Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Кўчатни тўғри экинг

20/Dekabr/2024 18:33
  1485

Республикамиз аҳолисининг қурилишбоп ёғоч ва озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш учун ўлкамизнинг табиий имкониятларидан оқилона фойдаланган ҳолда ёғочбоп, мевали ва ёнғоқ мевали дарахт кўчатларини экиш ҳажмини кўпайтириш мақсадга мувофиқдир. Бунда ҳар бир дарахт турини ҳудудлар тупроқ-иқлим шароитини ҳамда дарахтларнинг биологок хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда танлаб экиш керак.

Республикамиз шароитида одатда терак, тол, жийда, бошқа дарахт ва буталарнинг қаламчалари асосан махсус оналик плантацияларида етиштирилган дарахтлардан ёки тўнкалардан ўсиб чиққан (бачки) бир йиллик новдаларидан тайёрланади. Қаламча учун тайёрланган новдаларни баҳорги экиш мавсумигача бутунлигича (кесмасдан) сақлаш зарур.

Тайёрланган новдалар 50-100 донадан боғланиб қуриб қолишдан сақлаш учун, хандақларга (чуқурлиги 40-60 см) кўмиб қўйилади. Имкон қадар новдалар кўмиладиган жой қуёш нуридан паналанган бўлиши лозим, бу ҳол новдаларни барвақт кўкариб кетишдан асрайди. Новдалар экишдан 1-2 кун олдин кўмилган жойидан олинади ва ундан 20-25 см узунлиқдаги қаламчалар кесилади, бунда қаламча учининг йўғонлиги 0,5-1,5 см. гача бўлиши шарт.

Агар қаламчалар эртароқ кесилган бўлса, у вақтда улар 40-50 см чуқурликдаги хандақларда сақланади. Махсус хандақлар нам тупроқли ерлардан қазилади. Қаламчалар ўсувчи куртаги (учи) пастга қараган ҳолда кўмилиши зарур, сабаб тупроқ тортилганда ёки чўкканда куртаклар ўрни зарарланмайди. Махсус тайёрланган хандақ тагига 5 см қалинликда соф дарё қуми солинади. Қаламча устига ҳам яна бир қават 10 см қалинликда қум тўшалади ва 40-50 см қалинликда тупроқ билан кўмилади.

Қаламча новдадан шундай кесилиши керакки, бунда охирги ва яхши ривожланган, шикастланмаган куртак устидан 1-2 см қолдириб 45 даража қияликда кесилади. Бунда баҳорги ёғинлар пайтида сув туриб қолмайди. Бу эса қаламчалар учини чиришдан сақлайди ва новдалар тик ўсиши учун имконият яратилади. Қаламчанинг пастки қисми барг куртаги остидан кесилади. Бу ерда илдиз олиши учун шира ажралиб оқ бўртмалар, яъни «каллюс» ҳосил бўлиб кўплаб, илдизлар ривожланади.

Ток қаламчаси 50-60, смородина ва анор қаламчалари 20-25 см узунликда, йўғонлиги 0,5-1,5 см бўлган бир йиллик етилган новдалардан тайёрланади ва юқоридаги терак қаламчаларини тайёрлаш технологияси сингари кесилади ва сақланади, зарур бўлганда олиб экилади. Тол дарахтини кўпайтириш учун тол дарахти новдаларидан 1,5-2 метр узунликда ва 5-8 см йўғонликда бўлган новдалардан тайёрланиб, сув ўтадиган ариқлар ва йўл бўйларига 50-60 см чуқурликка экилади.

Бульденеж, жасмин ва барбарис каби бута дарахтларини кўпайтириш эса уларни томир қисмини болта, бел ёки ўткир пичоқлар билан кесиб, алоҳида-алоҳида олиб экилади. Қаламчалар тайёрлашда ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда касаллик ва ҳашаротларга, сувсизлик ва шўрланишга чидамли бўлган маҳаллий дарахт ва бута навларидан тайёрлашга алоҳида эътибор бериш мақсадга мувофиқ..

Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Сирдарё вилоятларининг чўл ҳудудлари ва бошқа ҳудудлардаги қисман шўрланган, шўрланишга мойил суғориладиган ерларида асосан, кўк терак, қоратол, жийда кўчатлари ва қаламчалари, шунингдек қайрағоч, заранг, шумтол, айлант, акация, аморфа, тикан дарахти (гледичия), бирючина, катальпа, маклюра, япон сафораси, тут, наъматак, шарқ туяси, виргиния арчаси каби дарахт ва бута кўчатлари яхши ўсади.

Республиканинг тоғли, шунингдек, шўрланмаган ёки оз миқдорда шўрланган ерларда деярли юртимизда ўсадиган барча дарахт ва бута кўчатлари ва қаламчаларини экиб ўстириш мумкин. Кўчат ва қаламчалар одатда тупроқ ҳарорати +4, ҳаво ҳарорати +5 даражадан ошгандан сўнг экилади. Ҳаво ҳарорати минус даражада бўлганда, яъни ер музлаган даврда кўчат ва қаламчаларни экиш мумкин эмас. Ер муздан бўшагач, тупроқ қўл билан ушланганда нам, (лекин ёпишқоқ лой шаклида бўлиши керакмас) сочилувчан бўлган ҳолда, яъни тупроқ етилганда экиш ишлари олиб борилади.

Кўчат ва қаламча экилгандан сўнг унинг атрофи албатта бостириб, тўлиқ суғорилиши зарур. Кўчатлар қазилганда ва транспортда ташилганда илдизини очиқ қолдирмаслик, совуқ уриши ва илдизининг шамоллашига йўл қўймаслик керак. Суғориладиган томорқа ерларда, ариқ бўйлари ва йўл четларига тераклар одатда бир қаторли қилиб, ҳар 1 метр масофада, толлар 3 метргача масофада, нон жийда кўчатлари 1 қаторли экилганда ҳар 3-5 метр масофада, плантация усулида 4 х 5 метр ёки 5х5 метр схемаларда экилади.

Шунингдек, кичик-кичик майдонларда терак кўчатлари ёки қаламчалари қалин қилиб кўчат олиш учун экилиши мумкин. Бошқа дарахт турлари қаторли қилиб экилганда ҳар 2-4 метр масофада, плантация усулида экилганда 4х2 метр, 4х3 метр, 5х2 метр ва 5х3 метр схемаларда, мевали дарахт кўчатлари ўсиш хусусияти ва дарахт турига қараб 6х6 метр, 6х7 метр ва баъзан бундан катта схемаларда экилади. Fалла ва пахта далаларини чорва моллари томонидан пайҳон қилинишдан сақлаш учун атрофига терак ёғочларидан тўсиқлар тайёрлаш ўрнига, бир қаторли қилиб, ҳар 0,5-1 метр оралиқ масофада наъматак кўчатларини экиб «яшил тўсиқлар» барпо этиш мумкин.

Наъматак узоқ муддат гуллаб атрофга чиройли манзара бериши билан бирга келажакда мевасидан қўшимча даромад олиш мумкин. Чўл ҳудудларидаги қумлик ерларда саксовул, черкез ва қандим кўчатларини гектарига 1000-3000 дона миқдорида экиш мақсадга мувофиқ. Тоғли ҳудудларда тоғ арчаси, бодом, писта дарахтини кўчати ва уруғидан махсус тайёрланган зинапояларга ва майдончаларга эрозияга қарши қалин қилиб экиш тавсия этилади. Шуни таъкидлаш керакки барча игна баргли дарахтлар тупроқ замини билан экилиши зарур. Катта шаҳар ҳудудларида асосан манзарали ва соя берадиган дарахтлар кўчатини экиш мақсадга мувофиқдир.  

Х.Толипов



Улашиш: