Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Кўчатзорларда ўсимликларни касалликлардан ҳимоя қилиш тизими

21/Noyabr/2024 20:19
  1153

Мевали, ёнғоқ мевали ва бошқа дарахт ҳамда буталарнинг кўчатлари ва ниҳолларининг касалликлари билан кураш чоралари кўчатзор барпо этиш учун ер танлаш, уруғларни йиғиш, қаламчаларни тайёрлаш ишларидан бошланади. Кўчатзорларни кейинги 15-20 йил орасида мевали дарахтлар ва 3-5 йил ичида картошка, маккажўхори ва сабзавот экинлари бўлган жойларда барпо этиш мумкин эмас. Уларни мавжуд бўлган боғ ва токзорлардан камида 250-300 м узоқликда, офтоб нурлари яхши тушадиган ва шамол яхши юрадиган жойларда барпо этиш лозим. Нордон тупроқларни оҳаклаш керак (1,2-4 т/га). Кўчатзор учун танланган майдоннинг 0,3 фоизида узунлиги 1 м келадиган синов майдончалари ажратиб, уларда кўчат етиштириб, касалликлар учрашини олдиндан текшириб олиш мақсадга мувофиқ.

Уруғ олиш ва қаламча тайёрлаш учун мўлжалланган боғлардаги дарахтларни зарарли ҳашаротлар ва касалликлардан мунтазам равишда ҳимоя қилиш, йилига икки марта фитосанитар назорат ўтказиш ва профилактика ишларини ўтказиб туриш; уруғларни ўз вақтида йиғиш, тупроқ устида кўп қолиб кетмаслигини таъминлаш ва тўғри сақлаш; уруғларнинг бир гуруҳи билан ишлар тугагач, барча идиш (тара) ва иш қуролларини формалиннинг 3%-ли эритмаси ёки бошқа бирор фунгицид билан зарарсизлантириш; уруғ сақланадиган омборларни олтингугурт (30 г/м3) тутатиб зарарсизлантириш; сақлаш даврида ҳарорат 0оС...+4оС ва намлик 65-70% орасида бўлишини таъминлаш; вақти-вақти билан омборни шамоллатиб ва уруғларни ағдариб туриш; моғор пайдо бўлса, уруғларни соданинг 3%-ли эритмасида ювиш, қуритиш, омборни яхшилаб шамоллатиш тавсия қилинади. Омборхонага қўйишдан олдин барча уруғлардан намуна олиб, уларда Fusarium, Alternaria, Botrytis турлари билан зарарланиш мавжудлигини фитопатологик таҳлил ёрдамида аниқлаш ва албатта бирорта тавсия қилинган фунгицид билан дорилаш лозим.

Ниҳолларни кўчириб экиш учун қазиб олиш пайтида уларни диққат билан текшириш, саралаш, касалланганлари ва заиф, ностандартларини йўқотиш лозим.

Агротехник чора-тадбирлар. Экишдан олдин тупроқни зарарсизлантириш, алмашлаб экишни йўлга қўйиш, уруғларни дорилаш, паст ҳароратда қум ёки торфда муайян вақт давомида сақлаш (стратификация қилиш), микроэлементлар эритмаси билан ишлов бериш, кўчатлар илдизларини ва илдиз бўғзини кўчириб экиш пайтида фунгицид эритмасига ботириб, зарарсизлантириш, тавсия қилинган муддатларда ва чуқурликка экиш, кўчатлар тагига зарарсизлантирилган мульча (торф ва ёғоч қириндиси 3:7 нисбатда) ва оҳак (100 кг мульчага 5-6 кг) солиш, лозим бўлганда ёш ниҳолларни тўғри тушадиган қуёш нурларидан асраш (соя қилиш), баланси сақланган органик ва минерал ўғит солиш, кўчатлар ораларини кузда ва баҳорда шудгор қилиш ва бошқалар тавсия қилинади.

Кимёвий кураш чора-тадбирлари. Ҳар йили кўчат етиштириладиган, полиэтилен пардали иссиқхоналар тупроғида инфекция йилдан йилга кўпаяди. Бунинг олдини олиш учун кўчатхона тупроғини алмаштириш яхши натижа беради, бошқа усул – кўчатхона тупроғининг устки 10 см лик қатламига 50-80 г/м2 меъёрида ТМТД солиш, тупроқ билан яхшилаб аралаштиришдир (культивация, бороналаш). Бу мақсадда тупроққа  KMnO4 (0,5%-ли эритма) ҳам солиш мумкин.

Уруғ ва кўчат экишдан 3-4 ҳафта олдин кўчатхона тупроғига карбатион (ванам) нинг препарат бўйича 2-3%-ли сувли эритмасини солиш тавсия қилинади (150 мл препарат 10 л сувда эритилади ва 1 м2 майдонга солинади, ер дарҳол ҳайдалади, 10 кундан кейин яна 1 марта шудгор қилинади; ишлов пайтида тупроқ ҳарорати 10оС дан паст ва 26оС дан юқори бўлмаслиги лозим); тупроқни калий перманганатнинг 0,5%-ли сувли эритмаси билан, 10-12 л/м2 меъёрида суғориб ҳам кўчатхона тупроғини зарарсизлантириш мумкин.

Уруғларни қуруқ усулда зарарсизлантириш учун Фундазол 50% н.кук. (1 кг уруққа 4-6 г), Топсин-М 70% н.кук. (1 кг уруққа 5-10 г), ТМТД 80% н.кук. (1 кг уруққа 5 г) ва бошқаларни ишлатиш мумкин. Нам зарарсизлантиришда уруғлар KMnO4 (0,5%) ёки формалин (0,15%) эритмасисига 2 соатга солиб қўйилади. Аммо бу препаратларнинг биринчиси кам самарали, иккинчиси эса одамлар учун жуда заҳарли эканлигини эсда тутиш лозим. Шу сабабдан ҳозирги вақтда бошқа экинларда (буғдой ва б.) кенг қўлланилаётган замонавий фунгицидларни синаш ва улардан самаралиларини танлаб олиб, мевали дарахтлар уруғларини зарарсизлантиришда қўллаш тавсия қилинади. Қўзғатувчиларда чидамлилик пайдо бўлмаслиги учун фунгицидларни алмаштириб туриш лозим.

Кўчатлар ётиб қолиши кузатилганда, касаллик ўчоқларига ва атрофидаги кенглиги 0,5 м келадиган доирага беномил, ТМТД (0,4%-суспензия) ёки KMnO4 (0,5%, 8-12 л/м2) билан, дори ўсимликлар илдизига етиб борадиган қилиб, суғориш лозим. Кўчатхонадаги бошқа ўсимликларни ҳам KMnO4 (0,5%, 5-8 л/м2) билан суғориш керак. Ярим соатдан кейин кўчатларни ўша миқдорлардаги сув билан суғориш лозим. Агар ишловдан кейин икки ҳафта ўтганида кўчатлар ётиб қолиши ўтиб кетмаса, ишловни такрорлаш керак.

Физико-механик чора-тадбирлар. Кўчатхоналардаги ўсимликларни касалликлар учрашига мунтазам назорат қилиб туриш, касаллик билан зарарланган, қуриган ва қуриётган ниҳолларни дарҳол қазиб олиб, қуриган шохлар ва новдалар билан бирга, кўчатхонадан ташқарида ёқиб юбориш ёки кўмиб ташлаш, кузда тўкилган баргларни тўплаб кўмиб ташлаш лозим.

Манба:

Б. А. Ҳасанов, Р. О. Очилов, Р. А. Гулмуродов (2010). Мевали ва ёнғоқ мевали дарахтлар, цитрус, резавор мевали буталар ҳамда ток касалликлари ва уларга қарши кураш. Тошкент.

Улашиш: