Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Экин ўстириладиган иншоотларда ёруғликни яхшилаш услублари

21/Dekabr/2024 06:54
  1126

Ҳимояланган ерларда ёритилганлик улар ичига кирадиган қуёш радиацияга боғлиқ. Уни иншоотларни ичига кириши иншоотларни жойлашган ўрни, конструкцияси, тўсиқларни ёруғлик ўтказувчанлиги ва бошқа омилларга боғлиқ.

Замонавий иссиқхоналарда булутли кунларда ёритилганлик даражаси ташқаридагига қараганда 40-50%ни ташкил қилади. У (шпросслар) бағазларни орасидаги масофаларни тор бўлиши, ёпишқоқ сургичларни (замазкаларни) қалин қоплаш, ифлосланиши тиниқ қоплагичларни ютиши ҳисобига камаяди.

Ҳимояланган ер сабзавотчилигида табиий ёруғликдан фойдаланишни ва ФФРни (фотосинтетик фаол радиация) тутишини яхшилайдиган турли усуллардан фойдаланилади. Ёритилганлик даражасини 1% га яхшилаш ҳосилдорликни 1% га ошириш мумкин.

Иншоотларни қуришга ажратиладиган майдонини тўғри танлаш кундузги ёруғликдан яхшироқ фойдаланишни таъминлаши мумкин. Яхшироқ ёритиш учун майдон жануб, жанубий-шарқ ёки жанубий-ғарб томонларга сал нишабли бўлиши ва соя берувчи қурилиш (иморат) ва дарахтлардан ҳоли бўлиши керак. Замонавий иссиқхоналарда ёритилганлик ташқарига нисбатан 40-50% ни ташкил қилади. Ёруғликни тиниқлилиги қоплагичларни оптик хусусиятларига, уни ифлосланишига, тўсиқларда ёруғликни ўтказмайдиган элементларни нисбий вазнига, томни конфигурациясига (шакли) ва нишабларни ёруғлик томонга йўналишига боғлиқ. Томнинг энг яхши конфигурацияси (шакли) 30-45° бурчакли (сферик) айлана шаклидаги нишаб ҳисобланади. Нишаби бир томонлама иншоотларни ғарбдан шарққа, икки нишаблиларни шимолдан жанубга қаратиб жойлаштириш яхшироқдир.

Ёруғлик ўтказувчан тиниқ тўсиқ сифатида ойна ва полимер материаллардан фойдаланилади. Кўпчилик полимер материаллар кўринадиган спектр қисмини ўтказувчанлиги бўйича ойнадан қолишмайди. Уларни ультрабинафша, инфрақизил нурларни ўтказувчанлиги ойнага нисбатан, ҳатто юқори. Фойдаланиш жараёнида полимер плёнкалар эскиради, чанг билан қопланади, уларда нам конденсат (шудринг) пайдо бўлади. Шу боис уларни ёруғлик ўтказувчанлиги камаяди. Полиэтилен плёнкани тиниқлилиги икки ойдан сўнг 78-85% дан 64-67% га ва полиамид плёнканики эса 85 дан 80% гача пасаяди.

Иншоот ичига қуёш радиациясини киришини камайиши улардаги тиниқ бўлмаган элементларни сонига боғлиқ. Ойна ўрнига енгил полимер плёнкалардан фойдаланиш тиниқ бўлмаган қисмларининг улушини камайтиради. Тиниқмас (ёруғлик ўтказмайдиган) элементлар оқ ва кумуш рангга бўялади.

Ифлосланган ойналар ёруғликни 50% ва ундан ортиқ камайтиради. Ифлосланишига қарши уни олдини олиш чоралари кўрилади. Уларни ёмғирлатиб ёки шланглар ёрдамида, махсус ювгич воситаларидан фойдаланиб тозаланади.

Ўсимликларни қопламаларга яқинлаштирувчи сўкчакчаларда (стелажларда) тик бағазда етиштириш, мақбул озиқланиш майдони бериш, эгатларни йўналишини шимолдан жанубга қаратиб олиш ўсимликларга ёруғликни тушишини яхшилашга имкон беради.

Шимолий давлатларда ёруғликни яхшилаш ва ёруғ кунни узайтириш учун қишки даврда қўшимча электр ёритгичлар ва электр ёруғлигидаги экинлар (электросветокультура) қўлланилади. Электр ёрдамида ёритиш – бу кундузгига яқин қўшимча электр ёруғлигида ўсадиган ўсимликлар; (электросветокультура) электр ёруғликдаги экинлар – бу фақат электр ёрдамида ёруғлик берилиб ўстириладаган экинлар.

Электр ёруғлигидаги экинлар катта электроэнергия ҳаражатларини талаб қилади ва уни фақат махсус жиҳозланган иссиқхоналарда қўллаш мумкин. Бунда кўчат билан экилган катта ёшли ўсимликларни етиштириш давомийлиги бодрингда – 60-70 кунни, помидорда – 70-100 кунни, сутка давомида ёруғлик бериш сони 12-14 ва 14-16 соатни, лампаларни нисбий қуввати 1 м2 га 600-700 ва 800-900 Вт ни ташкил қилади. Шу боис (электросветокультура) фақат электр ёрдамидаги ёруғликда ўстириладиган экинларда чегараланган даражада қўлланилади.

Электр билан қўшимча ёруғлик бериш шимолий туманларда, айниқса кўчатларни етиштиришда кенг қўлланилади. Қўшимча ёруғлик бериш учун кундузги ёруғликка яқин қуввати 15 дан 100 Вт гача бўлган ЛД и ЛДИ люминесцент лампалардан фойдаланиш яхшироқ.

Ўзбекистонда кўчатларни етиштиришда қўшимча ёруғликни табиий ёруғлик етишмаётган даврларда қўллаш самаралидир. Жанубий минтақаларда қўшимча ёруғлик бериш кам самарали эканлиги сабабли иссиқхоналар улар билан жиҳозланмайди.

Ўзбекистонда баҳор охирида қуёш ёруғлигини жуда ошиб кетишига, тўғрироғи юқори узун тўлқинли радиация туфайли экин ўстириладиган хоналарни қизиб кетишига тўғри келади. Бу қизиб кетишни ҳеч қандай шамоллатиш ҳам йўқатаолмайди, уни бирдан-бир йўли хонанинг ичига кирадиган радиацияни камайтиришдир. Уни қопламаларни йиғма чодирлар билан экранлатиш, бордонлар ёпиш, жалюзаларни қўллаш ҳисобига эришилади. Аммо бу ФФР ни киришини сезиларли камайтиради.

Ундан ташқари, бу материаллар нурларни айрим қисмини ўзига ютади, қизийди ва иссиқликни ойнага беради. Қизиб кетишга қарши иссиқхоналарни саррови бўйлаб жойлашган форсункалар орқали қопламаларни 10% ли бўрнинг сувли аралашмаси (суспензияси) билан оқлаш йўли кенг қўлланилади. Қоплама юзини юпқа сув қатлами билан қоплаш ҳам самаралидир. Иссиқхона сарровида жойлашган тешикли (перфалаштирилган) йўналтирувчи трубалардан келадиган совуқ сув юпқа қалинликда (0,1-0,2 мм) қоплама нишаби бўйлаб оқиб, сув филтрли пардани ҳосил қилади, бу иссиқхона ичига кирадиган қуёш радиациясини 15-20% га камайтиради. Қопламалар устидан ёмғирлатиб сув сочиш ҳам қуёш радиациясини ичкарига киришини сезиларли камайтиради.

Манба:

Зуев В., Атаходжаев А., Қодирхўжаев О. (2007). Ҳимояланган ерларда кўчат ва сабзавотларни етиштириш. Тошкент.

Улашиш: