Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ўсимликлар учун ҳавонинг турли компонентлари аҳамияти

19/Dekabr/2024 01:24
  1692

Ҳимояланган ерда кислород, карбонат ангидрид ва сув парлари ҳавонинг энг муҳим компонентлари (таркиблари) ҳисобланади. Ўсимлик кислород билан нафас олади, карбонат ангидрид эса органик моддани синтез қилиш учун зарур.

Ҳаво таркибидаги сув парларининг миқдори ҳароратга боғлиқ. Ҳаво қанчалик иссиқ бўлса, шунчалик сув парлари унда кўп бўлади (15°С – 13 г/м3, 35°С – 40 г/м3). Агар ҳаво ҳарорати 15° дан 40°С гача кўтарилса ва унда 13 г пар бўлса, ҳавонинг нисбий намлиги 100 дан 33 фоизгача тушади. Ҳаво таркибида 13 г пар бўлиб, уни ҳарорати 15° дан 5°С гача пасайса, ортиқча 6,5 г конденсат (шудринг) кўринишида тушади. Совуқроқ вақтда конденсат (шудринг томчилари) ойналарда, унча совуқ бўлмаганда – барг ва меваларда йиғилади.

Ҳаво таркибида 21 фоиз кислород бўлиб, уни заҳираси мунтазам равишда ўсимликларнинг фотосинтези ҳисобига тўлиб боради. Шунинг учун ўсимликларнинг пастки қисми кислород етишмаслигини сезмайди. Тупроқ аралашмасидаги кислород илдизларни ва тупроқ микроорганизмларининг нафас олиши учун сингади. Кислород илдиз тарқалган ер қатламида етарли даражада бўлиши учун тупроқ аралашмаси зичлашмаган ғовак ҳолатда бўлиши керак. Тупроқни қатқалоқланиши, оғир механик таркиб, меъёридан ортиқ намланиши, зичлашиб қолиши тупроқ аралашмаси ичига кислород киришини қийинлаштиради.

35-50 фоиз қуруқ модда углеродни ташкил этади, ўсимликлар уни карбонат ангидрид газини (CO2) ассимиляция қилган вақтда ҳаводан олади. Атмосферадаги ҳаво таркибида карбонат ангидрид гази ўртача 0,03 фоиз, унинг 1 м3 ҳажмида 0,3 л ёки 0,57 г ни ташкил қилади. 1 га иссиқхонада ўсаётган бодринг ўсимлиги, ҳар куни ҳаводан 700 кг карбонат ангидрид газини ютади. Бунинг учун уларни кўк қисмига 1 млн. м3 ҳаво кириши керак. Ҳавонинг фақат сурункали ҳаракати туфайли ўсимликлар (CO2) карбонат ангидрид газини узлуксиз ўзлаштириш имкониятга эга бўлади, шамол тезлигини ошиши билан фотосинтез жараёни кучаяди. Ҳаво турғун бўлиб қолганда газ алмашиши бузилади, карбонат ангидридни (CO2) етишмаслиги фотосинтез жадаллигини сусайтиради, сув парларини жуда секин ажралиши транспирация жараёнини чегаралаб қўяди. Бундай шароитда ўсимликларни ўсиши секинлашади ва улар касаллана бошлайдилар. Кўпчилик ҳолларда ҳавони турғун бўлиб қолиши қиш фаслида кузатилади. Иссиқхонада ҳаво харакатини ўртача тезлиги 0,3-0,5 м/сек, айрим вақтда 1-1,5 м/сек гача етади. Ҳаво ҳаракати тезлиги иситиш ва шамоллатиш ёрдамида ўзгартирилади.

Атмосферада CO2 заҳираси тирик организмларнинг нафас олиши, органик моддаларнинг парчаланиши, ёнилғиларни ёқиш ҳисобига кўпайиб (тўлиб) боради. Иссиқхоналарда, биологик усулда иситиладиганларидан ташқари, қуёшли кунларда ҳаво таркибидаги CO2 газининг миқдори табиий миқдордан пасайиб кетиши мумкин (0,01% гача). Бу хусусан гидропонли иссиқхоналарда содир бўлади, чунки унда фойдаланиладиган субстратлар CO2 ни ўзидан ажратмайди.

Ҳаво таркибидаги карбонат ангидрид гази миқдори ўсимликлар учун етарли (қониқарли) ҳисобланмайди. Уни миқдори кўпайиб бориши билан ўсимликларни синтез қилиш фаолияти кучаяди. Уни концентрацияси 0,15-0,20% бўлганда фотосинтез жараёни жадаллашади. Кейинчалик газ миқдорини кўпайиши фотосинтез жадаллиги ва нафас олишни секинлаштиради. CO2 гази миқдори ва ҳарорат кўтарилса-ю унга мос келадиган даражада ёруғлик етарли бўлмаса самара бермайди. CO2 газнинг мақбул концентрацияси минерал ўғитлар билан озиқлантириш даражаси ва ҳавонинг нисбий намлигига кўра ўзгариб туради. Ҳаво таркибидаги ортиқча CO2 бўлиши зарарлидир. Масалан, ҳаво таркибидаги CO2 миқдори кечаси 0,15 фоиздан 0,9 фоизгача кўпайтирилса помидор ва редиска ҳосилдорлиги 4 бараварга камаяди.

Тупроқ ҳавоси таркибидаги карбонат ангидрид гази ҳам ўсимликлар учун маълум даражада аҳамиятга эга. Уни заҳираси бу ерда илдизларнинг нафас олиши ва органик моддаларни микроорганизмлар ёрдамида парчаланиши натижасида ажралиб чиқадиган СО2 ҳисобига тўлиб (кўпайиб) туради. Тупроқ қатқалоғи ва уни зичлашиб қолиши тупроқ ва атмосфера ўртасида газ алмашинувини қийинлаштиради. Газнинг ёмон алмашиниши натижасида карбонат ангидрид гази концентрацияси илдизларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Тупроқда ортиқча карбонат ангидрид газининг тўпланишини олди олиш учун уни ўз вақтида юмшатиб туриш керак.

Иссиқхоналарда ҳавони зарарли газлар билан ифлосланишига йўл қўймаслик керак. Масалан, помидор меваси пишишини тезлатадиган этилен газини, иссиқхона ҳавосида бўлиши мақсадга номувофиқдир. Этилен ва ацетилен оз концентрацияда (0,05 мг/м3) бўлса ҳам инсон учун зарарлидир. Зарарли газларнинг ҳаво таркибида йўл қўйилиши мумкин бўлган концентрацияси (м3 ҳавода мг): олтингугурт икки оксиди инсон учун – 5, ўсимлик учун – 0,2; азот диоксиди – 5 ва 20; аммиак – 50 ва 10; азот – 0,1 ва 0,2; формальдегид – 5 ва 0,7; углерод диоксиди – 5 ва 500.

Манба:

Зуев В., Атаходжаев А., Қодирхўжаев О. (2007). Ҳимояланган ерларда кўчат ва сабзавотларни етиштириш. Тошкент.

Улашиш: