Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Заъфарон етиштиришнинг уддасидан чиқсангиз, тувагингиз олтиндан бўлади!

21/Dekabr/2024 04:56
  1923

Шафран ёхуд заъфарон жуда қадимдан буён инсонлар томонидан фойдаланилиб келаётган доривор ўсимликлардан бири. Бу ўсимликнинг ватани Кичик Осиё, Яқин Шарқ ва Ҳиндистон ҳисобланади. У Шумер цивилизацияси даврида ҳам мавжуд бўлган. Қадимги Крит давлатидаги сарой деворларида шафран тераётган одамлар тасвири чизилган. Эрамизгача бўлган даврдаги Хитой тиббий китобларида, 1500 йил олдинги Миср ёзувларида ҳам шафраннинг доривор хусусиятлари ёзиб қолдирилган. Бобур ўзининг “Бобурнома”сида Кашмир тоғ ва адирларида заъфарон ўсишини таъкидлаган. Ботаникада экма заъфарон (шафран, крокус) (Crocus sativus L.) – кўп йиллик туганак пиёзли ўсимлик бўлиб, касатиклар оиласига мансуб. Бир жойда 5–7 йилгача яхши ҳосил беради. Шафран сўзи арабча “за-фран” сўзидан келиб чиққан бўлиб, заъфарон, сап-сариқ, сарғиш деган маънони англатади. Бугунги кунда шафран ўсимлиги Франция, Италия, Туркия, Эрон, Ҳиндистон, Хитой, Покистон, Испания, Япония, Озарбойжон, Россия ва бошқа мамлакатлар ҳудудларида кенг тарқалган. У жуда қимматбаҳо ўсимлик бўлиб, бир грамм заъфароннинг нархи бир грамм олтин баҳоси билан тенг.

Европага бу ўсимлик араблар истилосидан кейин кириб келган. Озиқ-овқатга зиравор сифатида ишлатиб келинган. У жуда ёқимли ҳид ва хушбўйлик беради. Кўплаб овқатларга таъм бериш учун солинади. Улуғ алломамиз ибн Сино заъфаронни кўпгина касалликларга қарши қўллагани маълум.

Бундан ташқари, заъфарон асабийлашишда, юрак-қон томирлари, нафас йўллари касалликларида, сийдик ҳайдаш ва репродуктив органлар муаммоларида, иммунитетни ҳамда кўз кўришини яхшилашда, оғриқларни қолдиришда жуда фойдалидир. Шунингдек, мия фаолиятини фаоллаштиришда, рак касалининг олдини олишда ва инсонлардаги мутагенликни оширишда кенг қўлланилади.

Ушбу ўсимликнинг бир қанча ўхшаш турлари бўлиб, кўпинча бошқа турларни ҳам, масалан, Озарбойжонда имеритинский шафранни, Мексикада махсар гулларини, Ҳиндистонда куркумани заъфарон деб сотишади. Бизнинг бозорларимизда ҳам махсар гулларини заъфарон деб сотиш ҳоллари учраб туради. Бу ўсимликлар заъфарон билан бир оилага мансуб, аммо улар заъфарон эмас. Юртимизда заъфароннинг бир неча турлари эндем ҳолида учрайди, аммо уларни ўрганиш лозим.

Маълумотларга қараганда, дунёда етиштирилаётган заъфарон маҳсулоти миқдори жуда кам бўлиб, бор-йўғи 300 тоннани ташкил этади. Унинг 175 тоннаси Эронда етиштирилиб, 120 тоннаси экспорт қилинади.

Хўш, бу ўсимликни қандай етиштириш мумкин? Уни мамлакатимизда ўстириб бўладими? Шафран иссиқлик ва ёруғликни севади, у экилган тупроқ сувни яхши ўтказади. Заъфарон биологик хусусиятига кўра, тупроқда нам бўлган пайтларда ўсиб-ривожланади. Ёз келиши билан вегетациясини тўхтатади, экилган жойда намлик миқдори юқори бўлса, илдиз пиёзлари чириб кетади. Шунинг учун ёз пайтлари қуруқ тупроқда яхши сақланади. Унинг бир йилда икки марта гуллаши учун ўзига хос ҳаво ҳарорати зарур. Кузда гуллаши учун ҳавонинг иссиқлиги 12оС бўлиши ва навларини тўғри танлаш лозим. Кўпчилик ҳолларда эрта баҳорда яхши гуллайди, бошқа ўсимликлардан фарқи бирданига барг ва гулининг ғунчаларини ҳосил қилишдададир. Бўйи паст бўлиб, 10–12 см. ни ташкил этади. Заъфароннинг очилган гули ўртасида уч дона оталик чангчилари бўлади, ана шу чангчилар териб олинади.

Бир килограмм заъфарон териш учун камида 200 минг ўсимликнинг гулидан оталик чангчилар йиғиб олинади. Заъфарон ўсимлиги бор йўғи 3 кун давомида гуллаб туради. Мана шу муддатда гуллардан уч дона чангчиларни териб олиш лозим. Бир пиёздан битта ёки учта катта гул ҳосил бўлади. Улар оч бинафша, тўқ бинафша, баъзан эса оч сариқ ёки тўқ сариқ рангда бўлади. Гуллари қўнғироқсимон бўлиб, олтита гул барги бор, уч дона оталиги кўриниб туради. Ана шулар териб олиниб, қуритилади ва сотилади ёки фойдаланилади. Оналиги чангланиб улгурган бўлса, қўнғироқча ичида уруғлари ҳосил бўлади.

Пиёзлар ёз пайтида экиб қўйилса, кузгача илдизлари жойлашиб олади, йирик туганаклари 8–10 см, майдалари 4–5 см чуқурликка экилади. Экишдан олдин жўякларга 1 м2 майдонга бир пақир чириган гўнг солинади. Заъфарон пиёзлари бир жойда 4–5 йил туради, кейин уни қазиб олиб, яхшилаб қуритиб, калий перманганат эритмасига ботириб олгач катта-кичиклигига қараб қуритиб сақланади. Пиёзчалари ўсиб турган даврда кўпроқ болалаши учун кичик пиёзларни экиш мақсадга мувофиқдир. Унинг ҳосили бор-йўғи бир ҳафта давомида териб олинади. Ҳосилдорлиги ўта яхши агротехник ишлов берилганда бир гектардан 20 кг. ни ташкил этади. Одатдаги ҳосили эса 5–8 килограммга тенг. 1 кг гули 2500 дан 5000 АҚШ долларигача сотилади.

Испаниялик фермерлар шафрандан олган даромадига бир йил давомида бемалол яшашади. Интернет маълумотларига кўра, ҳозирги кунда заъфаронга талаб жуда катта, лекин маҳсулот кам. Бизнинг ҳудудларимизда бу ўсимликни экиб, ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Тахминларга кўра, тажриба яхши натижа бериши лозим. Чунки бизнинг тоғ олди ҳудудларимиз, текис чўлларимизда заъфаронни экишга қулай шароит бор. Бу ўсимликнинг биологияси ва етиштириш агротехникасини яхши ўрганиб, Эрондан пиёзларини олиб келиб, билимдон, тадбиркор фермерларни ушбу ишга жалб этсак, мамлакатимизда яна бир даромадли соҳага асос солинади.

 Д.Ёрматова 

Улашиш: