Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Олма парваришлаш бўйича тавсиялар

22/Noyabr/2024 16:28
  1689

Олма дарахтлари Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида яхши мослаша оладиган мевали дарахтлардан бири ҳисобланади. Қизил рангли олмаларнинг деярли барчасига ўзининг табиий қизил рангини олишида қиров ва шудрингни ўрни катта бўлгани сабабли, салқинрок об-ҳаво шароити талаб қилади.

Олманинг чексиз навлари ва турлари бўлганлиги сабабли, уларга бўлган ҳар қандай талабни қондириш учун етарлича танлаш имкониятлари мавжуд. Мисол учун, гулдаста шохчаларда мева берувчи олма навлари пакана бўйли пайвантакларда ўстирилиши тавсия қилинмайди, улар қўпроқ уруғдан кўпайтирилган (жадал ўсувчи) пайвантакларга тавсия қилинади. Бошка баъзи навлари совуқ об-ҳаво шароитларига жуда чидамли. Бундан ташқари турли касаллик ва зараркунанда ҳашоратларга чидамли ва пакана бўйли дарахт ўстирилиши учун мос келувчи олма пайвантаклари ҳам мавжуд. Олмаларни пишиб-етилиши ҳам унинг қандай пайвантакда ўсаётганлигига боглиқ ва бу одатда 70-180 кун оралиғини ташкил қилади. 

Кўпгина олма навлари гул чанглари етарли (стерил) бўлмаганлиги сабабли, улар яхши ҳосил тугуши учун бошқа гул чанглари етарли ва актив, ҳамда улар билан бир вақтда гуллайдиган навлар билан бирга қўшиб экилиши тавсия қилинади.   

Тупроқ шароитига бўлган талаблар. Олма дарахтлари турли ҳил тупроқ шароитларида ўса олишига қарамай, улар яхши ва сифатли мева бериши учун унумдор бўз ёки қумоқ тупроқда яхши ривожланади.

Намлик кўп туриб қоладиган тупроқларда илдиз бўғизи чириши (Phytophthora cactorum) касаллиги ҳавфи катта бўлганлиги ва бундай тупроқларда ҳаво алмашинуви (вентиляция) яхши бўлмаганлиги сабабли, ўзидан намликни яхши ўтказувчан тупроқлар олма дарахти учун энг мос келувчи тупроқлар ҳисобланади. Олма дарахти илдизлари одатда тупроққа саёз жойлашади, ва шу ўринда, тупроқнинг меъёридан ортиқ нам бўлиши дарахтнинг ўсиши, ҳамда ривожланиши учун тўсқинлик қилади. Бу ҳолат дарахтнинг кучсиз тарзда илдиз отиши ва озуқа олиши учун кам майдонга эга бўлишига сабаб бўлади.

Олма дарахтлари кўпроқ нейтрал ёки қисман кислотали (водород ионлари юқори бўлган) тупроқларда, яъни pH ўлчам бирлиги 5,8 ва 7,0 орасидаги тупроқларда яхшироқ ривожланади. pH ўлчами тупроқнинг кислоталик ёки ишқорлилик даражасини ўлчаш учун ишлатилади. Исталган экинни экишдан олдин, шу экин экиладиган тупроқнинг рН ўлчамини аниқлаш тавсия қилинади. Тупроқ таркибида кислоталик даражасининг ўта юқори ёки паст бўлиши дарахтни мевага киришининг кечикиши, яхши ривожланмаслиги ва илдизлари орқали етарлича озиқлана олмаслигига сабаб бўлади, хамда дарахтни зифлашишига олиб келиши мумкин. Тупроқнинг юқори кислоталик pH даражаси мева экилишидан олдин оҳак ёрдамида ёки юқори ишқорлилик даражаси гипс ёрдамида меъёрига келтирилиши мумкин. Тупроқнинг pH кўрсаткичи ва унумдорлик даражасини аниқлаш учун тупроқ анализи натижаларидан фойдаланинг.

Суғоришга бўлган талаблар. Олма меваларининг юқори ҳосилдорлигини ва уларни териб олинишидан олдин ёрилиб кетмаслиги олдини олиш учун улар экилган ердаги тупроқ намлиги, ҳосилдорлик қандай бўлишига қарамай ва мавсум давомида бир маромда ушлаб турилиши лозим. Олма дарахтлари юқори сифатли ҳосил бериши учун етарли даражада суғорилиши талаб қилади.

Ёзги ёмғирлар етарли бўлган об-хаво шароити қуруқ келган йилларда, дарахтлар меваси сифати ва ҳосилдорлигини таъминлаш учун бир мавсумда бир гектар майдонга камида 5 мегалитр сув берилиши мақсадга мувофиқдир.

Олма дарахтлари туз миқдори юқори бўлган сувга таъсирчанлиги сабабли, суғориладиган сув шўрлик даражаси мунтазам назорат қилиниши шарт. Ҳосилдорлик юқори бўлиши учун тупроқнинг электр кондуктивлиги даражаси (шўрлиги) 900 микросименс/см (µS/cm) ўлчамидан пастда ушлаб турилиши лозим.

Ўғитлантириш тартиби. Шохларни ҳар йили буташ ва дарахтларни етарли микдорда озиқлантириш олма дарахтларидан юқори сифатли ҳосил олишнинг иккита асосий омили ҳисобланади. Яхши озиқлантирилган олма дарахтлари озуқани сифатли ва ҳуш таъм мева беришга сафрлайди. Калий ва кальций элементлари олма дарахтлари учун жуда зарур озиқа ҳисобланади, шу сабабдан бу озуқалар ҳар йили уларга етказиб турилиши лозим. Бошқа турдаги ўғитлар эса зарурият ва талабга қараб берилиши тавсия қилинади. 

Олма дарахтларини парваришлаш

Тиним даврида охирида

Калифорния қалқандориси (щитовка), битлар (шира) ва каналар тухумларига қарши дарахтларга ёғли аралашма сепинг.

Қуёш нури дарахт ичига яхши кириши учун ҳар йили ўтган мавсумда ўсган шохларни 15-20%га қисқартириб буталанг. Дарахт ичини сўрувчи шохлардан мунтазам равишда тозаланг.

Дарахтларни касалланган ва синган шохлардан тоза тутинг.

Дарахт гуллаган пайтда

Олмадаги парша ва ун шудринги касалликлари олдини олиш учун дарахт куртаклари яшил ва бинафша ранг босқичларида фунгицидлардан фойдаланинг. Об-ҳаво ёмғирли бўлса ёмғирли мавсум ўтиб кетгунча ҳар 10 кун интервал оралиғида фунгицид сепиб туриш тавсия қилинади. 

Юқори сифатли мева олиш учун тўлиқ гуллашдан 30-69 кун ўтиб олма меваларини ҳар 15смда 1та мевагача қолдириб сийраклаштиринг (тоқаланг).

Мавсум бошидаги биринчи суғоришдан олдин ёки куртаклар 10см ўсганда оқиқлантиришни бошланг. Етилган (тўлиқ ҳосилга кирган) дарахтларни бир мавсумда ҳар бирини  900 грам карбамид билан 6-7 мартага (дозага) бўлиб озиқлантиринг.

Ёзги ўсиш даврида

Ёш кўчатларни ҳар ойда мунтазам равишда озиқлантиринг (апрел-июл ойлари оралиғида). Бир мавсумда ҳар бир кўчатни 200 грам карбамид билан 6-7 мартага (дозага) бўлиб озиқлантиринг.

Гул барглар 80% тўкилгандан ёки тўлиқ гуллашдан 16-17 кун ўтиб олма меваҳўрига (қурти) қарши курашишни бошланг. 

Яшил олма битига (шира) қарши курашинг (агар дарахтларнинг 50% барги буришса ёки уларда битлар кузатилса).

Агар зарари кучли бўлса каналарга қарши курашинг.

Агар ариқ билан суғорилса ҳар 10 кунда бир марта ёки томчилатиб ҳар 2 кунда бир суғоринг.

Куз, мева териш мавсуми

Суғоришда давом этинг.

Мева териб олингандан сўнг дарахтларни озиқлантиринг. Ёзги озуқалаш меъёрида.

Олма паршаси пайдо бўлиши олдини олиш учун, кеч куз тўкилган баргларни боғдан чиқаринг ёки плуглаб тупроқ билан кўмиб ташланг.

Барглар 60-70% тўкилгандан замбуруғ касалликларига қарши дарахтларга 3%ли бордо суюқлиги.

Манба: mevazor.uz
Улашиш: