Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Мевали дарахтларни қандай экиш лозим?..

22/Dekabr/2024 13:47
  2085

Ушбу маълумот очиқ майдонга кўчат экиш ҳусусидаги тавсиялар беради.

Дарахт экиладиган чуқурчани олдиндан ковламанг, имкон борича бу чуқурчалар дарахт экилаётган вақтда ковланиши мақсадга мувофиқ.

Дарахт экиш имкон борича кун қуруқ бўлган кунга режалаштирилиши шарт. Агар тупроқ музлаган ёки ортиқча нам бўлса кўчат экманг.

Агар тўлиқ тавсияларимизни ўқишга вақтингиз бўлмаса, қуйидагиларни ёдингизда тутинг:

·         Янги экилган дарахтлар бутун ҳаёти давомида ёки ўзини тутиб олгунча қозиққа боғланиши шарт. Қозиқлар одатда ёғоч, метал ёки бетондан тайёрланади, лекин шошаётган бўлсангиз, вақтинчалик қозиқ сифатида бамбукдан ҳам фойдаланиш мумкин.

·         Дарахт экиладиган чуқурчага гўнг, компост ёки ўғит солиб дарахт экманг. (бундай тадбир истеъсно сифатида фақатгина жуда заиф тупроқлардагина амалга оширилиши мумкин).

·         Экилган дарахтни дарҳол бир челак сув билан суғоринг, ёки катта миқдорда дарахт экилган бўлса боғни яхшилаб суғоринг.

·         Имкон борича янги экилган дарахтлар асоси атрофига мулча тўшанг.

·         Агар дарахт экилган ҳудудда қуён, уй ҳайвонлари ёки бошқа ёввойи ҳайвонлар бўлса, дарахтларни ҳимояланг – акс ҳолда ҳайвонлар янги ниҳолларни нобуд қилади.

·         Экиш учун мўлжалланган дарахтларни бино ичида сақламанг. Агар об-ҳаво жуда совуқ бўлса иситилмайдиган гараж ёки обморда сақлашингиз мумкин.

 

Дарахт экиш йўриқномаси

Биринчи қадам. Янги экилган дарахтларни қозиққа боғлаш керакми?

Деярли барча янги экилган кўчатларни қозиққа боғлаш тавсия қилинади.

Иккинчи қадам. Кўчат экиш чуқурчасини ковлаш

Юқорида қайд этилганидек, кўчат экиш чуқурчасини кўчат экишдан жуда эрта ковламанг, чуқурчалар узоқ қолиб кетса, ёмғир билан тўлиб қолади. Мевали дарахтларни сув йиғилиб, кўлмак бўлиб қолган тупроқларга экманг.

Кўчат экиш чуқурчаси чуқурлиги 0.5м бўлиши шарт. Кўчат илдизлари яхши ва эркин жойлашиши учун қазилаётган чуқурча кенглиги экилаётган кўчат илдиз қисми ҳажмидан бир оз кенгроқ бўлиши шарт. Имкон бўлса чуқурча деворлари ва остини бир оз юмшатиш илдизларни яхши ривожланишига ёрдам беради.

Агар кўчатларни олдиндан ўрнатилган муқим қозиқ ёнига экаётган бўлсангиз, чуқурчани қозиқнинг жанубий тарафидан ковланг (кўпроқ қуёш нури тушади). Агар кўчат экадиган майдонингизда шамол кўп бўлиб турса, кўчатларнинг пайванд қилинган жойи шимолга қараб жойлаштирилиши тавсия қилади.

daraxt-ekish-chuquri-120-357.png (281 KB)

1-расм. Экиш чуқури

Чуқурчани дарахт экиш режалаштирилган кун ковлаш мақсадга мувофиқ.

Кўчат экиладиган чуқурчага ўғит солиб кўчат экиш тавсия қилинмайди, фақатгина тупроқ шароитлари жуда оғир ҳудудлардагина шундай қилиш мумкин. Агар чуқурчага ўғит солиб кўчат экилса, кўчат илдизлари сунъий муҳитда, озуқага бой чуқурча ичидагина ривожланади ва ташқарига ривожланишга ҳаракат қилмайди. Агар тупроқ ортиқча қумлоқ ёки клей (сирач) бўлса, кўчат экишдан олдин унга гўнг ёки компост арашлаштириш мумкин.

Агар кўчат экаётган майдонингиз тупроғи оғирлигини олдиндан билсангиз ва катта миқдор кўчат экаётган бўлсангиз, кўчат экиладиган чуқурларни олдиндан ковлаш ва уларга унумдор тупроқ ёки компост қўшиб аралаштириш мумкин. Аксарият мевали дарахтлар учун тупроқнинг унумдор қатлами 60-90см бўлиши талаб қилинади.  Шундай бўлсада, олдиндин чуқурларни ковламасликка ҳаракат қилинг, улар сувга тўлиб қолади ва бу дарахтлар учун ҳавфли.

Учинчи қадам. Дарахт экиш

Агар кўчат илдизлари ҳимояловчи мато билан ўралган бўлса, ундан тозаланг ва 2-3 соатга салқин жойга сувга қўйинг. Илдизлари очиқ дарахтларни экишдан олдин илдизлари қуриб қолмаслигига қаттиқ эътибор беринг.

daraxt-dhfj24-gk524fgk.png (66 KB)

2-расм. Пайванд қилинган жой, 10-15 см юқорида

Дарахтларни экишдан олдин 8-12 соатгача сувда ушлаб туришни маслаҳат берамиз.

Экилаётган дарахтнинг пайванд қилинган жойи тупроқнинг устида бўлишига аҳамият беринг.

Кўчат экилгандан сўнг, чуқурчани кўмаётганда тупроқни енгил босиб илдиз атрофида бўшлиқ юзага келиб қолиши олдини олинг, лекин қаттиқ босиб тепкиламанг.

Чуқурча устидаги тупроқни бир оз кўтариб қўйилса, бу янги экилган дарахт илдизи атрофида сув йиғилиб қолиши олдини олади.

Тўртинчи қадам. Янги экилган дарахтларни қозиққа боғлаш

Агар экаётган кўчатларингиз муқим қозиқ ёки симбағазга боғланиши керак бўлса, олдин симбағазни ўрнатинг ва сўнгра дарахтларни экинг.

Агар экаётган дарахтларингиз муқим қозиқ ёки симбағаз талаб қилмаса, олдин дарахтларни экиб кейин уларни вақтинчалик қозиққа маҳкамлаш мумкин. Вақтинчалик қозиқ экилган дарахт танасига нисбатан 45 градусда жойлаштирилиши шарт, яъни ўрнатилаётган вақтинчалик қозиқ дарахт илдизи жойлашган чуқурчанинг ташқарисига жойлашиши шарт.  Муқим (доимий) қозиқ ёки симбағазнинг вазифаси дарахтнинг оғирлигини унинг умрининг охиригача ушлаб туришга ёрдам бериш. Вақтинчалик қозиқнинг вазифаси янги экилган дарахт 2-4 йилгача ўзини тутиб олгунча унга ёрдам бериш. Дарахт вақтинчалик қозиққа ердан 1 м атрофида масофада боғланиши шарт. Дарахт шамолда қанчалик кам қимирласа, у шунчалик яхши ўсади ва танаси қалинлашиб қозиққа эҳтиёжи камаяди.

Бешинчи қадам. Мулча ва суғориш

Экилган дарахт атрофини мулча билан қоплаш ва суғориш жуда муҳим аҳамиятга эга. Дарахтлар экиб бўлиниши билан уларни суғоринг. Сув тупроққа яхши қониши учун, суғоришни аста секинлик билан амалга оширинг.

Сўнгра дарахтлар остига мулча тўшанг. Мулча бу органик маҳсулот бўлиб, унинг вазифаси бегона ўтларни, ортиқ сув талаб қилувчи ва озуқаларга шерик бўлувчи омилларни назорат қилишга ёрдам беради. Энг яхши мулча- бу чиритилган гўнг ёки компост. Мулча дарахт танасидан 1м кенгликда ва қуёш нури ўтказмаслик учун 3 см қалинликда тўшалиши тавсия қилинади.

Мулча янги экилган дарахтлар учун жуда фойдали, лекин иссиқ ҳудудларда мулча зараркунанда ҳашоротлар ривожланиши учун қулай маконга ҳам айланиши мумкин. Иссиқ ҳудудларда фақат шу сабабгина мулча фойдасини саволга тутади. Бундай шароитларда мулчадан фойдаланмасдан дарахтларни мунтазам равишда суғориб туриш маслаҳат берилади.

Дарахтлар экилгандан сўнг эртасига яна бир бор суғоринг. Агар ҳаво иссиқ ва қуруқ бўлса дахтларни бир ҳафтада бир марта суғориш тавсия қилинади, лекин мевали дарахтлар илдизлари ортиқча намликда нобуд бўлиши сабабли уларни ортиқча суғорманг.

Олтинчи қадам. Экилган дарахтнинг биринчи баҳори

Янги экилган дарахтлар янги муҳитга мослашиш жараёнида биринчи баҳор жуда муҳим аҳамиятга эга. Бегона ўтлар уларнинг мослашишига ҳалақит бериши сабабли, тозалаб турлиши шарт. Шундай бўлсада, янги экилган дарахтлар атрофига гебицид сепманг, хавфли. Бегона ўтлар ўсиши олдини олиш учун мулчадан фойдаланинг.

Дарахтлар уйғонишни бошлаганда уларни озиқлантиришни бошланг. Янги экилган дарахтлар асосан азот, фосфор ва калийга муҳтож бўлишади.

Янги муҳитга мослашаётганлиги сабабли экилган дарахтларни баҳор ва ёзда мунтазам кузатиб боринг. Айниқса олхўри ва гилос дарахтларига кўпроқ эътибор бериш муҳим, чунки улар илдизларидан ортиқча куч талаб қилиб бир неча ой ичида 1 метргача ўсади. Бир йил ўтиб дарахтлар яхши ўрнашиб олгандан сўнг, янги экилган дарахтлар бунчалик кўп эътибор талаб қилмайди, шундай бўлсада, янги экилган дарахтларнинг биринчи 3-5 йиллик умри давомида уларга кўз-қулоқ бўлиб туриш ижобий натижалар беради.

Пакана ва ярим-пакана дарахтлар баҳор ва ёз ойларида мунтазам суғорилиб туришни талаб қилади, жадал ўсувчи (кучли пайвантакдаги) дарахтлар қурғоқчилик бўлмаса, ёши ўтиб борган сари ўзини яхши бошқара олади.

Очиқ илдизли мевали дарахтлари экиш тартиби

Ўзбекистонда мевали дарахтлар асосан кеч куз ёки эрта баҳорда илдизлари очиқ ҳолда (тупроқ билан ўралмаган ҳолда) сотилади. Ҳар икки ҳолатда дарахтлар уйқуда бўлади.

Илдизлари очиқ ҳолда келган дахтлар дарҳол кечиктирилмасдан экилиши шарт, лекин агар тупроқ музлаган бўлса уларни экманг.

Агар олиб келинган пайт турли сабабларга кўра дарахтларни эка олмасангиз, уларни қиров тушмайдиган чодир ёки гаражда 3 кунгача сақлаб туришингиз мумкин. Дарахтларни иситиладиган хонада сақламанг. Экишдан олдин агар дарахт илдизлари қуруқдай кўринса уларни 4-6 соатга совуқ сувда сақлаб, сўнгра экиш яхши натижа беради. Бундай тадбир кўчатлар бевосита  экилишидан олдин қилиниши даркор. Дарахтларни экишдан олдин сувда ушлаб туриш ҳар доим ҳам зурур эмас. Агар кўчатлар кўчатхонадан келиши билан экилса, лекин ковлаб олинганига бир неча кун бўлган бўлса, бундай дарахтларни сувда бир неча соатга ушлаб туриб экилса тутиб кетиши осон бўлади.

Агар кўчатлар олиб келингандан сўнг узоқроқ муддат ушлаб турилиши керак бўлса, унда унчалик чуқур бўлмаган чуқур ковланг, дарахтлар илдизлари ўралган матони олиб ташланг ва илдизларини чуқурчага тўлиқ жойлаштиринг. Сўнгра чуқурчани нам тупроқ ёки дарахт кукуни (опилка) билан кўминг.

Ҳайвонлардан ҳимоялаш албатта ўқинг!

Агар сизнинг ҳудудингизда қуёнлар ёки шу каби кемирувчилар ёки бошқа ёввойи ва уй ҳайвонлари бўлса, янги экилган дарахтларни улардан ҳимояланг. Бу ҳайвонлар шубҳасиз янги экилган дарахтларга ҳужум қилади, агар улар борлигини билсангиз, муаммоларга тайёр бўлинг. Янги экилган дарахтлар экилган кундан бошлаб ҳимояга муҳтож бўлади, бу ишни бошқа бирор бир қулай кунга қолдирманг!

Қуёнлар одатда дарахтларнинг пўстлоғини кемиради ва бу дарахтлар учун жуда хавфли. Уларнинг ҳужумини исталган мавсумда кутиш мумкин, лекин қишда кўпроқ учрайди. Қуёнлар олма дарахтларига нок, олхўри ва гилос дарахтларига нисбатан кўпроқ ҳужум қилишади. Дарахтларни уларда ҳимоялаш учун табиий тарзда чириб йўқ бўлувчи саллофан ёки шу каби матоларни дарахт танасига ўранг. Дарахт тансига сетка ўраб қўйиш ҳам самарали натижа беради.

Бир икки йил ўтгандан сўнг қуёнлар муаммоси ўз-ўзидан камаяди, чунки улар қаттиқ дарахт пўстлоғини унчалик хуш кўришмайди.

Уй ҳайвонлари, сигирлар ва қўйлар, одатда мевали дарахтлар билан озиқланишмайди, леин агар боғ ичига киришса, дарахтларни вайрон қилади, шу сабабдан боғни ўраш тавсия қилинади.

Товуқлар одатда мевали дарахт атрофидаги зараркунанда ҳашоротлар билан озиқланиб фойда келтиради, лекин дарахтлар ёшлигида ёш куртак ва баргларга ҳужум қилмаслиги ва улар остини ковлаб ташламасликлари учун кўз қулоқ бўлиб туринг. Бир икки йил ўтгандан сўнг товуқлар мевали дарахтларга яхши ҳамроҳ вазифасини ўтайди.

Манба: mevazor.uz

Улашиш: