Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Кичик ҳажмли плёнкали қопламалар ва улар ичидаги микроиқлимининг хусусиятлари

21/Dekabr/2024 10:27
  1182

Микроиқлим деганда ёруғлик, тупроқ ва ҳаво ҳарорати, тупроқ ва ҳаво намлиги мажмуалари метеорологик омиллари тушунилади.

Кичик ҳажмли плёнкали қурилмалар микроиқлими қуёш радиациясининг жадаллиги, булутли кунлар бўлиши ва ташқи муҳит ҳароратининг мавжуд бўлиши билан белгиланади. Ҳароратни кескин ўзгариши, ҳаво намлигини юқори бўлиши, ташқи муҳит ҳавоси ҳароратини офтобли кунларда меъёридан ортиқ қизиб кетиши, ўсимликларни ташқи шароит совуқларидан ҳимоя қилинишини у даражада ишончли бўлмаслиги унга хос хусусиятдир. Шунга қарамасдан, кичик ҳажмли плёнкали иншоотлар микроиқлими хусусиятлари тутган ўрнини аниқлашга сабаб бўлади.

Ёритилганлик. Ёруғлик нурининг маълум бир қисмини плёнка ушлаб қолишлиги сабабли иншоот ичида ёруғлик, очиқ майдондагига нисбатан 15-30% кам бўлади.

Плёнкали қурилмаларнинг ёритилганлиги фойдаланилган плёнка турига боғлиқ. Плёнканинг поливинилхлорид ва сополимер этиленвинилацетат турлари ёруғликни энг кўп ўтказадиган ҳисобланади. Иссиқликни сақлайдиган полиэтилен плёнкаси қуёш нурларини камроқ ўтказади. Аммо, Ўзбекистон шароитида феврал ва март ойларида ёритишнинг жадаллиги кичик ҳажмли плёнкалар қурилмалар остида сабзавот ва полиз экинларини етиштириш учун чегараловчи омил ҳисобланмайди.

Плёнкали қурилмаларда ёритилганликни яхшилаш мумкин. Ёритиш жадаллигини ошишига ёпқичларни ёпиш шакли (усули) ва қурилмаларни ёруғлик тушадиган томонга нисбатан мослаб жойлаштириш маълум даражада таъсир этади. Ёпқичлар аркасимон ёпилган иншоотларда ёруғлик, икки нишабли қилиб ёпилганга нисбатан 10-15% юқори бўлади. Бир нишабли қурилмалар ёпқичи нишаби шимолдан жанубга, икки нишабли ва аркасимонлар саррови шимолдан жанубга йўналитиб қурилса – жойлаштирилса ёритиш янада кучаяди.

Ёритиш нур ўтказмайдиган синчлари (каркаслари) юзасига ҳам боғлиқ. Шунинг учун қурилмани кенг тўсинлардан ва уларни бир-бирига яқин ўрнатиб катта қилиб қуриш мақсадга номувофиқдир. Синчларнинг оқ рангли бўлиши ёруғлик тартиботини яхшилаш ва плёнка хизмати муддатини узайтиради.

Полимер материаллардан фойдаланиш даврида чанг босади. Бу унинг устида электр зарядлари ҳосил бўлиши ҳисобига плёнка чанг заррачаларини ўзига тортиши натижасида содир бўлади. Чанг босган плёнка ўзидан қуёш нурини ёмон ўтказади. Плёнкадан бир мавсумда фойдаланилса нур ўтказишни 15-20%, икки-уч мавсумда фойдаланса – 40-50% йўқотади.

Чанг босиши ҳисобига плёнкаларнинг нур ўтказишини пасайиши ҳисобига етиштирилаётган сабзавотлар кеч ҳосилга кириши билан бирга, ҳосилдорлиги ҳам пасаяди. Шунинг учун чанг босган плёнка фойдаланишдан олдин юмшоқ чўтка ва фаррош ёрдамида ювилиши керак. Плёнка ювилганидан сўнг тиниқ қўринишга кирмаса ундан фойдаланилмайди.

ce0781-210-852-00-61123-335.jpg (76 KB)

 

Иссиқлик тартиботи. Нур ўтказадиган полимер материаллар ёруғликни яхши ва иссиқликни эса ёмон ўтказади. Тупроқ ва ўсимлик юзасини кундуз кунлари қизиши сабабли қурилма ичидаги ҳарорат кўтарилади.

Иситилмайдиган плёнкали қурилмалар тупроқ ва ҳавоси ҳарорати очиқ майдондагидан фарқ қилишига қуёш радиациясини жадаллиги ва давомийлиги сабаб бўлади. Бу фарқ булутли кунларда у даражада юқори бўлмайди ва ҳаво очиқ даврида куннинг ярмида ўзининг максимумига етади. Ҳаво ҳароратининг тунги соатларда сезиларли даражада пасайиши кузатилади ва у очиқ ер ҳавоси шароитига яқинлашиб қолади.

Плёнкали қурилмалар тупроғи ҳарорати ўзига хос ўзгаради. Бунда сутка мобайнида кескин ўзгариш бўлмайди ва плёнкали иншоот турпоқ ҳарорати очиқ майдонникидан бироз юқори бўлади. Совуқ кунларда ҳаво ҳарорати ташқарида – 3°С дан паст бўлмаса тоннел остида ижобий ҳарорат (0,5-1) сақланади. Феврал ойининг иккинчи ярмида беш йилнинг тўрт йилида очиқ майдонда, тоннел остида эса беш йилнинг икки йилида салбий ҳарорат бўлади.

Совуққа чидамли экинлар баргини ўсиб чиқиш ҳарорати пастки чегараси (5°С), бу шароит тоннеллар ичида феврал ойи учинчи ўн кунлиги бошланишида, очиқ майдонда эса март ойининг биринчи декадасида юзага келади. Шунинг учун Тошкент вилояти шароитида плёнкали тоннелларни совуқбардош ўсимликлар учун феврал ойининг иккинчи декадаси охири ва учинчи ўн кунлиги бошланишида ўрнатиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Уруғларни уна бошлаши ва иссиқсевар экинларнинг ниҳолларини нимжон бўлиб ўсишлари учун минимал ижобий ҳарорат (13-15°С) Тошкент вилояти очиқ майдонида: тупроқ ва ҳавода апрелнинг тўртинчи беш кунлиги охирида; тоннел остида – ҳаво апрелнинг иккинчи беш кунлиги бошланишида, тупроқнинг 10 см чуқурлигида эса – шу беш кунликнинг охирида бошланади. Демак, иссиқсевар экинларнинг уруғи ва кўчатини плёнкали тоннеллар остига апрел ойининг биринчи беш кунлигида экиш керак.

Офтобли, юқори ҳароратли (ташқарида 24°С дан юқори) кунларда тоннел остидаги иссиқ, ўсимликларга салбий таъсир этадиган (40-45°С) даражагача кўтарилиши мумкин.

Кичик ҳажмли плёнкали қурилмалар иссиқлик тартиботини бир неча махсус усулларни қўллаб созлаш мумкин. Ёруғликни яхшилайдиган барча усуллар, бир йўла қурилмани яхши исишига ҳам ёрдам қилади. Хусусан полиэтилен плёнкасини қўлланилганда кўп иссиқлик йўқотилади, у иссиқлик нурларини 80% гачасини ўзидан ўтказиб юборади. Иссиқликни поливинилхлорид, полиэтилен плёнкалар яхши сақлайди ва айрим тўқимасиз (нетканний) материаллар эса иссиқликни кам йўқотади, шунинг учун тунги соатларда улар қўлланилган иншоотларда ҳарорат полиэтилен плёнкаси ёпилганга нисбатан 2-3°С га юқори бўлади.

Плёнка ёпилган қурилмалар остида сабзавотлар етиштиришда қуёшли кунларда уларни қизиб кетиши кузатилиши мумкин. Ҳароратни пасайтириш учун плёнкали тоннеллар шамоллатилади. Шамоллатиш жадаллиги қизиб кетиши даражаси билан аниқланади.

Шамоллатиш қийин бўлган синчсиз кичик ҳажмли қурилмаларда, ҳароратни тартибга солиш учун, перфорация (2-3 см узунликда кесиб қўйиш) қилинган плёнкадан фойдаланилади. Бундай қурилмаларда шамоллаш тешиклар орқали ҳавонинг автоматик равишда айланиши ҳисобига бўлади.

Плёнкали қопламалар остида ўсимлик илдиз қисми жойлашган тупроқ қатламини қизиши катта аҳамиятга эга. Тоннелларда бу қатламни қизишини тезлатиш учун тупроқ юзасига плёнка тўшалади. Тупроқ устига плёнка ёпишни “мулчалаш” деб юритилади. Бунда плёнка ер устида бўлади, ўсимликни ер устики қисми эса уни устида бўлади. Плёнка остида иссиқлик кўп тўпланади (аккумулируется), кундуз куни йиғилган иссиқлик тунги соатларда яхши сақланади. Буни ҳисобига, тупроқнинг суткалик ўртача ҳарорати 2-3°С га кўтарилади. Мулчалаш учун нур ўтказадиган, қора ва эски плёнкалардан фойдаланиш мумкин.

Ҳаво ва тупроқ намлиги. Плёнкали қурилмаларда ўзига хос ҳавонинг нисбий намлиги юзага келади. Полимер материалларининг герметиклиги ҳисобига ҳавонинг нисбий намлиги плёнкали қурилмаларда очиқ майдондагига нисбатан 10-30%, ойнаванд иншоотлардагига нисбатан эса бир неча баробарга кўп ҳосил бўлади. Кўпчилик ҳолларда у 100% га етади, кундуз кунлари эса 45-60% гача пасаяди.

Сабзавоткорлар, кичик ҳажмли плёнкали қурилмаларда сабзавот етиштираётганларида, ҳавонинг ортиқча нисбий намлигини камайтириш билан банд бўладилар. Ҳавонинг нисбий намлигини камайтиришнинг асосий воситаси шамоллатишдир. Шамоллатишнинг давомийлиги қуёш радиациясининг жадаллигига кўра аниқланади. Иссиқ кунларда плёнкани кўпроқ очиб шамоллатилади. Ҳаво салқин кунларда, иссиқлик шамоллатишни талаб қилмаган даврда, плёнкали қурилмалар нисбий намлигини камайтириш мақсадида шамоллатиш керак эмас.

Ҳавонинг юқори нисбий намлигини кам талаб қиладиган сабзавотлар етиштирилганида ёпиш учун перфорация қилинган плёнкаларни ишлатиш фойдалидир. Улар қўлланилганида, тешиклари орқали ҳаво жадал алмашилади ва ҳавонинг нисбий намлиги, тешиги бўлмаган плёнка ёпилган тоннелдагига нисбатан анчагина паст бўлади.

parniki-iz-plenk-668-77411-1973.jpg (111 KB)

Манба:

Зуев В., Атаходжаев А., Қодирхўжаев О. (2007). Ҳимояланган ерларда кўчат ва сабзавотларни етиштириш. Тошкент.

Улашиш: