Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қишки (иситиладиган) ойнали ва плёнкали иссиқхоналарни экинга тайёрлаш

22/Dekabr/2024 21:22
  1062

Қишки иссиқхоналарни тайёрлашда босқичма-босқич бир қатор ишлар амалга оширилади. Йил давомида икки марта экин экиладиган иссиқхоналарда барча ишлар ҳам икки марта бажарилади (1-жадвал).

Қишки иссиқхоналарни тайёрлаш ишлари уни ўсимликлар қолдиқларидан тозалашдан бошланади. Дастлаб пестицид (децис) ва фунгицид (балетон, байр фирмаси) ларни чанглатиш йўли билан зараркунандаларни бартараф этиш ишлари ўтказилади. Бир неча кундан сўнг ўсимликлар 40 см баландликда қирқилади ва илдизлари суғуриб олиниб, уларда галловий нематодларнинг бор-йўқлиги синчиклаб кўздан кечирилади.

1-жадвал. Иссиқхоналарни тайёрлаш босқичлари

issiqxonani-tayyorlash-1246-1.png (85 KB)

Сўнг илдизлар эски плёнкалар қолдиқларига ўралган ҳолда ташқарига олиб чиқилади ва ёқиб юборилади. Галловий нематодлар аниқланган ўчоқлар тупроқни алмаштириш ёки пестицидлар ёрдамида ишлов бериш йўли билан бартараф этилади. Ўсимликларнинг поялари каноп иплар ва ўрамалар билан биргаликда газли ёндиргич ёрдамида симли тутқичлардан ажратиб олинади (1-расм).

dezinfeksiya-123-2.png (274 KB)

1-расм. Симли тутқичлардаги каноп ипларни газли ёндиргич ёрдамида тозалаш.

Ойна қўйиш ва синчлар билан боғлиқ бўлган асосий таъмирлаш ишлари ёзда ўтказилади. Бетон ва ғиштли деворлар оҳак билан оқланади, ёғочлар оқ буёқ билан, синчларнинг рухланмаган металл қисмлари эса уларни коррозиядан сақлаш учун оч рангли бўёқлар билан бўялади.

Кейинги босқичда қозонхона ва иссиқлик тизимлари таъмирланади. Шундан сўнг иссиқлик тизимида икки марта ювиш ишлари амалга оширилади ва у иссиқ сув билан тўлдирилади. Бу сув иситиш мавсуми бошлангунга қадар иситиш қурилмалари ичида қолдирилади.

Сўнг тупроқнинг 4-5 см қалинликдаги юза қисми сидириб олиниб, ташқарига чиқариб ташланади, ойна қопламалар босимли сув билан ювилади. Иссиқхоналардаги мавжуд барча қурилмалар синчиклаб текшириб чиқилади ва таъмирланади. Ойналар иссиқлик тизимидаги иссиқ сув билан қайта ювилади. Ювиш мақсадидаги суғориш ишлари, иссиқхоналар пойдеворига зарар келтирмаслиги учун, 0,1 гектарга 80-90 м3 миқдордаги кичик меъёрларда амалга оширилади. Лекин мазкур тадбирлар 6-8 соат оралиқда 3-4 марта такрорланади.

Иссиқхоналарни дезинфекция қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Агар иссиқхоналарнинг металли қисмлари олтингугурт газининг емириш таъсиридан яхши ҳимояланган бўлса, уларни фумигация билан дезинфекциялаш мумкин. Гермитикликни сақлаш мақсадида қопламалар ва деворлардаги барча ёриқлар ва тирқишлар беркитилади, иссиқхонага керакли жиҳозлар ва таралар - қоп, яшик, бочкалар олиб кирилади. Шундан сўнг металл идишга солинган олтингугурт бўлаклари (хонанинг 1 м2 га 50-100 грамм ҳисобида) ёки олтингугурт уни (25-60 г/м3) тутатилади. Иссиқхонанинг гермитиклиги етарли даражада бўлмаганида, зарарсизлантиришнинг намлаш усулини қўллаш маъқулдир. Тупроқ юзасига, иссиқхонанинг барча ички қисмига, ойналарига, жиҳозлар ва тараларга 2 % ли формалин эритмасига 0,3 % ногокельтан ва 0,5 % ногокорбофос аралаштирилиб сепилади (2-расм). Дезифекциядан сўнг иссиқхона 2 сутка давомида шамоллатилади. Ушбу тадбирлар ўсимликларни ҳимоя қилиш мутахасиси тавсияси асосида олиб борилади.

dez-852-3.png (348 KB)

2-расм. Иссиқхонани зараркунандалардан тозалаш.

Иссиқхона тупроғида кўпинча турли касалликлар қўзғатувчилар ва зараркунандалар тўпланиб қолади. Шу туфайли унча катта бўлмаган тупроқли иссиқхоналарда ҳар йили тупроқ аралашмасининг маълум қисми, 5-7 йилда эса бир марта тўла алмаштирилади.

Йирик иссиқхона комплексларида тупроқни тўла алмаштириш иқтисодий нуқтаи-назардан ўзини оқламайди. Шунинг учун улардаги тупроқ-жинслардан алмаштирилмасдан муттасил фойдаланилади. Лекин, бундай иссиқхоналарда тупроқ қоплами ҳар йили кимёвий ёки термик (иссиқ буғ) усулда зараркунандалардан тозаланади. Бундай ишларни махсус ўсимликлар ҳимояси ёки муҳандислик хизмати бажаради.

Тупроқ ҳамда иссиқхоналарнинг барча қисмларини зарарсизлантиришнинг энг яхши усули - уларни июлда ёзги қуёш нурлари билан қиздиришдир. Бунинг учун тупроқ шудгорланади, иншоот эса махсус эритмалар билан дезинфекция қилиниб, 2-3 кун давомида зич беркитилиб қўйилади.

Иссиқхоналардаги тупроқ-грунтлар дезинфекция қилингандан сўнг, уларга органик ва менирал ўғитлар, ерни юмшатувчи материаллар олиб кирилади. Улар тупроқ юзасида бир текис тақсимланиб, сўнг аралаштирилади. Иссиқхонага кирадиган барча транспорт воситаларининг ғилдираклари дезинфекция қилинади.

Қишки иссиқхоналарни ишга тайёрлаш симли тутқичларни, ўсимликларни режалаштирилаётган жойлашириш схемаси, қаторлар маркировкаси ёки енгил қўл маркерларига мос ҳолда жойлаштириш ҳамда кўчат ўтқазишдан 1-2 кун олдин бажариладиган суғориш ишлари билан якунланади.

Манба:

Асатов Ш. И. (2016). Қорақалпоғистон  Республикасининг шимолий туманларидаги тупроқли иссиқхоналарда сабзавот экинларини  етиштириш технологияси. Тавсиянома. Baktria press.

Улашиш: