Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Сигирлар серсутлигини ошириш бўйича тавсиялар

22/Noyabr/2024 15:53
  2594

   Fунажинларни туғишга тайёрлаш ва биринчи туққан сигирлар серсутлигини ошириш. Хориждан келтирилган қорамоллар билан ишлаш жараёнида хўжалик мутахассислари ҳайвонлар келтирилган кундан бошлаб, шунингдек, уларни туғишга тўғри тайёрлаш, бунинг учун уларнинг келгуси лактациясидаги сут маҳсулдорлиги ва тирик вазнини ҳисобга олган ҳолда озиқлантиришни ташкил этиш, уларнинг 5–6 ойлик бўғозлигидан то туғишига 20–30 кун қолгунча кунига 2 марта 5 дақиқадан елинини уқалашни ташкил этиш ҳамда лактациянинг биринчи кунидан уларга жиддий эътибор қаратишлари талаб этилади. 

    Туққандан 9–10 кун ўтгач назорат молхонасига ўтказилиб, серсутликни ошириш бўйича тадбирлар қўлланилади. Серсутликни оширишда кунлик сут миқдорига қараб «аванс» даражасидаги озиқлантириш, кунда 3 маротаба жадал соғиш, ҳар 10 кунда назорат соғимини ўтказиш, сигирларни соғишга тўғри тайёрлаш ва соғиш техникасига риоя этиш муҳим ўрин тутади. 

  Сигирлар серсутлигини оширишда уларга тўйимли ширали (лавлаги, маккажўхори силоси) ва дағал (беда пичани, ўт уни), беда сенажи, протеин, қанд моддаларига ва кальций, фосфорга бой озуқаларни бериш юқори самарадорликни таъминлайди. Кунлик сутнинг 3–4 кг ошишига қараб «аванс» озуқа миқдори оширилиб борилади, сигирлар сутини кўпайтириш имконияти чўққисига етгандан сўнг аста-секин камайтирилади ва «аванс» озуқа бериш тўхтатилади. 

   Серсут қилиш даврида озуқа рационларини тузишга алоҳида эътибор берилади, «аванс» озуқа меъёри омухта емлар ва хашаки лавлаги ҳисобидан бажарилади. Масалан, кунлик сут миқдори 25 кг бўлган соғин сигирга омухта ем рациондаги озуқа тўйимлигининг 45–50%, хашаки лавлаги эса 1 кг соғиладиган сут ҳисобига 650–700 граммдан тўғри келиши мақбул. Қишлов даврида соғин сигирлар рационида албатта лавлаги ёки хашаки сабзи бўлиши шарт. Уларнинг ўрнига тритикале, арпа, сули донидан ундирилган майсалардан фойдаланиб, кунлик cутига қараб 2–4 кг бериш тавсия этилади. 

  Тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, сигирлар лактациясининг дастлабки 90 кунидаги сут маҳсулдорлиги даражаси, уларнинг биринчи туғишидаги тирик вазнига ҳам боғлиқ эканлигидан далолат берди. Биринчи туғишида ўртача 446,6 кг тирик вазн билан туққан сигирлар, III ва ундан юқори лактацияларининг дастлабки 90 куни мобайнида ўртача 1550 кг сут миқдорига эга бўлди. Бу эса лактация давомидаги ўртача сут миқдори (4076,6 кг)нинг 38 фоизига тенгдир. 

   Атроф-муҳит ва ҳайвонлар организми. Ҳаво ҳарорати чорва моллари организмидаги модда алмашинувига катта таъсир кўрсатади. Ҳаво ҳарорати қанча паст бўлса, ҳайвонлар тана ҳароратини мўътадил сақлаб туриш учун шунча кўпроқ озуқа сарфлайди. Ҳарорат, намлик ва ҳаво ҳайвонларнинг иссиқлик регуляцияси, шунингдек, уларнинг маҳсулдорлиги ва озуқа сарфига ҳам катта таъсир кўрсатади. 

   Намлик ва ҳаво ҳаракати ҳарорат таъсирини кучайтиради ёки аксинча заифлаштиради. Юқори маҳсулдор ҳайвонлар бинодаги ҳарорат, намлик режимининг ўзгаришига кам маҳсулдор ҳайвонларга нисбатан таъсирчанроқ бўлади. Четдан келтирилган қорамолларда ёз ойлари ҳаво ҳароратининг меъёрдан ошиши уларда иштаҳа бўғилишига, озуқа сарфининг пасайишига, вазни камайиши ва йилига сут миқдори 200–300 кг. гача пасайишига сабаб бўлади, баъзи ҳолларда ҳарорат 40 °С дан ошганда қуёш уриб, ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. 

   Қиш даврда молхонада ҳаво ҳарорати ўртача +12–14, бузоқхонада +15–20, ёз ойларида эса 25–30 оС бўлиши мақсадга мувофиқ. Шунинг учун ёз ойлари молларни чўмилтириш, молхоналарда шамоллатиш ускуналаридан фойдаланиш зарур. Жазирама иссиқ пайтлари молларни усти очиқ майдонларда сақламаслик тавсия этилади. Сутдор қорамолчиликда ишлаб чиқаришни тўғри ташкил этиб, қабул қилинган кун тартибига қатъий риоя қилиб, юқоридаги зоотехникавий тадбирларни ўз вақтида ўтказиш, чорва молларидан маҳсулот ишлаб чиқаришни 20–30 % ошириш имконини беради. 

    Шундай қилиб, соҳани янада ривожлантириш халқимизнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондиришда долзарб вазифа ҳисобланади. Бунинг учун мавжуд барча имкониятлардан оқилона фойдаланиш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, наслчилик ишини ривожлантириш, чорва молларини асраш шароитларини яхшилаш, чорвачилик маҳсулотларини кўпайтириш билан бирга сифатини ошириш ҳамда илмий асосланган замонавий талабларга жавоб берадиган усулларини ишлаб чиқиш, озуқабоп экинларнинг янги серҳосил нав ва дурагайларини яратиш, уларнинг ҳосилдорлигини оширишнинг илғор агротехникасини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқаришни илғорлар тажрибаси, фан янгиликлари ва ютуқлари билан таъминлаб бориш муҳим вазифа ҳисобланади. 

     Н.Рўзибоев, Б.Аширов

    Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги портали
Улашиш: