Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Иссиқхонада петрушка етиштириш

22/Dekabr/2024 18:02
  1222

Петрушка – икки йиллик ўсимликдир. Унинг икки тури мавжуд: баргли ва илдизли. Ўсимликни етиштиришнинг биринчи йилида унинг кичик тақсимчалар кўринишидаги силлиқ ва ялтироқ барглари ҳамда илдиз тизими шаклланади. Петрушканинг илдизи кулрангоқ рангдаги йўғонлашган ҳамда ундан тармоқланиб кетган ингичка илдизлардан иборат бўлади. Ўлкамизда номавсумий шароитларда, петрушкани кўкат сифатида тезлаштирилган усул ёки уруғини сепиш усули билан етиштириш мумкин. Тезлаштирилган усулда унинг илдизларидан фойдаланилади. Шу мақсадда петрушканинг районлаштирилган маҳаллий Нилуфар, француз навларидан Гигант Де Италия, Камила (Дарк Грин), Новас ва Россиянинг Сахарная навларининг илдизлари экилади. Уруғини сепиш усули билан петрушка етиштиришда эса Россиянинг районлаштирилган «Сахарная» ёки районлаштирлмаган «Обыкновенная листовая» навларидан фойдаланилади.

Петрушкани тезлаштирилган усулда етиштиришда унинг барглари декабрь-февраль ойларида қирқилади. Бу тадбир 35- 40 кун давом этади. Узлуксиз – конвейр усулда кўкат етиштириш учун илдизларни кўчириб ўтқазиш, қиш давомида, бир неча муддатларда амалга оширилади. Шу мақсадда петрушканинг илдизлари очиқ тупроқда етиштирилади. Октябрнинг охирларида улар ковлаб олиниб, сақлаб қўйилади. Петрушканинг кўк баргларини тезлаштирилган усулда етиштириш учун, сақлаб қўйилган илдизлар, оралиғи 15-20 см ли қаторларга ҳар 7-8 см дан кейин экилади. Экиш чуқурлиги 8-10 см  тупроқ қалинлиги эса 20-25 см бўлиши лозим. Бунда йўғон илдизларнинг диаметри 2-3 см, ўртача массаси 70-80 г бўлиб, уларни экиш меъёри 5-6 кг/м2 ни ташкил этади. Барглар эркин ўсиб чиқиши учун илдизнинг бош қисми очиқ қолдирилади. Бу даврда ҳарорат 19-200С оралиғида ушлаб турилади.

Петрушканинг уруғини тупроққа сепиш йўли билан иссиқхоналарда кўкат етиштиришда, тезлаштирилган усулга нисбатан 40-45 кун ортиқ вақт кетади. Лекин, мазкур усулда петрушкани очиқ майдонлардаги тупроққа экиш, илдизларни тайёрлаш, сақлаш ва уларни иссиқхоналарга олиб бориш, экишга бўлган зарурат йўқолади. Петрушка ҳосилдорлиги уни бир неча марта қирқиб олишда юқори бўлади.

Петрушка уруғи жуда секин ўсади. Ўсишни тезлаштириш учун петрушка уруғи 2-3 кун давомида ивитилади, сўнг яна 3-4 кун нам газламада ундирилади.

Айрим ҳолларда петрушкани экишдан олдин унинг уруғи 35-50 0С ли илиқ сувда 4-5 кун давомида намланади. Бу тадбир уруғларнинг униб чиқишини 7-8 кунга тезлаштиради. Тайёр уруғлар унча чуқур бўлмаган жўяклардаги нам тупроққа экилади. Уруғ сепилгач, тупроқ юзаси чиринди гўнг билан қопланади. Баҳорда, уруғ сепилгач, жўяклар ёруғлик ўтказадиган плёнка билан қопланиши лозим. Уруғ униб чиққач, плёнка олиб ташланади. Уруғ сентябрда кўп қаторли (қаторлар оралиғи 10-15 см) усулда ёки пушталарга, ораларида йўлаклар қолдириб, сепилади. Уруғ 0,5-1 см чуқурликда жойлаштирилади, уни сепиш меъёри 1,5-2 г м2. Ўсимликлар оралиғи ўтоқдан кейин 2-3 см бўлиши керак.

Петрушка муътадил (15-170С) ҳаво ҳароратини, ҳавонинг паст нисбий намлигини (60-700С) ва тупроқнинг муътадил (60-70%) намлигини талаб этади. Петрушка кўллатиб, лекин, нисбатан кам суғорилади. Бу тадбир илдиз чиришдан сақлайди. Ўсимлик ортиқча намликдан кўпроқ декабрь-январь ойларида кучли зарар кўради.

Петрушка барглари кўп мартали қирқиш йўли билан йиғиб олинади. Дастлабки қирқиш уруғ сепилгач, 2,5-3 ойдан кейин ўтказилади. Куз ва қиш фаслларида ҳар бир қирқиш оралиғи 50-60 кунга, эрта баҳорда эса 30-40 кунга тенг бўлади. Бир мавсумда (сентябрдан майгача) петрушка баргларини 5-7 марта қирқиб олиш мумкин.

Манба:

Асатов Ш. И. (2016). Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларидаги тупроқли иссиқхоналарда сабзавот экинларини етиштириш технологияси. Тавсиянома. Baktria press.

Улашиш: