Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Мевали дарахтларни суғориш

23/Dekabr/2024 00:35
  1357

Агар дарахтларингиз сувли (сочный)  мева беришини истасангиз уларни етарли миқдорда суғоришга ҳаракат қилинг. Аксарият ҳолларда сувга муҳтожлигини дарахтларнинг ўзлари билдиради. Масалан, ёш дарахтлар ўсиш учун катта миқдорда сувга муҳтож бўлади, иссиқ ва қуруқ мавсумларда мевали дарахтларнинг аксарияти қўшимча сувга эҳтиёж сезади. Дарахтлар кам ва саёз (қондирмасдан) суғорилса уларнинг илдиз қисми ер юзига яқин жойлашади ва бу дарахтлар улғайиб етилганда соғлом ривожланиши учун муаммолар юзага келтиради. Шу сабабдан ариқдан суғориладиган боғларда дарахтларни бир ҳафтада бир марта қондириб суғориш тавсия қилинади.

Ёш мевали дарахтлар

Тупроқда яхши ўрнашиб олиши учун янги экилган ниҳолларга кўпқроқ сув зарур бўлади. Экиб бўлиниши билан ёш ниҳоллар илдизлари тупроққа яхши жойлашиши учун дарҳол уларни суғоринг. Шундан сўнг, тупроқнинг 5 см қатлами қуриши билан яна суғоринг. Ёдингизда тутинг дарахтларни қондириб суғориш уларнинг илдизлари чуқурроқ боришига ва соғлом бўлишига ёрдам беради. Янги экилган ниҳолларни биринчи мавсумда ҳафтада бир ёки икки марта қондириб суғориб туриш уларни соғлом ривожланишига ёрдам беради.

Улғайган (етилган) дарахтлар

Бу дарахтлар ёш ниҳолларга нисбатан камроқ сув талаб қилсада, сувли (сочный) мева бериши учун улар ҳам мунтазам равишда қондириб суғорилиб туриши шарт. Дарахт остига мулча тўшаш тупроқдаги намликни ушлаб туришга ёрдам беради. Томчилаб суғориш эса  дарахт илдизлари қалин ва соғлом бўлишига, шу билан бирга сувли (сочный) мева беришига ёрдам беради.

Ёзги суғориш

Дарахтлар гуллаб мевалар шаклланаётган даврда мевали дарахтлар остидаги тупроқ етарли миқдорда нам бўлиши жуда муҳим, лекин сув туриб қолмаслиги керак. Мевали дарахтлар мева териб олингунга қадар мунтазам равишда суғорилиб турилиши тавсия қилинади, декоратив ва цитрус дарахтлари эса куз ойлари ҳам суғорилишга муҳтож бўлади. Ёз ойлари тупроқ 20-25 см гача қуриши билан дарахтларни суғоринг. Иссиқ мавсумда дарахт барглари қовжираб ёки мевалари сувсиз бўлиб қолишини истамасангиз боғни бир ҳафтада бир марта суғоришга ҳаракат қилинг.

Қўшимча маълумотлар

Дарахтларнинг ёши, об-ҳаво шароити ва дарахт тури уларнинг сувга бўлган талабини белгилайди.  Масалан, ёз ойларида ярим пакана (полу карлик) ўрта ёшдаги мевали дарахтлар бир кунда 60.5 литр сув талаб қилади. Боғ учун талаб қилинган сувни етарли миқдорда бериш ва уни назорат қилишнинг йўли томичилатиб суғориш тизимидан фойдаланишдир. Энг яхши натижа учун дарахтлар тез-тез лекин қондириб суғориб турилиши тавсия қилинади.

Дарахт экилгандан сўнг ва унинг ҳаёти давомида унинг асоси атрофига мулча тўшаш жуда фойдали. Мулча бегона ўтларни ва намликни назоратга олиб туришга ёрдам беради.

Бир йил ўтиб дарахтларнинг илдиз қисми яхши жойлашиб олгандан сўнг улар жуда катта эътибор талаб қилмайди. Умумий қоида, гуллашдан олдин, гуллаш давомида ва ундан сўнг (жами 6 ҳафта) ҳамда ҳосил теришгача бўлган вақт давомида дарахтларнинг сувга бўлган талаби жуда юқори бўлади.

Манба: mevazor.uz

Улашиш: