Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Шоли экиш бўйича тавсиялар

21/Dekabr/2024 17:36
  1895

Шоли дунё аҳолисининг ярмидан кўпроғининг асосий озиқ-овқат манбаи ҳисобланади. Шу боис шоли аҳамияти жиҳатидан буғдойдан кейинги ўринда туради. Халқимизнининг кунлик истеъмолида ҳам гуруч маҳсулотлари муҳим ўрин тутади. Қолаверса, ўзбекнинг энг севимли таомларидан бири палов ҳисобланиб, ҳеч бир тадбири ошсиз ўтмайди. Шу маънода юртимизда доимо шолига талаб катта. 

Мамлакатимизда шоли асосан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Тошкент, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида етиштирилади. Шунингдек, Фарғона водийси, Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё вилоятларининг айрим туманларида ҳам шоли экилган майдонларни учратиш мумкин. 

Шоли деҳқончилигида ҳосилдорликни белгиловчи асосий омиллардан бири экиш мавсумини сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш ҳисобланади. 

Дунёда шоли етиштириш усуллари ўзининг хилма-хиллиги билан ажралиб туради. У турли миллатларнинг кўп йиллик тажрибалари, урф-одатлари ҳамда иқлим шароити билан узвий боғлиқ. Мамлакатимиз тупроқ-иқлим шароитида шоли етиштириш 2 хил усулда амалга оширилади: 

1. Шоли уруғини тўғридан-тўғри далага экиш ва сув бостириш усули. Ерни тайёрлаш кузги шудгорлашдан бошланади. Шудгорланган далага баҳорда мола-борона билан ишлов берилиб, узун базали текислагичлар билан обдон текисланади. Осма чизеллар билан тупроқ юмшатилиб, шолипояларга сув бостирилади ва сувда текисланади. Майдоннинг ҳамма жойида сув бир хил қалинликда бўлишини таъминлаш зарур. 

Қамиш, сув ҳилоли, курмак билан кўп ифлосланган далаларни апрель ойининг иккинчи, май ойининг биринчи ярмида 15-18 см чуқурликда қайта ҳайдаш яхши самара беради. Иқлимлаштирилган шоли навларининг экиш муддатини белгилашда минтақанинг табиий-иқлим шароити ҳисобга олинади. Экишга шолипоядаги сувнинг ўртача кунлик ҳарорати 14оС га етганда киришиш мақсадга мувофиқ. 

Экиш учун 1000 донасининг вазни нав турларига боғлиқ ҳолда 29-34 г бўлган, сифатли ва ҳар хил аралашмалардан ҳоли, униб чиқиш қобилияти юқори репродукцияли уруғлар танлаб олинади. Бунда шоли уруғи 3-4 см чуқурликка экилади. 

2. Шолини кўчатидан экиш усули. Бунда шоли кўчати махсус кўчатхоналарда тайёрланади. Кўчатхона учун ажратиладиган майдонлар керак пайтда сувни ташлаш ва сув сатҳини меъёрида ушлаб туриш учун бошқа майдонларга нисбатан баландроқ жойга жойлаштирилиши, тупроғи унумдор бўлиши лозим. 

Шудгорланган майдонга эрта баҳорда гектарига 40 тонна органик ўғит солиб, юза (15 см) ҳайдалади. Сўнгра +3 см қилиб текисланади. Ер текислангандан сўнг минерал ўғитлардан 100 м2 учун соф ҳолида 2-3 кг сульфат аммоний, 1-1,5 кг фосфор ва 1 кг калий ўғити солиниб, тупроққа аралаштирилади. Кўчатлар 5-7 см қалинликда сув бўлган майдонларга қўлда экилади. 

Экиш схемаси кечпишар навлар учун 20х15, ўртапишар навлар учун 15х15 см, ҳар бир уяга 1-2 дона кўчат экилади. Бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонлар сомондан тозаланиб, 15-20 см чуқурликда шудгорланади сўнгра мола-борона қилиниб, далаларнинг табиий текислигига мос равишда пол олинади ҳамда сув бостирилади. Кейинги агротехник тадбирлар шолини асосий экин сифатида экишдаги сингари амалга оширилади. 

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, эртапишар навлар кўчати 25-30, ўртапишар ва кечпишар навларники эса 30-35 кунлигида асосий майдонга ўтқазиш учун тайёр ҳолга келади. Кўчатларни асосий майдонга кўчиришдан бир ҳафта олдин гектарига 5 кг ҳисобида азот ўғити билан озиқлантирилади. Бу эса кўчатларнинг бақувват ва тез тутиб кетишини таъминлайди. 

Шу билан бир қаторда бу усулнинг ўзига хос камчиликлари мавжуд. Шоли кўчатини далага экиш кўп қўл кучи талаб этади. Кўчат қалинлиги бир квадрат метрда 250-300 донани ташкил қилганда юқори ҳосил олинади. Бу миқдордаги кўчат сони сеялкалар билан навларга боғлиқ ҳолда бир гектарга 5-6 млн дона яроқли дон экилганда олинади. 

Маълумки, шоли навларининг уруғи хўжаликларда узоқ вақт мобайнида экилса, юқори ҳосилдорлик хусусиятларини йўқотиб боради. Шоли уруғи бошқа навларнинг уруғи билан аралашиши, касаллик ва зараркунандалар билан зарарланиши туфайли навдорлик ва уруғлик сифатлари пасайиб кетади. 

Юқори сифатли уруғ етиштириш учун барча агротехника тадбирларини ўз вақтида қўллаш лозим. Сифатли уруғ ҳосилдорликни ўртача 15 фоизга ошириш мумкин. Элита, биринчи ва иккинчи репродукцияли уруғларнинг бошланғич кўкарувчанлик даражаси 85-95 % бўлиши керак. 

Шоли навларининг сифати навни янгилаб туриш йўли билан сақлаб борилади. Уруғлик учун экилган далаларда қуйидаги ишлар ўз вақтида уруғчилик талабларига риоя қилинган ҳолда ўтказилиши зарур: 

- уруғчилик далаларини бир ерда икки йилдан ортиқ жойлаштирмаслик; 

- уруғчилик участкасида нав тозалигини сақлаш мақсадида 2-3 маротаба ўтоқ ўтказиш баробарида бошқа нав аралашмалари (шоли бош тортишда тезда ажратиш осон ва қизил донли формалар яққол кўзга ташланади) ни томирлари билан олиб ташлаш; 

- минерал ўғитларни шоличиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари учун имтиёзли равишда бериш, етарлича сув ажратиш, бегона ўтни йўқотиш ҳамда ўрим-йиғимни ўз вақтида якунлаш. 

Шоликорларимиз юқоридаги тавсияларни минтақа тупроқ-иқлим шароити хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширишса, мўл ва сифатли ҳосил етиштириб, халқимизнинг гуручга бўлган талабини қондиришга ҳисса қўшадилар, албатта. 

А.Абдуллаев, Қ.Қурбонбоев, М.Сатторов


Улашиш: