Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Келаси йилдан Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарёнинг қатор худудларига сув боради

22/Dekabr/2024 02:06
  1226

Жорий йилнинг 14 декабрида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2020 йилларда сув таъминоти оғир бўлган ҳудудлардаги аҳоли томорқаларига сув етказиб бериш учун суғориш қудуқларини қазишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида келтирилган вазифалар натижасида келгуси йилдан кўпгина ҳудудларда деҳқончилик соҳасидаги сув муаммолари хал бўлиши мумкин. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Унга кўра, 2019-2020 йилларда сув таъминоти оғир, лекин истеъмолга яроқли ер ости сув захиралари етарли бўлган маҳаллалар ҳудудларидаги аҳоли томорқаларига сув етказиб бериш учун суғориш қудуқлари қазилади.

Бунда эса бир қатор ташкилотлар билан бир қаторда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фаол иштирок этади.

– Энг аввало, сув оғир бўлган туманлар маҳалла, ҳатто кўчалар кесимида таҳлил қилинди, – дейди кенгашнинг бўлим бошлиғи Нўъмонжон Раҳмонов. – Хонадонларга кириб, аҳолининг сувга бўлган талаби ўрганилди. Қайси ҳудуднинг қаерида қудуқ қазиш керак. Нечта томорқа учун мўлжаллаш керак барчаси ўрганилди.

Биламизки, олис қишлоқларда, тоғ ёнбағридаги лалми ерлардаги ҳудудларда аҳоли тарқоқ яшайди. Бир жойда 50 та яна бирида 100 хонадон тўпланиб яшаётганини кузатиш мумкин. Энди уларга қай тартибда қудуқ қазишни ҳар бир томорқа эгасига биттаданми ёки маҳаллага битта қазиб қувурлар орқали бошқаларга етказиб берамизми? Шу тариқа қайси туманда нечта қудуқ қазиш ва қанча майдонга сув чиқариш кераклиги аниқланди. Мисол учун, Тошкент вилоятида жойлашган 13 мингдан кўпроқ хонадоннинг томорқасига қарийб 70 минг метр куб сув керак экан.

Талаб ва таклиф аниқ бўлгач, қудуқ ковлашни “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти ва “Сувқурилишинвест“ давлат унитар корхонаси бажаради. Бу тадбирлар учун 40 миллиард сўм ажратилган бўлиб, вилоятлар миқёсида тўрт юзтадан ортиқ қудуқ қазилиши мўлжалланмоқда. Вилоятлар кесимида айтадиган бўлсак, суғориш сувлари борасида водий вилоятларида аҳвол унчалик ёмон эмас. Бироқ, Самарқанд вилоятининг Нуробод, Қўшработ, Қашқадарёнинг Қамаши, Чироқчи, Сурхондарёнинг Бойсун, Қизириқ каби туманларида бу масала анча оғир экан.

Биз бу ҳудудларда сув етказиб берганимиздан кейин аҳолини уруғ, кўчат, минерал ўғит билан таъминлаймиз. Тайёр маҳсулотни “Томорқа хизмати” сотиб олиб, ички ва ташқи бозорга етказиб беради. Аҳоли фақатгина мўл ва сифатли маҳсулот етказиб берса, қолгани “Томорқа хизмати”нинг вазифаси бўлади.

Кенгашдан маълум қилишларича, ҳозирда тизимли ишлар ташкил этилиб, баҳорга қадар суғориш қудуқларини тайёрлаш чораси кўрилмоқда. Шунда аҳоли эрта баҳорда экин-текин ишларини бошлайди ва уларда сув муаммоси бўлмайди.

Манба: www.uza.uz

Улашиш: