Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Анорни териш ва уни сақлаш усуллари

21/Dekabr/2024 11:29
  1240

Анор пишганидан кейин уни териб олиш ва сақлаш керак. Анорни сақлаш учун алоҳида анорхоналар жуда муҳимдир. Сақлаш усуллари ҳам турлича. Бу борада оталаримиз тажрибаларини ўқиб кўринг.

Анорхонани узунлигини 10 метр, эни 4 метр қилиб кўринг. Бино деворининг қалинлиги 70 сантиметр бўлиб, унча катта бўлмаган иккита деразасини ҳам бинонинг шимол томонига ўрнатинг. Сирдарё шароитида анорхоналарга пол қилиш жуда зарур. Негаки, сизот суви ер юзасига жуда яқин, зах уфуриб турган ерда анор тезда чириб кетади. Улкамизнинг айрим худудларида анор сақлаш учун қамиш тўшама ёки курук қумдан фойдаланилади. Хонани шамоллатиш учун бинонинг том қисми ёки деворнинг томга якин қисмидан камида иккита туйнук қолдиринг. Бундай хонада қуруқ салқин ҳаво юзага келиб, ҳар қандай мева ёки сабзавотларни узоқ муддат сақлаш мумкин.

Энди анор узишга киришайлик. Анор теришни тўрт муддатга ажратинг. Биринчи муддат бу сентябр ойининг 20-25 кунларидир. Бунда пишган анорлар навига қараб, алоҳида-алоҳида қўйилади. Анор узиш учун албатта ўткир қайчи ишлатинг. Анор мевасини шохидан камида бир сантиметр қолдириб, узиб, бир кун боғингизда қолдиринг. Узиш чоғида анорга чақалоққа қилган муомаладек бўлинг. Эртаси куни махсус саватда анорни омборхонага ташлаб, тўрт қаторлаб, эҳтиётлаб теринг. Дастлаб майдароқ анорлар, тепа қисмига эса каттароғини теринг. Чунки катта анор нозик ва сувли бўлиб, тез зах ейиши мумкин.

Орадан бир ҳафта ўтиб, иккинчи муддатда ўртача анорни теринг. Бу орада ёрилган анорлар териб, бозорга сотилиши ёки турли шарбатлар тайёрлашингиз ҳам мумкин.

Учинчи муддатга қолдирилган анорнинг нақадар хуштаъм ва ўзи ҳам чиройли бўлишини боғбонлар жуда яхши билишади.

Анор дарахтини кўмиш олдидан охирги муддатга қолдирилган майда анорларни териб олинг.

Бу пайтга келиб, улар ҳам пишиб етилади. Шу ўринда яна бир маслаҳат: анор шохларида қолдирилган меваларни қалин қогозларга ўраб, жойида қолдиринг, кўмиш чоғида ерга тегмасин. Март ойида анорни очиш пайтида фарзандларингиз билан таъмини йўқотмаган хушхўр анорни маза қилиб ейсиз.

Айрим боғбонлар келгуси йил ҳам шундай мўл ҳосил олайлик, деб охирги меваларни дарахтларни ўзига «егизишади», яъни, анор томирини ёнига кўмишади. Бу ҳам боғдорчиликдаги иримлардан бири.

Анорни узоқ муддат сақлашнинг турли йўллари бор. Айримлар уни куритиб сақлайди. Агар анорни намакоб суви билан ювиб ва озроқ муддатга куёш нурида куритиб, омборхонангизга териб қўйсангиз, узоқ муддат сўлимай туради.

Омборхонагизда ҳаво қуруқ бўлса ҳар ер-ҳар ерига идишда сув қуйинг, анор нам тортиб, ўзини йўқотмайди.

Анорни сақлаш борасида дехқонободлик боғбонларда шунчалик ҳайрон коларлик тажрибалари борки, ўзи бир китоб бўлади.

Муҳими, анорни яхшилаб пишириб узиб олсангиз, хоҳлаган муддатгача сақлаб, азиз меҳмонларингиз дастурхонини безашингиз мумкин.

Манба:

И. Неъматов (2011). Анорчилик сирлари. Ёш боғбонлар, фермерлар ва барча қизиқувчиларга қўлланма.

Улашиш: