Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қуён харид қилишда ва у билан муомала қилишда нималарга диққат қилиш лозим?

18/Dekabr/2024 09:09
  1336

Қуённи малакали мутахассислар ишлайдиган ва қимматли тавсиялар олиш мумкин бўлган қуёнбоқарлар жамияти ёки қуёнчиликка ихтисослашган хўжаликлардан харид қилган маъқулдир.

Бирор-бир қуёнбоқар хонадонидан 2-3 ойга тўлган ёш қуён харид қилингани ҳам яхши. Шундай қилинса қуён емининг таркиби, режими ва боқилган шароитини кескин ўзгартириб юборилишига йўл қўйилмайди. Насл олинадиган, ёши урғочи қуёндан 2-3 ой катта, жуссаси йирикроқ эркак қуён ҳам айни шу зотдан, лекин урғочига қариндош бўлмаган, яна яхшиси бошқа хўжаликдан харид қилиниши лозим.

Қуён зотдор-у, фақат яхши емланмаган деб ишонтиришга ҳарчанд уринсалар ҳам ланж ва озғин қуённи харид қилманг. Ёдингизда бўлсин! Соғлом қуён озғин бўлмайди!

Тумшуқчаси ҳўл (нам), қулоғининг чаноқлари тоза бўлмаган, думининг таги ифлосланган қуён харид қилинмайди. Бўйнидан ушлаб кўтарилган соғлом қуён эластик пружинани эслатади. Шалвираган заиф қуён эса  шалпайганича осилиб туради. Жинсий органининг ташқи кўриниши ва ҳолатига эътибор қаратилади. Органининг шакли бузилган, тошма тошган ва шу каби бошқа оғишларга эга қуён ҳам харид қилинмайди. Оёқ тукларининг кафт ичига ёпишиб қолганлиги  юқумли тумов аломатидир. Соғлом қуён кўзлари равшан, жонли, қовоқлари шишмаган, баданидаги юнг қопламаси силлиқ ва ялтироқ бўлади.

Айни бир шароитга турли зотга мансуб қуёнлар турлича таъсирчан бўлади. Бу эса қуёнбоқар ихтиёридаги қуёнхоналар ва ем захиралари саралаб қўлланилиши кераклигини англатади. Мисол учун, атрофдаги қуёнбоқарлар кул ранг великан зотини афзал кўрсалар, бунинг замирида иқтисодий сабаблар мавжудлигини билдиради. Агар сиз ҳеч кимда йўқ қуён зотига эга бўлсангиз, жониворлар бошини кўпайтириш масаласини қийинлаштирган бўласиз. Бироқ, бу янги зотларга эга бўлиш, уларни синаб кўриш мумкин эмас деган маънони англатмайди.

Қуён зотининг аҳамияти жуда катта. Хусусан, гўштга ихтисослашган йирик қуён зотининг тирик вазни зоти паст қуёнга нисбатан 4-5 баробар ортиқ бўлиб, терисининг сифати бўйича ҳам фарқи сезиларли даражада ибратомуздир. Мисол учун, асл зотли совет шиншилласининг териси шу қадар чиройлики, ҳеч қандай чатиштириш амаллари бунчалик гўзал тусдошлик натижасини бермайди. Шу сабабли қуёнбоқарликка эндигина киришган киши тоза зотли қуён харид қилиши ва илк кезларда чатиштиришга ошиқмагани маъқулдир.

Кенг тарқалган маҳаллий зотлардан танлаб олсангиз, қуёнчилик соҳасида бошлаган ишларингиз нисбатан ишончли кечади. Бунинг сабаби аён, биринчидан, қуённи сиз арзон нархга харид қилиб оласиз, иккинчидан, унинг бошини кўпайтириш билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келмайсиз, бошқалар билан тажриба ўртоқлашиш, зотли насл етиштириш ва ниҳоят ўз муваффақиятларингизни қўшниларингиз муваффақиятлари билан таққослаб бориш имконига эга бўласиз.

Қуённи наслдор хўжаликлардан ёки қобилиятини амалда кўрсатган, урчитиб берувчи асл зотли эркак қуёнларга эга қуёнбоқардан харид қилиш керак. Уларда мавжуд ёш қуёнлар доимо йирик, урғочи қуёнлари эса  серсут бўлади. Икки-уч маротаба ҳар йили 4 маротаба болалаган ва ҳар сафар 8-10 бошдан соғлом бола етиштирган, кўп туғар қуён инидаги қуёнчаларни харид қилган афзалдир. Наслдор хўжаликлардан қуён харид қилсангиз, кам таваккал қилган бўласиз. Зеро, бундай хўжаликларда фақат соғлом қуён боқилиб, янги зотлар яратилади. Яхши қуёнбоқар зотлар шажарасини юритиб бориб, ўз жониворлари ҳақида кўплаб қўшимча маълумотлар бериши мумкин.

Энг жиддий масалалардан бири -  боқиш учун зот танлашдир. Авваламбор турли зотларнинг ўзига хос хусусиятлари, қайси йўналишга ихтисослашганлиги ва иқлим шароитига чидамлилигини батафсил ўрганиб чиқишингиз, муайян қуён зоти ихтиёрингиздаги хўжалик шароитига мос келиш-келмаслигини аниқ билиб олишингиз керак.

Асос қилиб олинадиган бошланғич тўдани тўғри танлаш ундан ҳам муҳим масаладир. Негаки, жониворларнинг барчаси ҳам ўз зотининг муносиб вакили саналмайди. Қуённи боқиш ва кўпайтириш ишларидаги асосий муваффақият кўпроқ ихтиёрингиздаги тўда ибтидоси қайси жонивордан бошланганлигига боғлиқ. Насл берувчи эркак қуён ва тўдани тўлатувчи ёш авлодни қатъий саралаб олиш амалларисиз боқиш ва гигиенани яхшилаш борасидаги тадбирлар зарурий самара бермайди. Модомики шундай экан, эҳтиёт бўлишингиз, қуёнларни таваккал харид қилмаслигингиз ва даставвал тажрибали қуёнбоқарлар маслаҳатини олишингиз лозим.

Қуён жуда ҳуркак, асаб тизими ниҳоятда нозик жонивордир. Ғайриоддий шовқин, ҳаттоки ўзига таниш нарсанинг дафъатан пайдо бўлиши ҳомиласини йўқотиши, болаларини ғажиб ташлаши ёки қўрқиб қочар экан ўз болаларига жароҳат етказиши ва шу каби бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Айниқса болалаш арафасидаги ёки янги болалаган урғочи қуён жуда қўрқоқ ва асабий ҳолатда бўлади. Шунинг учун қуёнхона ичи ва яқинида бажариладиган барча амаллар бир маромда аста-секин бажарилиши, бегоналарнинг яқин келиши (кириши) имкон қадар чекланиши лозим.

Қуёнларни бир катакдан иккинчисига олиб ўтиш, урчитиш, вазнини ўлчаш каби амалларни бажариш учун тез-тез қўлга олиб туришга тўғри келади. Бу амални эҳтиёткорона бажариш лозим. Акс ҳолда қуённи нафақат қўрқитиб юбориш, балки танасини шикастлаб, терисининг остини моматалоқ қилиб қўйиш, муҳим органларига жароҳат етказиш мумкин.

Қуённи қулоғидан ушлаб олиб юриш мумкин эмас. Бунда унинг жони оғрибкина қолмай, ҳаётига ҳам хавф туғилади. Гап шундаки, қулоғидан ушланиб тик осилиб турган фурсатда қуённинг кўкрак-қурсоқ пардаси ички органлар босимига бардош бера олмайди. Қорин бўшлиғидаги органлар кўкрак-қурсоқ пардасини таранг тортиб, ҳаракатсизлантириб қўяди. Бу эса, ўз навбатида, қуённинг диафрагмали нафас олиш жараёнини издан чиқаради. Натижада қўлингизда осилиб, нафас олиши қийинлашган қуён ҳалок бўлади. Айни шу сабабга кўра қуённи боши билан ерга қарата осилтириш ҳам ярамайди. Бундан ташқари осилиб турган қуён жони оғриганлиги боис қаттиқ қаршилик кўрсатиб, ўзининг пайлари ва мушакларини узиб юбориши мумкин. Қуёнчани бел усти терисидан тутиб ташиш лозим. Шундай қилинганида у кўпроқ горизонтал ҳолатда бўлиб, қўлингизни тимдалай олмайди. Катта қуённи бўйин ва яғринидаги тери буришиғидан тутиб ташиш мақсадга мувофиқдир. Айни пайтда унинг бўйни ва боши бироз ортга тортилиб, кафтингизга тиралади. Қуённи кўтарган кишининг қўли қуён умуртқасига параллел, иккинчи қўли эса думғазаси остидан суяб борилмоғи лозим.

Жинсий органини кўздан кечириш мобайнида қуён, юқорида айтилгани каби қўлда кўтариб юриш ҳолатида ўнг қўл билан тутиб олиниб, думғазасига ўтиришга мажбур қилинади. Чап қўл билан эса жинсий органи яқинидаги тери бироз босилади. Ушбу қўл жониворнинг ортки чап оёғи устидан олиб борилиб, у қаршилик кўрсатмоқчи бўлганида хавфли ҳаракатларидан сақлаб туради. Қорни ва бақувват чангаллари юзингиз томон ағдарилган қуён билан мулоқот қилаётганингизда хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этишни унутманг.

Манба:

Долимов  Ш. З. (2008). Томорқа хўжалигида қуёнчилик: боқиш, парваришлаш ва кўпайтириш бўйича тавсиялар. Тошкент.

Улашиш: