Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Сувни тежаш бўйича агротехник тадбирлар тизими

19/Dekabr/2024 13:01
  1095

Тупроқда қулай сув режимини яратиш учун, биринчидан, унинг сувни сингдириш ва намни ушлаш ҳусусиятини ошириш ва, иккинчидан, сувни кўтариш қобилиятини ва сув буғланиш юзасини қисқартириш керак.

Тупроқнинг сувни яхши сингдириш қобилияти суғоришга берилган сувни ва ёғин сувини тупроққа тўлиқ сингиши учун ёрдам беради. Нам ушлаш хусусиятининг юқорилиги келган намни тўлиқ сақлаб қолади ва йўқолишини камайтиради. Сувни кўтариш қобилиятини пасайтириш пастки қатламлардан капилляр нами кўтарилишини камайтириш учун, ва сув буғланиш юзасини қисқартириш эса сувни фойдасиз йўқолишини олдини олиш учун керак.

Тупроқ сув режимини тартибга солиш учун юқоридаги масалалар ечилиши зарур. Агар бу тадбирлар юқори ҳосил олиш учун етарли бўлмаса, қўшимча суғориш талаб этилади.

Қуйида сувдан тежамкорлик билан фойдаланиладиган агротехник тадбирлар тизимини кўриб чиқамиз.

Тупроққа ишлов бериш маданияти. Экинлардан юқори ҳосил олишда суғоришдан кейин, ер тобга келган вақитда барча ҳайдалма экинларда эгат оралиғига ишлов бериш (культивация) ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ўз вақтида ўтказилган чуқур культивация нафақат сувни тежайди, балки ҳосилдорликни ҳам 60 % гача оширади. Қишлоқ хўжалик экинларини етиштиришда суғоришдан кейин берилган ишлов қулай ҳаво, иссиқлиқ ва озуқа режимини таъминлайди, бу эса ўсимликни нормал ривожланишига имконият яратади.

Суғоришдан кейин тупроққа берилган ишлов, тупроқ юзидан буғланишни камайтиради, капиллярлар орқали туз кўтарилишини секинлаштиради.

Тупроққа ишлов берилмаганда, нам жадал буғланиб, суғоришлар ораси қисқаради ва суғоришлар сони кўпаяди, бу эса суғориш тизимида сув танқислигига олиб келади.

Суғориш ва тупроққа ишлов беришни бир-бири билан боғлаш, доимий сув оқими шароитида навбат билан фермерлараро ёки хўжалик каналлари бўйича сув таъминланиши орқали амалга оширилади. Суғориш ва тупроққа ишлов бериш боғланишининг асосий принципи шундан иборатки, бунда бир суткада суғориладиган майдонлар шу давр ичида ишлов бериладиган майдонлар хажмига тенг бўлиши керак.

Тупроқни мульчилаш натижасида табиий буғланиш камаяди, тупроқда нам узоқ вақт сақланади ва суғоришлар оралиғи узайяди.

Тупроқни органик ва минерал ўғитлар билан тўйинтириш транспирация коэффициентини камайтиради, ўсимлик сувни бефойда йўқатишини пасайтиради, суғориш маҳсулдорлигини оширади. Масалан, САНИИРИни институтининг ўтказган тажрибалари барча агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш, минерал ўғитларни ўз вақтида керакли меъёрда бериш ҳосилдорликни 1,6 баробар, суғориш маҳсулдорликни 0,36 т/1000 м3 дан 0,96 т/1000 м3 гача, ёки 2,6 баробар ошириш мумкин эканлигини кўрсатди.

Ерларни текислаш. Ер устидан суғоришда самарадорликка эришишда, суғориш учун дала сатҳини текислаш ва тайёрлаш жуда муҳим. У бутун дала бўйича ва илдиз тизими ривожланиш қатламида сувни бир текис тақсимланишини ва сингишини таъминлайди. Бир текис суғориш ирригация тизими самарадорлигига сезиларли таъсир қилади. Ерларни текислаш, ерларни ортиқча намиқишини олдини олади, ўқ ариқлар мақбул жойлашган узун эгатлардан фойдаланиш имконини беради, ҳамда суғоришни такомиллашган (суғориш шлангларидан, сифонлардан фойдаланиш ва ҳоказо) усуллардан фойдаланишга имкон яратади.

Агар дала текис бўлмаса, айрим жойларда илдиз қатлами етарлича намланмайди, сой жойларда сув кўллаб қолади ва исроф бўлади. Яхши намланмаган ерларда ўсимлик сўлиб қолади. Ортиқча намланган ерларда ўсимлик аэрация ёмонлашуви ва озуқа элементларини ювилиб кетишидан зарар кўради.

Чуқур юмшатиш. Бу асосан бир йиллик экинлар учун. Охирги 10-15 йиллар давомида Ўзбекистонда ерларни шудгор қилиш ва тупроққа ишлов бериш учун солиштирма босими катта бўлган ғилдиракли тракторлар ишлатилмоқда. Натижада кўп далаларда 30-40 см чуқурликда тупроқ сув сингдирувчанлигини камайтирувчи, ортиқча намиқишга ва қишлоқ хўжалиги ишларини кечиктирилишига олиб келадиган зич қатламларни кузатиш мумкин. Тупроқни зичланишига, шунингдек, баланд намлик ҳолатда ишлов бериш ва суғоришни сифатсиз усуллари ҳам таъсир қилади.

Зичланган тупроқларда ўсимлик илдизи яхши ривожлана олмайди, актив қатлам қисқариши эвазига ўсимлик биологик талабидаги сувни ҳазм қилолмайди. Суғоришга берилган сувни бир қисми фойдасиз буғланишга сарф бўлади.

65 см дан 80 см гача чуқур юмшатиш тупроқни қаттиқ қатламини юмшатади, тупроқ сув сингдириш қобилиятини яхшилайди, ҳажм оғирлигини камайтиради, тупроқ ортиқча намиқишини олдини олади ва ҳосилдорликни оширади. Тупроқ сув сингдириш қобилиятини ошиши ва ҳажм оғирлигини камайиши эвазига шўр ювиш учун сув сарфи сезиларли даражада қисқаради ва шўр ювиш сифати яхшиланади.

Юқорида келтирилган тадбирлардан ташқари намни тўплаш, тежаш ва ўсимлик намликни рационал сарфлаши бўйича қуйидаги усулларни қўллаш мумкин - қора ва кузги шудгор, экинларни оптимал муддатларда экиш, сувсизликка чидамли, эрта ва кеч пишар навлар майдонини тўғри жойлаштриш, ва ҳ.к.

Кам сув истеъмол қиладиган қишлоқ хўжалиги экинларига қуйидагилар киради - полиз экинлари (қовун, тарвуз, қовоқ ва ҳ.к.), кунгабоқар, кузги бошоқли экинлар, дуккаклилар, судан ўти.

Бахтияр Матякубов

Улашиш: