ФАО делегацияси Ўзбекистонга келди
Бугун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида мамлакатимизга ташриф билан келган БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Делегацияга ФАО Бош директори ўринбосари, Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Владимир Рахманин бошчилик қилмоқда.
Ташриф дастурига кўра Бухоро шаҳрида ипакчилик бўйича халқаро конференцияда иштирок этиш, икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказиш режалаштирилган.
ТИВда бўлиб ўтган суҳбат давомида таъкидланганидек, Ўзбекистон ва ФАО ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатлганлигини томонлар юқори баҳолайди. 2014 йил июнь ойида ташкилотнинг Тошкентда ваколатхонаси очилганидан сўнг алоқалар фаоллашгани қайд этилди.
Ҳозирги вақтда ўзбекистонлик ҳамкорлари билан биргаликда ФАО қатор миллий ва минтақавий лойиҳаларни амалга оширмоқда, булар ўсимликшунослик, ўрмончилик, уруғчилик, қурғоқчиликка қарши курашиш, ер деградациясини олдини олиш, чўл биохилма-хиллигини сақлаш ва ундан барқарор фойдаланиш каби йўналишларни қамраб олган.
Музокараларда БМТнинг Саноат тараққиёти бўйича ташкилоти (ЮНИДО) билан биргаликда ипакчилик бўйича лойиҳани тайёрлаш ва амалга оширишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди, шунингдек, ФАОнинг 2018-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон учун тайёрланаётган Ҳадли дастури юзасидан фикр алмашилди.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати