Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Иссиқхонада бодринг парвариши: ўсимликнинг шаклланиши ва уни боғлаш

21/Dekabr/2024 10:12
  1356

Иссиқхоналарда бодринглар экишнинг барча турларида тик - вертикал шпаллерларда етиштирилади. Бодринг кўчати экилгандан 3-4 кундан кейин (уруғ тупроққа экилганда эса 3-4 та барг ҳосил бўлгач), ўсимлик памидордаги каби каноп ип билан сим шпаллерларга боғланади.

Партенокарпик гибридларни етиштиришда оралиғи 1,6 м бўлган ҳар бир қаторнинг устида баландликлар оралиғи 50 см дан бўлган иккита горизантал сим шпаллерлар тортилади. Ўсимлик шохлари ўнг ва чап шпаллерларга оралатиб боғланади. Натижада боғланган ўсимликлар V шаклидаги қаторни ҳосил қилади. Кейинчалик ўсимлик ҳафтасига камида бир марта каноп ипга ўралади, ўсимликнинг учи эса эркин ҳолатда қолдирилади.

Бодринг ўсимлигини парваришлашда унинг поясини шакллантириш энг асосий тадбирлардан бири ҳисобланади. Бодрингнинг асаларилар ёрдамида чанглатиладиган навлари ва гибридларининг марказий бўғимларида кўпроқ эркаклик типидаги, ён бўғимларда эса аёллик типидаги гуллар ҳосил бўлади. Уларнинг шаклланиш жараёнида, 3-4 баргалардан юқоридаги аёллик типидаги гулларнинг ғунчалари ва ён новдалар олиб ташланади, бу тадбир 2-3 марта такрорланади. Поянинг ярим баландлигида шаклланган кичик новдачалар иккинчи баргдан сўнг, юқоридагилари эса учинчи баргдан сўнг боғлаб қўйилади. Ҳосил бериб бўлган, эски ва касал новдачалар пояга тақаб кесиб ташланади. Марказий новданинг учи сим шпаллергача тортилиб, боғлаб қўйилади. Унинг ўсиб чиққан қисми сим шпаллерга ўраб қўйилади, 1-2 та энг юқори ён новдалари эса осилтириб қўйилади. Улар ҳам кейинчалик жўякдан 1 м баландликда шпаллерга боғлаб қўйилади (1-расм).

bodring-147-1.png (233 KB)

1-расм. Aсаларилар ёрдамида чангланадиган гибридлар ўсимликларининг шаклланиши:  а-асосан аёллик типидаги гуллаш; б-аёллик типидаги гуллаш; в-аралаш типидаги гуллаш.

Ён новдаларнинг шпаллерлар устидаги биринчи-иккинчи бўғимларидаги барглар олиб ташланади. Шунда улар асосий поядаги баргларни тўсиб қўймайди. Худди шу каби охирги барг бандидаги новдалар ҳам олиб ташланади, чунки улар қўшни пояларга соя беради. Ёнма-ён жойлашган ўсимликларнинг ўртасида жойлашган қўшни баргларнинг иккита бандларидаги новдалардан бири қолдирилади. Бу тадбир ёруғликдан унумли фойдаланишга имкон беради.

Қолдирилган новдалар ҳар 50 см дан кейин, улардан шаклланган янги новдалар эса иккинчи баргидан сўнг илгакларга илиб қўйилади.

Йил давомида фойдаланиладиган ўсимликларда 2-тартибли ён новдалар ҳам қолдирилади. Улар 1- ёки 2- барглардан кейин илиб қўйилади.

Узун ҳосилли партенокарпик гибридларни қишки-баҳорги экишда улардаги асосий палакнинг 50-60 см (8 та бўғим) гача қисмидаги барглари бандлари ёнидан ўсиб чиққан ғунчалар ва шохчалар олиб ташланади, яъни ёруғлик тушишига имкон берилади. Кейинги 4- ёки 5- барглар бандлари ёнидан чиққан ён новдалар қолдирилади ва улар 1-баргидан кейинги қисмидан илиб қўйилади. Барглар бандлари ёнидан чиққан аёллик типидаги ғунчалар олиб ташланади. Асосий новданинг 1,5-1,7 м баландликларидаги 5- ёки 6- барглари бандларида ҳосил шаклланмаса, улардан ўсиб чиққан кичик новдачалар олиб ташланмайди, балки, улар 2- баргларидан юқорида, ҳар бирида иккитадан бўғим қолдирилиб, каноп ипга боғлаб қўйилади. Улардан юқоридаги, шпллерларгача бўлган кичик новдачалар ҳам 3-4 – барглар устидан, 3-4 та бўғим қолдирилиб, илиб қўйилади. Қуйи ярусдаги иккинчи тартибли новдачалар қирқиб ташланади, ўрта ярусдагилар эса биринчи баргдан кейин бир бўғим қолдирилиб, илиб қўйилади. Юқори ярусда эса, иккинчи тартибли новдачаларнинг иккинчи баргидан сўнг иккита бўғим қолдирилиб, илиб қўйилади (2-расм).

bodring-12568-2.png (120 KB)

2-расм. Қишки-баҳорги экишда партенокарпик бодринг ўсимлигининг шаклланиши: а-асосан аёллик типидаги гуллаш (см ўлчамларда), биринчи ва иккинчи новдалар; б-аёллик типидаги гуллаш.

Бодрингнинг асосий поясида, ёруғликдан баҳраманд бўлиш даражасига боғлиқ ҳолда, 4-6 тадан ҳосил шакллантирилади. Асосий новда баргларининг бандлари ёнидан чиққан бачкилар олиб ташланади, найчалари қолдирилади.

Ўсимликлар новдаларининг шпаллерлардан юқоридаги учлари 3-5 – баргларидан кейинги қисмида илиб қўйилади ёки улар бир томонга эгилиб, симга ўраб қўйилади ҳамда пояни букилиб қолишдан сақлаш учун 8 лик усулда мустаҳкам боғланади. 2-3 – юқори баргларнинг бўғимларида бачкилар қолдирилади ва улар пастга қараб йўналтирилади. Бачкилардан шаклланган новдалар кетма-кет, икки марта, ҳар 50 смда илиб қўйилади. Бунда тупроқдан 1 м гача бўлган баландликдаги новдалар қолдирилади. Кейинчалик, ҳосил шаклланиш даврида кичик новдачалар юқори қисмидан шпаллерга илиб қўйилади. Мазкур ҳолатда уларнинг ўсиши жўякларнинг  ички томонига қараб йўналтирилади ва бу билан ўзаро қўшни жойлашган шпаллерлар  оралиқларининг  очиқ бўлишига эришилади. Айни бир вақтда, эрталабки соатларда ҳосилли бачкилар қирқиб олинади.

Баҳорги-ёзги экишда, бодрингнинг партенокарпик гибридлари ўсимлигининг ҳосил бўлиши жараёнида, ёруғлик тушиши учун, асосий поянинг 3-4 та бўғимлари барглардан тўлалигича очиб қўйилади. Кейинги бўғимлардаги ён новдалар эса 2-3 – барглардан сўнг илиб қўйилади. Шпаллер устидаги асосий поя эса 3-4 – баргидан кейин илгакка илиб қўйилади.

Асосий поянинг юқори қисмидан 1-2 та новдалар тушириб қўйилади. Улар тупроқдан 1 м баландликкача, новдалар қолдирилган ҳолда давом эттирилиб, ҳар 50 см да шпаллерга илиб қўйилади (3-расм).

bodring-9621-3-4.png (206 KB)

Баҳорги иссиқхоналарда қисқа муддатли экишда ўсимликларнинг учи бир мунча бошқача шакллантирилади. Асосий новда шпаллердан юқорида, 5-6 – баргдан кейин яхшилаб боғланади. Юқори бўғимлардаги ён новдаларни туширмаса ҳам бўлади.

Кузги-қишки экишда, бодрингнинг калта ҳосилли партенокарпик гибридлари ўсимлигининг шаклланиш жараёнида асосий новданинг 4-5 – қуйи бўғимлари баргдан тозаланади. Кейинги 2-4 – барглар бандларидан чиққан ён новдалар эса 1-2 – барглардан сўнг боғланади, улардан юқоридаги баргларнинг бандларидан чиққанлари эса 2 та баргдан сўнг илгакка илиб қўйилади. Асосий новданинг учлари сим шпалерга ўраб қўйилади ва илгакка илинади (4-расм).

Узун ҳосилли партенокарпик гибридли ўсимликларда асосий поянинг 40 смгача баландлигидаги барглар бандидан чиққан ўрам толалари олиб ташланади. Худди шу каби унинг 90 см баландлигигача ўсиб чиққан ён новдалари ҳам қирқиб олинади. Шундан кейинги баландликдаги ён новдалар бир боғламга илинади. Асосий поянинг учи 3 бўғимдан юқорида сим шпаллерга илиб қўйилади.

Ўсимликларни парваришлашда эски баргаларни олиб ташлаш асосий тадбирлардан бири ҳисобланади. Сўлиб бораётган барглар – касаллик ўчоғидир. Улар ўткир пичоқ ёки ток қайчи билан пояга тақаб, бўртма қолдирилмасдан қирқилиши лозим. Сўлиб бораётган барглар, ўсимлик боғламалари ва осилма толалари доимий равишда олиб ташланиши лозим.

Манба:

Асатов Ш. И. (2016). Қорақалпоғистон  Республикасининг шимолий туманларидаги тупроқли иссиқхоналарда сабзавот экинларини  етиштириш технологияси. Тавсиянома. Baktria press.

Улашиш: