Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Помидорнинг биологик хусусиятлари ва навлари

21/Dekabr/2024 03:01
  1142

Етилган помидор ўсимлигининг пояси бир нечта шохларда иборат бўлади. Ушбу шохларда барглар ва гул ғунчалари бўлади. Поя новдасининг юқори қисми 6-12 та барглардан сўнг гул ғунчалари билан якунланади.

Ҳар бир новдасида 3-5 тадан барг ва ўсувчи бўғимларга эга бўлган навлар баландликка қараб доимий ўсиб бориш хусусиятига эга бўлиб, улар индетерминантлар деб аталади. Мазкур навларда дастлабки гул ғунчалари 9-12 барглар устида шаклланади, кейингилари эса 2-3 та барглардан сўнг пайдо бўлади. Агар ён новдаларда ўсиб чиқувчи бўғимлар бўлмаса, поянинг ўзаги ўсишдан эрта тўхтайди. Кам шохлайдиган, ўсиши чекланган ва гул ғунчалари 1-2 баргдан кейин ёки кетма-кет жойлашадиган навлар детерминантлар деб номланади.

Ўсиб чиқишдан то биринчи ғунчаларнинг гуллашигача 50-60 кун ўтади.  Индетерминант навларда ён новдалар олиб ташланганда, 3-4 та гул ғунчалари бир вақтда гуллайди. Детерминант навлар бирданига қийғос гуллайди. Уларда гуллашдан ҳосил пишиб етилишигача 35-60 кун ўтади. Ҳосил тугунларининг ранги дастлаб яшил, кейин қўнғирсимон, сўнг пушти, оч қизил ва қизил кўринишларда бўлади. Ҳосил пишиб етилишининг икки, яъни биологик ва техник босқичлари фарқ қилади. Биологик босқич ҳосил тугунчалари пайдо бўлгандан сўнг 40-45 кундан кейин бошланади. Бунда ҳосилниг уруғи ўзига хос бўлган ўлчамлар ва кўринишни эгаллайди, ҳосил доналари эса ўзининг максимал ўлчамларига етишади, лекин яшил рангда бўлади. Ҳосил рангининг 5-15 кун ичида ўзгариб, қизил тусга кириши, унинг техник жиҳатдан пишганлиги ва истеъмолга тайёрлигидан дарак беради. Ўсимликнинг яшил тусдаги ҳосилини йиғиб олиш ва уни узоқ масофаларга ташиш давомида пишиб етилишини назарда тутиш амалиёти айнан мана шу муддатларга асосланади.

Иссиқхоналарнинг ўзига хос хусусиятлари кеч кузги ва қишки мавсумларда ёритилганликнинг камайиши, ҳаво нисбий намлигининг юқорилиги, баҳорнинг охири ва ёз ойларида ўта исиб кетиши, касалликлар ва зараркунандаларнинг тез кўпайиши ва ривожланиши, бир марта алмашлаб экиш давомида ташқи муҳит шароитидаги ўзгаришларнинг катталиги ва бошқаларда акс этади. Шу туфайли иссиқхоналарга экиладиган помидорларнинг навлари ва гибридлари санаб ўтилган шароитларга яхши мослашган бўлиши лозим.

Узоқ муддатли алмашлаб экишда индетерминант навлар ва гибридлардан фойдаланиш яхши натижа беради. Чунки уларнинг ҳар бир тупи 20-25 та гул ғунчалари ҳосил қилади. Баҳорги иситилмайдиган ва тез ҳосил берадиган иссиқхоналарда детерминант навлар ва гибридлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Уларнинг супер детерминант навлари ҳам мавжуд бўлиб, асосий поясида 6-7 та баргдан сўнг 2-3 та дастлабки гул ғунчалари, кейингилари эса 1-2 та баргдан сўнг ёки устмауст жойлашган бўлади. Асл детерминант навларда эса 8-9 та баргдан сўнг 4-6 та дастлабки гул ғунчалари, кейингилари эса 1-2 та баргдан сўнг жойлашади.

Помидорларнинг ярим детерминант навларида дастлабки 7-8 та гул ғунчалари, кейингилари эса 2-3 та баргдан сўнг пайдо бўлади (1-расм).

determenant-gibrid-961-852.png (69 KB)

1-расм. Асосий новдада барглар ва гулғунчаларнинг жойлашиш схемаси.

Помидорнинг а) супер детерминант навлари; б) детерминант навлари; в) ярим детерминант навлари.

Помидорларнинг индетерминант навлари узлуксиз ва чекланмаган ўсишда бўлади. Уларнинг гуллаш ва ҳосил тугиш жараёнлари вегетация даврида тўла давом этади.  Детерминант навлар эса анча тезпишар бўлиб, бирданига тўкин ҳосил беради. Улар ноқулай шароитлар ва касалликларга анча бардошлидир. Мазкур навларнинг камчилиги ҳосил ва ҳосил тугунларининг бир текисда, кетма-кет шаклланмаслигида акс этади. Шунинг учун иссиқхоналарда асосан индетерминант ҳамда ярим детерминант навлар ва гибридлар етиштирилади.

Давлат синовидан ўтган ҳамда районлаштирилган помидор навлари ва гибридларидан фойдаланиш анча ишончлидир. 2015 йил учун “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинларининг Давлат реейстри” га ҳимояланган тупроқларда экиш учун 122 та намунанавлар киритилган. Улардан бутун республика учун 111 та намунанавлар районлаштирилган. Улар орасида энг кўп тарқалган гибридларга Шарлотта, Буран, Астана, Ламина ва бошқалар киради.

Манба:

Асатов Ш. И. (2016). Қорақалпоғистон  Республикасининг шимолий туманларидаги тупроқли иссиқхоналарда сабзавот экинларини  етиштириш технологияси. Тавсиянома. Baktria press.

Улашиш: