Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қизил чўл зотли қорамоллар тавсифи

22/Dekabr/2024 13:23
  1238

Қизил чўл зотли қорамоллар юз йиллар давомида Украинанинг жанубий минтақасида хозирги Запорожье вилоятида XVIII асрнинг иккинчи ярмидаёқ юзага кела бошлаган.

Қизил қорамоллар 1882 йили кўчманчи немислар томонидан биринчи бор Тошкент вилоятининг "Қоплонбек" хўжалигига олиб келинган. 1883 йили улар Хоразм воҳасига кўчиб, Янгиариқ туманининг "Оқ мачит" қишлоғига жойлашган. Қизил тусли моллар соф ҳолда урчитилган. Буқаларидан маҳаллий молларни чатиштиришда фойдаланилган. Кейинги йилларда қизил чўл зоти Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Қашқадарё, қисман Сурхондарё, Наманган вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси хўжаликлари учун районлаштириб, репродуктор хўжаликлари ташкил қилинган. Бу зот Ўзбекистонда боқиб урчитилаётган сут йўналишидаги зотлардан бири ҳисобланиб, жанубий вилоятларнинг қурғоқчиликларига, ёзнинг иссиқ иқлим шароитига, айниқса чўл ҳудудларига жуда яхши мослашган. Бундан ташқари, қон-паризитар касалликларига чидамлилиги билан характерланади.

Республикамизда ушбу зот асосан 1939 йилдан бошлаб кўпайтирилиб келинмоқда. Табиий иқлим шароитига тез мослашувчанлиги, авлодларининг табиий чидамлилигининг анча юқорилиги туфайли ҳозирги пайтда республикамизнинг жанубий туманларида урчитиш учун режалаштирилган.

Конституцияси мустаҳкам, пишиқ, баъзан сермаҳсул сигир ва юқори вазнга эга бўлган буқа ҳиллари ҳам учраб туради. Суякларининг енгил, териси юпқа эгилувчан (эластик) мускулатурасининг суст ривожланганлиги мазкур зотнинг сут йўналишига хос гавда тузилишига эга эканлигидан далолат беради. Бу зот қорамоллари орасида бели ва орқаси замбал, орқа оёқлари "икс"симон кўринишга, елин шакллари ривожланмаган тузилишдагилар ҳам учрайди. Қизил чўл зотли қорамолларнинг экстерьер тузилиши ўзига хос бўлиб, боши узун, этсиз, кичикроқ, бўйни териси юпқа, майда бурмалар ҳосил қилган ҳамда узун кўринишга эга. Сағриси асосан осилганроқ, яғрини тик учли, энли, кўкраги тор, чуқур. Териси серсут зотларга хос юпқа ва етарли заҳирага эга. Елини кўпинча ўртача ҳажмда бўлиб, кўпроқ косасимон, баъзан тоссимон ва юмалоқ формалари учрайди. Елин сўрғичлари катта, бир-бирдан кенг оралиқда жойлашган бўлиб, цилиндрсимон кўринишга эга. Бу машинада соғишга яхши мослашганлигидан далолат беради. Қизил чўл зоти қорамоли анча оғир табиий иқлим шароитида етиштирилган бўлиб, Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида, Туркманистон, Қозоғистон ва бошқа республикаларда боқиш мумкин бўлган, кўп сут берадиган зотли, яхши мол ҳисобланади.

Бу зотга мансуб молар бош сони жиҳатидан республикамизда иккинчи ўринни эгаллайди. Ўзбекистонда қизил чўл зоти моллари Бухоро, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ва қисман Қорақалпоғистон Республикаси хўжаликларида урчитиб кўпайтирилади.

Молларнинг ранги турлича бўлиб, оч қизилдан тўқ қизилгача турланади. Унинг боши унча катта эмас, енгил, чўзиқроқ, ўртача узунликдаги бўйни ингичка бўлади. Кўкраги чуқур, кўкрак кенглиги ўртача бўлади. Елка томони равон, суяги пишиқ, жуссаси бақувват, қуруқ бўлади. Сигирлари нозик суякли ва серсутлиги белгилари яққол кўриниб туради. Ўртача катталикдаги елини сербез, етарлича равон ривожланган. Бироқ, зот ичида елин бўлаклари равон ривожланмаган, шакли манзур бўлмайдиган ва сут бериш тезлиги суст, саноат технологияси шароитларига ярамайдиган сигирлар ҳам учрайди. Қизил чўл зоти қорамоллари янги жой шароитига яхши мослашади, ем-хашак танламайди, турли хил касалликларга ва иссиққа чидамли бўлади. Бу зотга мансуб сигирлар серсут бўлса ҳам, сути унча ёғли эмас.

Бузоқларининг тирик вазни туғилганида 25-35 кг келади. Яхшилаб озиқлантирилганда бузоқлар жадал ўсади ва 6 ойликка борганда вазни 160-170 кг га, ўртача кунлик ўсиши 600-800 граммга етади. 12 ойликка борганда 250-280 кг, 18 ойлигида 320-350 кг га етади. Ўзбекистонда 1 класс зот стандарти талабларига мувофиқ 12 ойлик ёшдаги тананинг тирик вазни 250 кг, 18 ойликлигида - 300 кг ва 24 ойликлигида - 360 кг бўлиши, биринчи лактациянинг 305 кунида сут миқдори 2400 кг ни, иккинчи лактацияда - 2850 кг, учинчи лактацияда - 3200 кг ни, сут таркибидаги ёғ 3,7 % ни ташкил этиши керак. Ушбу зот қорамоллари анча гавдали бўлади. Вояга етган сигирларнинг тирик вазни 450-500 кг га, яхши боқиб парвариш қилинганда 550-600 кг келади. Етук ёшдаги буқаларининг тирик вазни 700-900 кг, айримлариники 1000-1200 кг га етади.

Илғор хўжаликларда ва фермер хўжаликларида 3000-3200 кг дан (ёғдорлиги 3,7-4,0 % ли) ва ундан кўп сут соғиб олиняпти. Ўзбекистоннинг қизил чўл зот моллари урчитиладиган наслчилик хўжаликларида ва фермер хўжаликларида биринчи марта туққан ғунажинлардан ўртача 2200 кг, II лактациядаги сигирлардан 2400 кг гача, етук сигирлардан 2800 кг дан ва ундан кўп сут соғиб олинмоқда. Энг яхши сермаҳсул сигирлардан эса 5000 кг дан ва ундан кўпроқ сут соғиб олинмоқда. Лактациянинг 305 кун мобайнида 9200-12426 кг дан (ёғдорлиги 3,3-4,1 % гача) сут берган машҳур сигирлар бор. Сигирларнинг ҳар 1 кг сутига 0,9-1,2 озуқа бирлиги сарфланади.

Қизил чўл зоти қорамолларининг гўштдорлик сифатлари ўртача, вояга етган сигирларининг сўйилгандаги гўшт чиқими 55 % ни ташкил этади. Бичилган буқалари 6 ой давомида яйловда боқилса, кунига ўртача 650-700 граммдан семиради. Улар сўйилганда 53-58 % гўшт-ёғ қилади. Бу зотнинг гўшт сифатларини яхшилаш учун соф зотли урчитиш қўллаган ҳолда яна ҳам йирик, кенг гавдали ва яхши маҳсулли моллар устида селекция ишлари олиб бориш лозим.

Сут таркибида ёғ миқдори кам бўлиши, сигир елинининг морфологик ва функционал хусусиятларидаги нуқсонлар зотнинг камчилигидир. Суякларининг нозикроқ бўлиши бу зот қорамолларининг камчилиги ҳисобланади, чунончи подада бели ва орқаси бўш, сафиси тамсағир, орқа оёқлари икссимон ҳамда қиличсимон жойлашган сигирлар кўп учрайди.

Манба:

И.И. Ҳафизов, О. Мамадиев, А.И. Ҳафизов, Г. Абдуллаева (2011). Қизил чўл зотли қорамолларнинг келиб чиқиш тарихи ва зотнинг тавсифи. “Ишлаб чиқариш интеграцияси ва инновацион ривожланиш истиқболлари” Республика илмий-амалий анжумани. Тошкент.

Улашиш: