Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Баҳорги пайвандлаш

21/Dekabr/2024 04:46
  2776

Пайвандлаш (трансплантация) деб, куртакнинг ёки қаламчанинг бошқа ўсимлик билан қўшилиб ўсиб кетишига айтилади. Ўтқазиладиган ўсимлик пайвандуст, пайвандланадиган ўсимлик пайвандтаг деб аталади. Пайвандлаш усули билан асосан қўшимча илдиз чиқариши қийин бўлган мевали дарахт ва резавор ўсимликлар кўпайтирилади. Пайвандлашнинг бир қанча усуллари (қаламча пайванд, куртак пайванд, искана пайванд ва ҳоказолар) мавжуд бўлиб ҳамма усуллари ҳам ўсимликнинг навини яхшилаш ва ундан юқори ҳосил олишга қаратилган. 

— Пайвандлаш бир неча кўринишда амалга оширилса-да, технологияси асосан бир хил, — дейди боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими Аббосхон Абдуллаев — Яъни, эрта баҳор пайвандтагда ўсиш (ўсимлик пўстлоғи остидаги суюқлик) ҳаракати бошланган бўлиши лозим. Пайванд қилинаётган нав новдасида ҳали бундай ҳаракат бошланмаган бўлиши керак. Бунинг учун пайвандуст новда кеч кузда қаттиқ совуқ тушмасдан ёки эрта баҳорда кунлар қизиб кетмасдан олдин улардан сўх новда (бир яшар) олиниб, қуёш нури тушмайдиган жойга 70 сантиметр чуқурликка кўмиб қўйилади. Новда бир хил ҳароратда сақланади ва пайванд қилиш арафасида чуқурдан кавлаб олинади.

Пайвандлаш усуллари бир неча хил бўлиб, бизнинг ҳудудларда қуйидагиларидан кўпроқ фойдаланилади.

1. Искана пайванд — асосан, ниҳолларни маданийлаштириш ва дарахт навини янгилаш ёки битта дарахтда бир неча хил навдаги мева ҳосил қилиш учун ишлатилади. Бунда ҳам юқоридагича йўл тутилади: пайвандтагда ўсиш ҳаракати бошланиши билан пайвандлаш амалга оширилади. Унинг устки қисми кесиб ташланиб, танасида кўндаланг ёриқ (ёрма)ҳосил қилинади. Махсус пичоқ ёки пона билан унинг ёриғини очиб туриш талаб этилади. Пайвандуст 2-4 бўғинли қилиб қирқиб олинади (асосан, қалам қалинлигида, яъни 5-10 миллиметр йўғонликда). Унинг устки томони куртакдан 2-3 миллиметр тепароқдан кесилган бўлиши лозим. Остки томони эса қия қилиб икки томондан йўнилади ва пайвандтагдаги ёриққа ўрнатилади, бунда пайвандтаг ва пайвандуст пўстлари бир-бирига мос тушиши лозим. Сўнг пона суғуриб олинади ва пайвандтаг пайвандустни маҳкам тутиб қолади. Пайвандтагнинг қисмасига боғ муми ёки оддий лой чапланади ва плёнка тасма билан боғлаб қўйилади. Пайвандустнинг камида иккита куртаги уланган жойдан юқорида бўлиши лозим. Бу усулдан дарахтлар навини янгилашда ҳам фойдаланилади.

2. Пўстлоққа пайвандлаш. Баъзи боғбонлар дарахтнинг танасини ёрмай, пўстлоғини ёриб, унга пайвандустни ўрнатади, яъни пўстлоғига пайвандлайди. Бу усулда ҳам пайвандустнинг камида иккита куртаги пайвандланган жой устида бўлиши лозим. Бунда новданинг бир томони қия қилиб йўнилади ва пайвандтагдаги ёриққа ўрнатилади, қолгани юқорида айтиб ўтилгандек амалга оширилади.

3. Пайвандтаг танасида тескари учбурчак шаклида кесма ҳосил қилиб, унга мос равишда пайвандустда кесма ҳосил қилинади ва улар бир-бирига мос тушади. Бу ҳолатда ҳам пайвандтаг ва пайвандуст пўстлари бир-бирига мос тушиши лозим. Плёнка билан маҳкам боғлангач, устки қисмига бўёқ ёки мой суркалади. Бу усул асосан, ёши катта дарахтларда қўлланилади ва уларнинг танасига бир-иккита пайвандуст ўрнатилади.

Қўшимча маълумот. Илмий адабиётларда келтирилган пайвандалаш турларини қуйидаги расм ўрнагида кўришингиз мумкин:



1 – ёрма пайванд; 2 – пайвандуст; 3 – пайвандтаг; 4 – куртак пайванд. 


 Тоштемир ҚОРАБОЕВ

Улашиш: