилади. ининг бошларигача давом этади. Мевалари терилганидан сўнг етилиш даврини ўташи керак. Шундагина беҳи мевалари нав хусусиятларига хос рангга киради, таъми етарлича ширин бўлади. Айни пайтда беҳи меваларидаги пектин моддасининг кўплиги ундан қайта ишланган маҳсулот (мураббо, жем, шарбат ва компот) тайёрлаш учун қимматли хомашё бўлиб хизмат қила олади.