Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Иссиқхона тупроғини зарарсизлантириш

22/Dekabr/2024 10:18
  1220

Иссиқхоналар тупроқларидан сурункали фойдаланганда уларни соғломлаштириш, ҳар йили зарарсизлантириш (дезинфекция) ва ювиш ҳисобига ўтказилади. Замонавий иссиқхоналарда кимёвий ёки термик (пар, қизиган қуруқ ҳаво, электр ёрдамида) зарарсизлантириш усуллари қўлланилади. Пар ёрдамида зарарсизлантириш энг самаралидир.

Ўзбекистонда ёз фаслида қуёш нури билан қиздириб иссиқхоналар зарарлантирилади. Бунинг учун тупроқ юмшатилиб (чопилиб), иншоот зарарсизлантирувчи моддалар билан ишланиб 2-3 ҳафтага тўлиқ ёпиб қўйилади, бу даврда нур ўтказадиган қопламалари чанг ва бошқалардан тозаланган бўлиши керак. Уни ёз фаслининг июл ойида иссиқхоналар экинлардан бўшаган даврда ўтказилади. Бунда тупроқнинг ҳайдалма қатламидаги ҳарорат 70°С гача кўтарилади.

Тупроқ қиздирилиб ёки пар ёрдамида зарарсизлантирилганидан сўнг уни таркибидаги тузларнинг умумий концентрацияси ювиб камайтирилади. Ювиш 5-8 соат оралатиб 3-5 марта ўтқазилади ва ҳар м2 200-400 л сув сарфланади.

Ювишдан ташқари иссиқхона тупроғига 2-2,5 м чуқурликка горизонтал жойлаштирилган айланма зовурлардан тузларнинг сингиб ўтиши олдини олиш чора тадбирлари ҳам назарда тутилиши керак.

Иссиқхонани зарарсизлантиришга оид қўшимча маълумотлар билан "Экинларни касалликлардан ҳимоя қилиш: иссиқхона ичи ва иш анжомларини зарарсизлантириш"  номли мақоламиздан танишиб чиқишингиз мумкин.

Манба:

Зуев В., Атаходжаев А., Қодирхўжаев О. (2007). Ҳимояланган ерларда кўчат ва сабзавотларни етиштириш. Тошкент.

Улашиш: