Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Нок экиш ва парваришлаш бўйича тавсиялар

21/Dekabr/2024 23:42
  1402

Экиш учун тавсия этиладиган нок навлари: Вильямс, Лесная Красавица, Любимица Клаппа, Оливье де Серр, Подарок, Старкримсон ва ҳ.к.

Кўчатларни экишга тайёрлаш ва экиш. Кўчатларни экишга тайёрлашда аввало, томорқа майдонида сувнинг юриши ҳисобга олиниб, ер яхши текисланади. Майдоннинг ҳар квадрат метрга 6–10 кг гўнг, чиринди, 200–250 г фосфор, 100–120 г калий ва 150–200 г аммонийли азот ўғити солиниб, чуқур (25–30 см) ҳайдалади.

Нокни пайвандтагларига қараб экиш схемаси ўзгаради: кучли ўсувчи пайвандтагда – 6×5 м (суғориладиган бўз тупроқларда) ва 5×5 м (шағалли-қумлик тупроқларда), ўрта бўйли пайвандтагда 5×4 м, паст бўйли пайвандтагда – 3×2,5 м. Бу ерда 3 м – кўчат қаторлари орасидаги масофа, 2,5 м – кўчатлар орасидаги масофа. Олма кўчатларини экиш муддати кузда ноябр ойига, эрта баҳорда эса февралнинг охири-март ойининг бошларига тўғри келади.

Кўчат экиш учун чуқурлиги ва кенглиги 60×60 см бўлган чуқурчалар ковланади. Чуқур қазишда тупроқ устки қисмини 20–25 см қатлами ўранинг бир томонига, қолган қисми иккинчи томонга олиб қўйилади. Ўрага 350–400 г фосфор, 30–40 г калий ўғити ҳамда 8–10 кг чириган гўнгни тупроқ билан аралаштириб солиб, кейин кўчат экилади. Кўчатни экишдан олдиндан тайёрлаб қўйилган шалтоққа (янги мол гўнги тупроқ билан 1:1 нисбатда аралаштирилиб, қаймоқсимон масса тайёрланади) ботириб олиш лозим.

Кўчат ўрага тик ҳолда қўйилиб, тупроқ билан кўмилади. Кўчатни пайванд қилинган жойи тупроқдан 4–5 см юқорида қолиши керак. Кўчат экилгандан сўнг ҳар бир чуқурга тўлатиб сув қуйилади. Шунда тупроқ зичланиб, ниҳол яхши кўкаради. Тупроқ чўккандан сўнг кўчат атрофига янги тупроқ солиб, тўлдирилади. Кўчатлар тупроқнинг намлигига қараб вақти-вақти билан суғориб турилади.

Томорқа майдони 0,03 га бўлса, ушбу майдоннинг қуёш тушадиган шарқдан жанубга қараган томонига нокнинг ўрта бўйли эртаги, ўртаги ва кечки навларидан 2–3 тупдан экиш тавсия қилинади. Томорқа майдони 0,06 га бўлса, ярмига сабзавот экинлари, қолган қисмига эса мевалик дарахтлар, 0,10 га бўлганда сабзавот учун майдон қолдириб, қолган каттароқ қисмига мевали кўчатларни жойлаштириш мумкин.

Парваришлаш. Дарахтларга баҳорда ярусли (қаватли) қилиб шакл берилади. Бунда дарахтнинг биринчи қаватида 3–4 дона асосий шох қолдирилади, қолганлари қирқиб ташланади. Иккинчи қават шохлари асосий шохлардан 30–40 см, биринчи қават шохларидан 25–30 см масофада қолдирилади. Учинчи қават шохлари ҳам шу зайлда шакллантирилади. Шакл беришда шох-шаббаларнинг бир-бирига соя беришини олди олиниб, бир маромда сийраклаштирилади.

Дарахт ҳосил қилмайдиган йилида буташ тизими қуйидагича амалга оширилади: шу йили ўсиб чиққан новдалар кучлироқ калталаштирилади, халқасимон мева шохлари сийраклаштирилади, мураккаб халқасимон шохлар калталаштирилади. Дарахтлар ҳосил берган йили новдалар 35–40 см ўсган эски шохларига тақаб қирқилади. Бир йиллик новдаларни қисқартириш ҳосил куртакларини кўпайишига олиб келади.

Томорқадаги нок дарахтларига 300–350 г азотли, 250–300 г фосфорли ва 200–250 г калийли ўғитлар соф ҳолда солиниши тавсия қилинади. Ҳар 2–3 йилда ўртача 50–60 кг чириган гўнг солиш ҳосилдорликни оширади.

Бўз тупроқларда олма дарахтлари ўсув даври мобайнида 4–6 марта, шағалли ерларда 10–12 маротаба суғорилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Нок дарахтига зараркунандалардан нок шира бургаси, мева канаси, касалликлардан калмараз (парша) зарар келтиради.

Нок шира бургасига қарши эрта баҳорда 25 фоизли Цепирметрин эм.к. (10 л сувга 20 г) пуркалади. Ушбу препаратлар бўлмаганда тамаки қайнатмасидан фойдаланиш мумкин.

Мева канасига қарши 17,5 фоизли Перфекто сус.к. (10 сотих майдон ҳисобига 15–20 мл) пуркалади.

Нокнинг калмараз (парша) касаллигига қарши Бордо суюқлигининг 3 фоизлиги (10 л сувга 300 г мис купороси ва 300 г сўндирилмаган оҳак) сепилади. Касалликларга қарши тадбирлар дори воситалари куртаклар ёзилгунига қадар ўтказилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Нок мевалари бандига зарар етказмасдан узиб олинади. Баъзи маҳаллий навлар терилганидан сўнг махсус иссиқ шароитда сақланганда ўзига хос юмшоқликка эга бўлади. Кечки навлар терилганидан кейин сақлашга қўйилса, улар бир неча ҳафта ўтгач пишиб, истеъмолга яроқли бўлади.

Ш. Аҳмедов

Улашиш: