Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Тупроқнинг сув режими ва уни бошқариш

22/Dekabr/2024 11:05
  1718

1.     Тупроқда ва ўсимликда бўладиган кимёвий ва биокимевий жараёнлар сувли муҳитда кечади. Ўсимлик сув билан етарли таъминлангандагина унда ўсиш, ривожланиш ва барча физологик жараёнлар нормал ўтади. Ҳар қандай маданий ўсимлик уруғи униб чиқишидан олдин маълум миқдорда сув шимади.

Ўсимликлар таркибида 80-90% гача сув бўлади. Ўсув даврида ўсимликлар бу сувнинг асосий қисмини буғлантириб юборади. Кузатишларга қараганда, ўсимликлар бутун вегетация давомида ўзлаштирган сувнинг атиги 0,01-0,03% ни ўз организмини шаклланиши учун сарфлайди.

Ўсимликларнинг сувга бўлган талаби уларнинг ривожланиш фазаларига қараб турлича бўлади. Масалан, кузги буғдой най чиқариш ва бошоқлаш даврида, маккажўхори гуллаш ва дони сут пишиқлиги фазасида, картошка гуллаш ва ҳосил тугиш даврида, кунгабоқар гуллаш ва саватча ҳосил қилиш фазасида, ғўза гуллаш ва мева тугиш даврида сувни кўп талаб қилади. Кўп йиллик экинлар эса сувга янада талабчан бўлади.

Ўсимликлар илдизи ёрдамида тупроқдаги намни ўзлаштириб, уни организми орқали атмосферага буғлатиб туриши транспирация. 1 грамм қуруқ модда ҳосил қилиши учун сарфлаган сув миқдори эса транспирация коэффиценти дейилади.

Тупроқнинг сув режимини ўрганиш ва бошқариш йўлларини билиш экинлардан юқори ва сифатли ҳосил олишда катта аҳамиятга эга.

Ғўза ўсиш даврида жуда кўп сув сарфлайди, чунончи, чинбарг чиқарган даврида бир гектар ердаги ғўза суткасига 10-12 м3, шоналаш даврида 30-50 м3 гуллаш ва мева тугиш даврида энг кўп 80-120 м3, кўсаклар очилиши даврида эса 30-40 м3 сув сарфлайди. Бир гектар пахта майдонида ўсув даврида 5000-8000 м3 сув сарфланади.

2.     Тупроқда сувнинг икки хил шакли бор: «Физикавий бириккан» сув ва «кимёвий бириккан» сув. Кимёвий бириккан сув минерал коллоидлар ва минераллар таркибида бирикма ёки молекула шаклида учрайди.

Физикавий шаклдаги сув қуйидаги хилларга бўлинади: буғсимон сув, гигроскопик сув, пардасимон сув, капилляр сув ва гравитацион сув.

Ҳар қандай шароитда тупроқдаги сувнинг бир қисми буғ холатига ўтади. Тупроқ ғовакликларидаги бyғ тупроқ ҳароратини ўзгариб туриши натижасида томчи ҳолатига ўтиши ва ўсимликнинг илдизи орқали ўзлаштирилиши мумкин.

Гигроскопик сув тупроқ зарралари юзасига сингдирилган намликдир.

Пардасимон сув тупроқ заррачаларининг сиртидан юпқа парда сингари ўраб олган бўлади. Гигроскопик ва пардасимон сувни ўсимлик ўзлаштира олмайди.

Капилляр сув тупроқ қатламларидаги капилляр ғоваклар орқали қуйи қатламдан юқори қатламга эркин ҳаракат қиладиган сувдир. Капилляр сув тупроқнинг жуда майда капиллярларини (йўлларини) тўлдиради ва ўсимликни сув билан таъминлашда асосий манбалардан ҳисобланади.

Гравитацион сув. Тупроқнинг нокапилляр ғоваклари орқали юқориридан қуйи қатламларига эркин ҳаракатланадиган сув гравитацион сув дейилади ва ундан ўсимлик қисман фойдаланади.

Тупроқнинг сув режими унинг агрофизик ва сув хоссаларига боғлиқ бўлади. Тупроқнинг сув хоссаларига сув ўтказувчанлиги, тупроқнинг сув кўтариш хусусияти, нам сиғими кабилар киради.

Тупроқнинг маълум миқдорда ўзига сув сингдириб ушлаб туриш қобилияти унинг нам сиғими дейилади. Тупроқнинг нам сиғими максимал гигроскопик, капилляр, дала ва тўлиқ нам сиғимларига бўлинади. Деҳқончилик нуқтаи назаридан капилляр, тўлиқ ва дала нам сиғимлари аҳамиятли ҳисобланади.

Капилляр нам сиғими деганда тупроқнинг капилляр ғовакларида ушланиб турган сув миқдори тушунилади. Капилляр нам сиғими  капилляр ғовакликлар ҳажмига ва шу капиллярларга намликни келиб туришига боғлик бўлади. Ҳамма ғовакликларни сув билан тўлиши тўлиқ нам сиғими  дейилади. Гравитацион сув юқоридан қуйи қатламга оқиб кетгандан сўнг тупроқда ушланиб қолган сув миқдорига тупроқнинг максимал дала нам сиғими  дейилади.

Тупроқнинг сув ўтказувчанлиги деб юқоридан пастки қатламларига сув ўтказиш қобилиятига айтилади.

Капилляр оралиқлар орқали сувни пастдан юқорига кўтаришига эса, тупроқнинг сув кўтариш хусусияти дейилади. Сув ўтказувчанлик

ва сув кўтариш тезлиги см/сек, см/мин ва см/соатларда ифодаланади. Тупроқнинг сув хоссалари унинг механик таркибига, структурасига ва тузилишига боғлик бўлади.

Тупроқ сув режимини туғри бўлиши учун: тупроқнинг сув ўтказувчанлигини яхшилаш, нам сиғимини ошириш, намни юқорига кўтариш хусусияти ва унинг буғланиш сатҳини камайтириш зарур. Бевосита тупроқ сув режимини бошқаришда қўлланиладиган тадбирлардан энг муҳими тупроқни сифатли ишлашдир. Ер сифатли ишланганда тупроқ тузилиши яхшиланади, унинг ғовак, кесакли структураси сақланади ва бегона ўтлар йўқолади. Намликнинг беҳуда сарф бўлиши камаяди. Тупроқнинг сув режимини бошқаришда суғоришни тўғри ташкил этиш ва суғоргандан сўнг ер етилиши билан сифатли ишлов бериш муҳим аҳамиятга эга.

Суғориладиган деҳкончиликда тупроқнинг сув режимини яхшилаш муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади. Тупроқда максимал даражада нам тўплаш ва фойдасиз сарфланишини, қуйи қатламларга сизиб кетишини, ёғин сувларининг пастликка, жарликларга оқиб кетиши ва бошқаларни иложи борича камайтириш зарур. Экилган уруғни биринчи навбатда тупроқнинг табиий намида ундириб олиш ва ундаги мавжуд намни сақлаган ҳолда оқилона фойдаланиш тадбирларини кўриш лозим.

Алмашлаб экиш далаларига экинларни туғри навбатлаб экиш, ерга органик ўғитлар солиш, ерни экишга сифатли тайёрлаш ва уруғни ўз вақтида экиш, ўсимликларни юқори агротехника асосида парвариш қилиш кабилар тупроқнинг сув режимига таъсир этувчи энг муҳим омиллар ҳисобланади.

Манба:

С.А. Азимбоев (2006). Деҳқончилик, тупроқшунослик ва агрокимё асослари. Тошкент: Iqtisod-Moliya.

Улашиш: