Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Иссиқхона бодрингларини етиштиришда керакли микроиқлимни таъминлаш

20/Dekabr/2024 20:09
  1197

Бодринг ўсимлиги учун энг мақбул ҳарорат ёруғликни жадаллигига қараб ўзгаради. Жуда паст ёритилганда (5 клк гача) у 17-19°С ни, 5-10 клк да – 19-21°С ни, 10-20 клк да – 21-25°С, 20-30 клк да – 24-27°С ни ва ёруғлик 30 клк дан юқори бўлганда – 27-30°С ни ташкил қилади.

Энг мақбул ҳаво ҳарорати ўсимликларни ёшига боғлиқ. Ҳаво ҳарорати ўсимликлар ҳосилга киргунча: тиниқ кунда – 22-24°С, булутли ҳавода – 20-22°С, кечаси – 16-18°С ни ташкил қилади. Ҳосилга кирган даврда энг мақбул ҳарорат бироз кўтарилади ва очиқ кунда – 24-27°С, булутлида – 21-24°С ва кечаси – 18-20°С ни ташкил қилади.

Ҳосилга киргандан сўнг 7-8 ҳафта ўтгач, баргларни қариётганлиги кузатилаётганда, илдиз тизими кучсизланаётган ва шохланиш камайиб бораётганда мақбул ҳарорат бироз пасаяди ва у тиниқ кунда 22-24°С, булутли кунда – 20-22°С ва кечаси – 17-19°С ни ташкил қилади.

Иссиқхоналарда ҳароратни бошқариш лозим. Кундузги ҳарорат юқори чегарага етганда иситишни қисман ёки тўлиқ тўхтатишга ва шамоллатишни бошлашга сигнал бўлади. Айниқса тиниқ баҳорги кунлар давомий булутли ҳаводан сўнг келаётганда ҳароратни кўтарилиб кетишини диққат билан кузатиб бориш керак. Агар вақтида ҳарорат пасайтирилмаса юқоридаги барглар куйиши мумкин. Буни олдини олиш учун иссиқлик пасайтирилади ва шамоллатиш қўлланилади.

Иссиқхона бодринги учун тупроқнинг энг мақбул ҳарорати 22-24°С дир. Ҳавонинг нисбий намлиги 75-85%. Тупроқ намлигини мақбул меъёрларда сақлаш ва озиқлантириш тартиботини тўғри олиб бориш жуда катта аҳамиятга эга.

Ёритилганлик етарли бўлмай тупроқ намлиги юқори бўлса ўсимликларни лоҳас ёки нобуд бўлишига олиб келиши мумкин. Бу вақтда тупроқ намлигини 75-80% НВ даражада сақлаб туриш керак. Баҳорда ва ёзда қуёш радиацияси юқори бўлганда тупроқ намлигини 85-90% НВ да таъминлаш зарур. Тупроқ намлигини кузатиб туриш ниҳоятда муҳим, чунки бунда ўсимликлар нафақат намликни етишмаслиги, балки тупроқ эритмасини юқори концентрациясидан ҳам қийналиши мумкин. Ўсимликлар одатда илиқ сув билан (20-22°С) эрталаб суғорилади. Иссиқ кунларда вегетацион суғориш билан бирга куннинг ўртасида суғориш меъёрларини камайтириб (1 м2/0,5 л) мусаффоловчи суғоришлар қўлланилади.

Иссиқхоналаларда бодрингни етиштириш технологиясида пухта ташкил қилинган ва эпчиллик билан ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилишдан фойдаланиш катта рол ўйнайди. Уни асоси қилиб ўсимликларни биологик услубда ҳимоя қилиш, уларни маконларини топиб ўсимликларни кимёвий препаратлар билан ишлов беришдир.

Манба:

Зуев В., Атаходжаев А., Қодирхўжаев О. (2007). Ҳимояланган ерларда кўчат ва сабзавотларни етиштириш. Тошкент.

Улашиш: