Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қўйларга укол қилинади, чунки...

22/Noyabr/2024 07:10
  1585

Қўйчилик тармоғини ривожлантириш аҳолини оқсилга бой чорвачилик маҳсулоти – гўшт билан таъминлашда муҳим ўринни эгаллайди. Бундан ташқари, қўйлардан олинган жун маҳсулотидан енгил саноатда кенг фойдаланилади. 

Қўйчиликни ривожлантиришга кўпгина омиллар салбий таъсир кўрсатади. Шулардан асосийлари қўйларни тўйимли ва сифатли озуқалар билан таъминламаслик, шунингдек, ўз вақтида ветеринария тадбирларини ўтказмаслик, ҳар хил юқумли, юқумсиз ва инвазион касалликларнинг олдини олиш ҳамда касалликлар қайд этилган ҳолатларда даволаш тадбирларини олиб бормасликдир. Чорва моллари бош сонини кўпайтириш мақсадида сақланаётган қўйлар асосан она қўйлардан, камроқ бўлса-да, ўстиришга олиб қолинган урғочи қўзилардан иборат бўлади. 

Совлиқлар асосан октябрь-ноябрь ойларида қочирилади ва февралнинг охири март ойларида улардан тул олинади, яъни қўзилатиш мавсуми бўлиб ўтади. Бу вақтда қўйларни сақлаш шароитига эътибор бериш керак, яъни қўзилар учун алоҳида қўзихоналар ташкил қилиниши лозим. Қўйларни эса кунларни иссиқ вақтига қараб айвонларга чиқариш лозим. Бўғоз қўйларни ҳар куни 10-12 км, қўзилаган қўйларни эса 6-8 км масофани босиб ўтадиган жойларга бориб боқиб келиш лозим. 

Қўйларни яйловларга ҳайдашдан олдин, эрталаб албатта, дағал озуқалар (хўжалик шароитига қараб беда, янтоқ, сомон, маккажўхори, ҳар хил ўтлар пичани ва бошқалар) берилиши керак. Чунки эрталаб куннинг ҳароратига қараб совуқ кунлари қиров, илиқ кунларда эса шудринг тушган бўлади. Шунинг учун қиров ёки шудринг кўтарилгандан сўнг қўйларни яйловга ҳайдаб боқиб келиш тавсия этилади. Қўйлар қиров ёки шудринг ҳолатида яйловда боқилса озуқанинг совуқлиги сабабли ошқозон-ичак тизимида модда алмашинуви бузилади. Ҳазм тизимида муҳитни ўзгариши турли касаллик қўзғатувчиларини фаоллашувига олиб келади. Натижада қўйларда касалликлар тарқалади, кўпинча бола ташлаш ҳоллари кузатилади. 

Қўйларни суғориш вақти ҳам тушдан сўнг, яъни куннинг иккинчи ярмида бажарилгани мақсадга мувофиқ. Кучли озуқаларни хўжалик имкон даражасига ҳамда қўйларни семизлик ҳолатига қараб кечки пайт бериш тавсия қилинади. Баҳор ойларида иқлим шароити анча ўзгариб қолади, кунлар исийди ва ўртача ҳарорат 20оС дан ошган вақтлари қўйларни кечаси соат 2-4 вақт оралиғида 2 соат яйловда боқиб келиш фойдали ҳисобланади. Қўйлар соғлигини таъминлаш улардан насл олиш даражасини оширади, яъни туёқ сонини ошишида катта роль ўйнайди. 

Шунинг учун қўйлар сақланаётган хўжаликларда йил давомида, жумладан баҳор фаслида ҳам тегишли ветеринария тадбирлари ўтказиб туриш шарт. Бунинг учун аҳоли пунктидаги ёки хўжаликдаги ветеринария врачи томонидан ўтказиладиган ветеринария тадбирлари режасини тузиб, ўз вақтида профилактика ишларини олиб бориш лозим. Қиш мавсуми тугаб баҳор бошланишида қўйлар кўпинча ориқ бўлади. Шунинг учун аввало барча қўйларни инвазион касалликлардан эктопаразитларга (бит, бурга, кана) қарши таркибида иверектин сақловчи препаратлар билан тери остига укол қилиниши, шу билан бир вақтда ошқозон-ичак, жигар ва ўпкада ривожланадиган гельминтларни келтириб чиқарадиган гельминтоз касалликларига қарши антигельминтиклар билан (2,5 фоизли Альбазен, 10 фоизли Альбендазол, Уз-альбен, Уз-альбендекс) тегишли йўриқномаларга асосан гижжасизлантирилиши шарт. 

Шунингдек, хўжалик шароитларида отарлардаги итларни ҳам гижжасизлантириш, туғилган қўзиларни 2 ойлигида ценуроз касаллигига қарши эмлаш керак. Юқумли касалликлардан оқсил, брадзот, энтеротоксемия, дизентерия, ёмон сифатли шиш, пастереллёз, сальмонеллёз, колибактериоз касалликларига қарши эмлаш тадбирлари режа асосида ўтказилиши қўйлар соғлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. 

С.Мавлонов, Х.Арзиев


Улашиш: