Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қорамолчиликда амалга ошириладиган баҳорги зооветеринария тадбирлари

21/Noyabr/2024 20:49
  1857

Қорамолчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларда моллар бош сонини тўлиқ сақлаб қолиш, маҳсулдорлигини ошириш кўп жиҳатдан йилнинг мавсумлари бўйича биноларнинг зоогигиеник ва санитария талабларига жавоб берадиган тадбирлар ўтказилишига боғлиқдир. Молхоналар ҳавосининг ҳарорати, нисбий намлиги, зарарли газлар (аммиак, кўмир ангидриди, мерконтан) миқдори энг муҳим зоогигиеник шартлар ҳисобланади. Ҳавонинг ҳарорати ўртача 16-200С, нисбий намлик 45-70 фоиз, аммиак гази 10-20 МО/м3 ва микроблар сони бир кубометр ҳавода 40.000 дан ошмаслиги керак. Бу кўрсатгичлар йилнинг барча мавсумларида амал қилиш шарт.

Чорва моллари сақланадиган биноларда мазкур микроиқлим кўрсаткичларидан бирортаси меъёрдан ошса ёки камайса, ҳайвонларнинг физиологик ҳолатига салбий таъсир этади, маҳсулдорлиги пасаяди ва турли касалликларга чалинишига сабаб бўлади.

Шунинг учун молларни тўйимли озиқлантириш билан бирга уларга санитария ва гигиена талабларига биноан микроиқлим яратиб бериш зарур. Молхоналардаги гўнглар узлуксиз тозаланиши ва дезинфекция қилиниши керак, молларни ҳар куни камида икки соат сайрга чиқариш керак. Бунинг учун молхона ёнида бостирмалар қуриш мақсадга мувофиқ. Юқумли касалликлар ва ҳашаротларга қарши кураш тадбири сифатида молхона атрофини доимо тоза сақлаб, гўнгини вақтида йиғиштириб олиш, ҳашаротларга қарши дезинфекцияловчи эритмалар билан ишлов бериб туриш тавсия этилади.

Бунда 0,1% неацидол, 3% креолин ва 25%ли циперметрин препаратларининг эритмаларини қўллаш яхши натижа беради. Бундан ташқари, янги эритилган оҳак жуда кучли дезинфикциялаш хусусиятига эга. Шунинг учун баҳор келиши билан молхона деворларига ойига 1 марта оҳак билан ишлов берилса, молхонанинг санитария ҳолати ва ҳаво тозалигини яхши сақлаб туради, натижада турли касалликлар олди олинади.

Март-апрель ойларидан кечиктирмасдан бузоқларни пастереллёз касаллигига қарши эмлаш зарур. Чунки май ойида ҳавонинг исиши билан қишда совуқдан ўпкасини олдирган бузоқлар касалланади. Бунинг олдини олиш учун мазкур вакцина билан эмлаш зарур. (Бунда пастереллёз касаллиги бирламчи инфекция ҳолатида организмда сақланади, шунда организмнинг, яъни бузоқлар организмининг эрта баҳорда нимдон бўлиши унинг иммун фаоллигини сусайиши натижасида бирламчи инфекция иккиламчи инфекция ҳолатига ўтиб касалликни келтириб чиқаради).

Юқумли ва юқумсиз касалликларни келтириб чиқарувчи асосий омилларга қўйидагилар киради:

- молларни зах, ифлос ва совуқ биноларда сақланиши;

- кимёвий омиллар – молхонада турли заҳарли газлар: карбонат ангидрид, аммиак олтингугурт оксидлари ҳосил бўлиши;

- ҳайвонларни сайрга чиқарилмаслиги;

- тартибсиз озиқлантириш, рационда етарли озиқ моддалар, витамин ва  микроэлементлар бўлмаслиги.

Манба: navagro.uz

Улашиш: