Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Деҳқончилик фазилати

18/Aprel/2024 12:51
  1266

Динимизда деҳқончилик, ерни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор берилган. Деҳқончилик улуғ, фазилатли амалдир. Кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Бу эса деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳнинг остида эканига ва Аллоҳ таоло уларга кўмакчилигига далолат қилади. Зеро, деҳқончилик улуғ ибодатлардан саналади. Чунки деҳқончиликка назар солинса, бу касб инсоннинг қалбини Аллоҳ таолонинг тоатига яқин қилади. Деҳқон одам уруғни экади. Осмондан ёмғир ёғишини Аллоҳ таолодан сўрайди. Сўнг, ўша эккан уруғидан ўсимлик униб чиқишидаги Аллоҳ таолонинг қудратига гувоҳ бўлиб туради.

Бу билан деҳқонда икки сифат – Аллоҳга иймон ва таваккал жамланган бўлади. Чунки, деҳқончиликда, бошқа касблардан кўра таваккал кўпроқ бўлади. Ерга уруғ экилди, энди қолгани Аллоҳдан, деҳқон одам шунга таваккал қилади. Қалби Аллоҳ таолога доим боғланиб туради.Шунинг учун ҳам баъзи уламоларимиз деҳқончиликни энг афзал касб деганлар.

Ер юзида экин экиш, деҳқончилик қилиш ризқ топишнинг энг яхши воситадир. Инсон ҳалол ризқ талабида касб қилиши, унинг азизлигини зиёда қилади.

Молик ибн Динор раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

قرأت في التوراة : طوبى لمن أكل من ثمرة يديه

Тавротда: ”Қўл меҳнати меваларидан ейдиган кимсага тубо бўлсин”, дейилганини ўқидим деганлар. Тубо дегани жаннат исмларидан бири ёки жаннатдаги бир дарахт ёки хурсандчилик, кўз қувончи дейилган. Тавротда қўл меҳнати орқали ризқ талаб қилган бандага ана ўша тубо ваъда қилинган экан.

Аллома Мовардий р.а. айтадиларки: “Инсоннинг тирикчилиги уч нарсага боғланган бўлади: деҳқончилик, тижорат ва ҳунармандчилик. Менинг наздимда деҳқончилик энг покизаси ва энг афзалидир”.

Чунки деҳқончиликда Аллоҳ таолога таваккал қилиш кўпроқ бўлади ва ер юзидаги инсонлар ва бошқа жонзотлар ризқига сабаб бўлиш бўлади. Шу сабабдан энг афзал касб ҳисобланади. Бундан ташқари ер юзида кўкариб турган дарахтлар борки, Аллоҳ таолога сажда қилади, ўз холи, тили билан тасбеҳ айтади. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бу ҳақида бундай марҳамат қилади:

“Ўт ўлан ҳам, дарахтлар ҳам сажда қилурлар” (Ар Раҳмон, 6 оят).

Ким кўчат, дарахт экса, ер юзида Аллоҳ таолога сажда қиладиган дарахт сонини кўпайишига сабаб бўлган бўлади.

Динимизда дарахт экишнинг фазилатларидан бири шуки, дунёда солиҳ амаллар қилган мўъмин бандага жаннатда унинг учун мукофот тарзида дарахт экилишидир.

عن جابر بن عبد الله رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : « من قال سبحان الله العظيم وبحمده ، غرست له نخلة في الجنة » ، وفي رواية » شجرة «

“Жобир р.а.дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки “Субҳаналлоҳил аъзим ва биҳамдиҳи” деса, жаннатда у учун хурмо (бир ривоятда дарахт) экилади”.

Дарахт экиш жуда улуғ ишки, нафақат дунёда балки жаннатда ҳам экилади ва бу банданинг солиҳ амалига жаннатда мукофот тарзида берилади.

Ҳар бир уммат қиёмат кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан умид қилади. Уммат борки, бу унинг орзусидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан қиёмат кунида умматларини шафоат қилишликни сўраганлар ва Аллоҳ таоло у зотга шафоат изнини қиёматда беради. Кимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шафоат қилсалар, у албатта жаннатга киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз шафоатларига оладиган кимсаларининг ададини ҳам Аллоҳ таолодан сўраганлар, бу ҳақида:

قَالَ بُرَيْدَةُ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: إِنِّى لأَرْجُو أَنْ أَشْفَعَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ عَدَدَ مَا عَلَى الأَرْضِ مِنْ شَجَرَةٍ

Бурайда р.а. айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим”, дедилар: “Албатта мен қиёмат кунида шафоат қилмоқлигим ер юзидаги дарахтлар ададича бўлишлигини умид қиламан”.

Бу дегани ер юзида қанча дарахт кўп бўлса, қиёмат кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари ҳам шунча кўп бўлади.

Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло тарафидан изн берилган шафоатнинг адади ер юзидаги дарахтлар ададича экан, умматман деган кимса, албатта, бирор кўчат, дарахт экмаслиги мумкин эмас.

Ерда кўчат экиш, экин экиш шу даражада фазилатлики, кимга қарашли бўш ери бўлса, албатта унга бирор нарса экиши талаб қилинади.

عن جابر ان رسول اللّه (ص) قال : من كانت له أرض فليزرعها أو ليمحنها أخاه

Саҳоба Хузайма ибн Собитнинг бўш ерлари бор эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг ёнларига келиб: “Эй Хузайма! Мана бу ерингизга кўчат экиб қўйинг”, дедилар. Шунда отам: “Мен кексайиб қолдим, умрим ҳам оз қолди”, дедилар. Шунда, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Йўқ, ундай қилманг, бўш турган бу ерингизга, албатта, кўчат экинг деб, ўзлари бирга ўша ерга кўчат экдилар”.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бўш турган ерни кўриб, кўчат экишга буюрибгина қолмай балки ўзлари ҳам кўчат экишда иштирок этганлар.

Динимизда экин, кўчат экиш, деҳқончилик билан шуғулланишнинг ҳукми фарзи кифоядир. Баъзилар адо қилсалар, қолган инсонлардан соқит бўлади. Агар ҳеч ким қилмаса, барча одамлар бирдек гуноҳкор бўладилар. Ер юзида экин, кўчат экиш, деҳқончилик қилишнинг фарзи кифоя бўлиши инсонлар ва бошқа мавжудотларнинг ризқи унга боғлиқ бўлганлиги учундир.

Ер юзида илк бор қилинган меҳнат ҳам айнан деҳқончилик бўлган. Хабарларда келадики, Одам алайҳиссалом жаннатдан ер юзига туширилганида, Жаброил алайҳиссалом буғдой олиб келиб, ерга экишга буюради. Одам алайҳиссалом буғдойни ерга эккан, суғорган ва ҳосилни йиғиштириб олганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

من خير أعمالكم الحرث والغنم، وهو من عمل الأنبياء، وصاحب الحرث يؤجر في كل ما أصيب منه بعمله

Яъни: “Сизларнинг касбларингизнинг энг яхшиси ер ҳайдаш (деҳқончилик) ва қўй боқишдир. У пайғамбарларнинг амалидандир. Ер ҳайдовчи деҳқон ўзининг амали туфайли етган ҳар бир нарса учун ажр олади”, дедилар.

Яна бошқа ҳадиси шарифда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

لما خلق الله المعيشة جعل البركات في الحرث والغنم

Яъни: “Аллоҳ таоло маишат тирикликни яратганида, бутун баракани ер ҳайдаш ва қўй боқишда қилди”, деганлар.

Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«تصدقوا ولا تحقروا »

“Садақа қилинглар ва паст санаманглар”, дедилар.

قالوا : على من يا رسول الله ؟

Саҳобалар: “Кимларга садақа қилайлик, Эй Аллоҳнинг Расули!”, дейишди.

قال : « على الناس : الأسير ، والمسكين ، والفقير »

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга, асирга, мискинга ва фақирга садақа қилинглар!” дедилар.

قالوا : فأي أموالنا أفضل

Саҳобалар: “Мол-мулкларимизнинг қайси бири энг афзали?” дедилар.

قال : « الحرث والغنم »

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ер ҳайдаш яъни (деҳқончилик) ва қўй боқиш”, дедилар.

Аллоҳ таоло инсон тириклигини ҳалол ризқ топиш йўлидаги сайъ-ҳаракатларига боғлади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини кўчат экишга, деҳқончилик қилишга тарғиб қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида:

» أُطْلُبُوا الرِزْقَ في خَبَايا الأَرْضِ» (رواه الطبراني)

яъни: “Ерда экин-текин қилиб ризқ-рўзингизни талаб қилингиз”, деганлар.

Саҳиҳайнда ривоят қилинган ҳадисда эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

» مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَغْرِسُ غَرْساً اَوْ يَزْرَعُ زَرْعاً فَيَأْكُلُ مِنْهُ طَيْرٌ اَوْ اِنْسَانٌ اِلاَّ كَانَ لَهُ بِهِ صَدَقَةٌ » (رواه البخاري و مسلم)

яъни: “Бирон-бир мусулмон кишиси бир дарахт ўтқазса, ёки бир нарса экса, бас ундан қуш ёки инсон тановул этиб, манфаатланса, шу сабабдан унга садақа қилганлик савоби бўлади”, деганлар.

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу тарғибларига гўзал амал қилганлар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу Дамашқ кўчаларининг бирида кўчат экаётган эдилар. Бир киши ўтиб қолиб, у кишига:

أتفعل هذا وأنت صاحب رسول الله صلى الله عليه وسلم؟

 “Нега бу ишни қиляпсиз, ахир сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда Абу Дардо розияллоҳу анҳу:

لا تعجل علي سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول: » من غرس

غرساً لم يأكل منه آدمي ولا خلق من خلق الله عزوجل إلا كان له صدقة «

 “Сен шошма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким бир кўчат экса, ундан бирор одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деб айтганларини эшитганман”, дебдилар (Аҳмад ривояти).

Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

سَبْعٌ يَجْرِي لِلْعَبْدِ أَجْرَهُنَّ وَهُوَ في قَبْرِهِ بَعْدَ مَوْتِهِ مَنْ عَلَّمَ عِلْماً أَوْ أَجْرَى نَهْراً أوْ حَفَرَ بِئْراً أوْ غَرَسَ نَخْلاً أَوْ بَنَى مَسْجِداً أَوْ وَرَّثَ مُصْحَفاً أَوْ تَرَكَ وَلَداً يَسْتَغْفِرُ لَهُ بَعْدَ مَوْتِهِ

Яъни: “Етти нарса борки, уларнинг ажри банда вафотидан кейин қабрида ҳолида унга бориб туради. Ким илм ўргатган бўлса, ёки дарё оқизган бўлса, ёки қудуқ қазитган бўлса, ёки хурмо дарахти эккан бўлса, ёки масжид қурган бўлса, ёки мусҳафни мерос қолдирган бўлса, ёки вафотидан кейин ҳаққига истиғфор айтадиган фарзанд қолдирган бўлса”, дедилар. Мана шу етти нарсанинг ичида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўчат эккан инсон дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришини таъкидладилар. Гарчи ўша дарахт вақт ўтиб ўзга одамнинг мулкига айланса ҳам, эккан одамнинг ҳаққига савоб ёзилиб турилади”.

Мўътазид раҳматуллоҳи алайҳдан ҳикоя қилинади. У киши айтадилар:

رَأَيْتُ عَلِيَّ بْنَ أَبِي طَالِبٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ فِي الْمَنَامِ يُنَاوِلُنِي الْمِسْحَاةَ وَقَالَ : خُذْهَا فَإِنَّهَا مَفَاتِيحُ خَزَائِنِ الْأَرْضِ .

 “Мен тушимда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни кўрдим, менга омочни узатиб туриб: “Буни ол, чунки, у ер хазиналарининг калитларидир”, дедилар”, деганлар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Мўътазид раҳматуллоҳи алайҳнинг тушларида деҳқончилик баракали касб эканлигига ишора қилганлар.

Динимиз кўрсатмасига асосан, деҳқончилик учун керакли бўлган асбоб ускуналарни бировлардан фойдаланишлар учун қизғаниб уйига олиб кириб қўйишликнинг оқибати, хорлик аломати деб қаралади. Чунки баъзида шундай ҳолатнинг гувоҳи бўламиз.

Абу Умома ал Боҳилий р.а. ишлатилмасдан ётган омоч ёки бошқа бир деҳқончилик асбобини кўрсалар шундай дер эканлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу (нарсани, унга ўзгалар муҳтож бўлиб турган бир маҳалда) уйига олиб кириб қўйса, албатта (ўша қавмнинг) уйига хорлик киради”, деб айтганлар”.

Шунинг учун деҳқончилик асбоб ускуналарини, у омочми, кетмонми, белкуракми ўзи ишлатмаса, ўзгалар сўраб келганда улардан қизғанмай бериш, фазилат ҳисобланади ва уйидан хорлик кўтарилишига сабаб бўлади. Қайтага асбоб, иш қуроли ишлаб турса зангламай ўткир бўлиб туради. Аллоҳ таоло ҳам Қуръони Каримнинг “Маъун” сурасида: “Ва рўзғор буюмларини (кишилардан) маън этадиганларга вайл бўлсин”, деган.

Деҳқончилик қилиш, экин экишнинг яна бир фазилатларидан бири, деҳқон ҳаққига ҳатто Аллоҳ таолонинг мукаррам бандалари — фаришталар ҳам истиғфор айтиб туришади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида шундай деганлар:

{ إنَّ الْمَلَائِكَةَ تَسْتَغْفِرُ لِلزَّارِعِ أَوْ لِلْغَارِسِ مَا دَامَ زَرْعُهُ أَخْضَرَ }

 “Албатта, фаришталар, экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, модомики, эккан нарсаси кўкариб тураркан, истиғфор айтиб туришади”, деганлар.

Фаришталар кимнинг ҳаққига истиғфор айтсалар, албатта, Аллоҳ таоло ўша банданинг гуноҳларини мағфират қилади. Экин экувчи, кўчат экувчи деҳқон ҳаққига фаришталарнинг истиғфор айтишлари сабабли Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини мағфират қилади.

Деҳқон кун қизиган пайт далада ҳалол ризқ талабида ишлаб баданидан оққан терлари билан бирга гуноҳлари ҳам тўкилади. Даладан келиб, чарчаб ухласа уйқуси ибодатга айланади. Агар шу чарчаб ухлаган ҳолида вафот этса шаҳид кетади.

Динимизда деҳқонни, кўчат экувчини даражаси юксакларга кўтарилган. Дунё ва охиратда улуғ даражалар ваъда қилинган. Язид ибн Ҳорундан ривоят қилинади, у киши айтадилар: Абу Абдуллоҳ шундай деганларини эшитдим:

الزارعون كنوز الأنام ، يزرعون طيباً أخرجه اللّه عز وجل ، وهم أحسن الناس مقاماً ، وأقربهم منزلة ، يدعون المباركين

 “Бундан кўра юксак даража бўлиши мумкинми? Деҳқонлар, кўчат, экин экувчилар барча халойиқнинг хазинаси бўлсалар, Аллоҳ таолонинг ҳузурида энг яқин бандалар қаторида бўлсалар, уларни деҳқонлар деб эмас, эй баракали зотлар деб қиёмат куни чақирилсалар, бундан эксак даража бўлиши мумкинми?”

Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини кўчат, экин экишга шу даражада тарғиб қилдиларки, ҳатто, қиёмат қоим бўлиш арафасида бўлсаям, имкон қилолса кўчатни экиб қолишга буюрдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

إِنْ قَامَتْ السَّاعَةُ وَبِيَدِ أَحَدِكُمْ فَسِيلَةٌ فَإِنْ اسْتَطَاعَ أَنْ لَا يَقُومَ حَتَّى يَغْرِسَهَا فَلْيَفْعَلْ

Яъни: “Агар қиёмат қоим бўлишни бошласаю, бирингизнинг қўлида ниҳол кўчат бўлса, қиёмат қоим бўлишдан олдин уни экишга қурби етса, бас, шундоқ қилсин”, деганлар.

“Мўйи Муборак” “Уккоша” жомеъ масжиди имом-хатиби Илҳомжон Мадалиев томонидан манбалар асосида тайёрланди.


Улашиш: