Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қовун ва тарвузни иссиқхонада етиштириш

22/Dekabr/2024 21:36
  1403

Биологик хусусиятлари ва навлари. Дунёнинг кўпгина мамлакатларида қовун ва тарвузларни иссиқхоналарда етиштириш кенг тус олмоқда.

Қовунда аёллик типидаги ғунчалар иккинчи ва учинчи тартибли ён новдалардаги баргларнинг бандлари остида, аксарият ҳолларда, бир донадан пайдо бўлади. Шунинг учун уларни шпаллерларга илиб қўйиш самаралидир. Тарвузда эса аёллик типдаги гуллар асосан бош новдада шаклланади. Шу туфайли уларни илиб қўйишга эҳтиёж йўқ.

Тарвуз ва қовунларнинг гуллаши, улар палак отгандан сўнг 25-35 кундан кейин бошланади. Дастлаб, эркаклик типидаги ғунчалар, 5-10 кун кейин эса аёллик типидаги ғунчалар гуллайди. Шундан сўнг эркаклик ва аёллик типидаги ғунчаларнинг гуллаши бараварига давом этади. Тарвузнинг униб чиқишидан гуллашигача 45-54 кун, гуллашидан пишгунига қадар 25-42 кун ўтади. Қовунда эса бу жараёнлар, мос равишда, 35-43 кун ва 38-54 кунни ташкил этади.

Полиз экинларини иссиқхоналарда етиштиришга қўйиладиган асосий талаблар қуйидагилардан иборат: юқори ҳосилдорлик, қуйи бўғинларда аёллик гулларини шакллантириш қобилятидан келиб чиқадиган тезпишарлик, ёруғликнинг камайиши, ҳароратнинг кескин ўзгариб туриши, ҳаво намлигининг юқорилиги ва замбруғли касалликларга бардошлилиги, маҳсулотнинг мазаси ва унинг товар ҳолидаги сифатининг юқорилиги ва бошқалар.

Ўзбекистонда қовунни иссиқхоналарда етиштиришда, унинг кўринишларидан бири бўлган ҳандалак ва ёзги юмшоқ навларидан фойдаланилади. Уларнинг районлаштирилган навларига Роҳат, Ҳандалак, Кўкча 14, Ассата 3806, районлаштирилмаганларига эса Давлатбой маҳаллий нави, Илий қозоқ нави, Оген ва Зингер голланд навлари киради. Иссиқхоналарда тарвуз етиштиришда кўпроқ уларнинг Крисби, Трофи каби голланд навлари гибридларидан  Кримсон Свит америка гибридидан, Ўринбой, Сурхон Тонги маҳаллий навларидан фойдаланилади.

Етиштириш технологияси. Ўзбекистонда қовун ва тарвузларнинг айрим навлари очиқ тупроққа экилади. Уларнинг ҳосили апрель ойигача сақланиб туради. Шунинг учун иссиқхоналарда қовун ва тарвузларнинг ҳосилини май-июнь ойларида етиштириш мақсадга мувофиқдир. Чунки бу даврда очиқ тупроқда ҳосил пишиб етилмайди.

Мамлакатимизнинг шимолий минтақаларида иситиладиган иссиқхоналарда полиз экинларини етиштиришни ёруғлик орта бошлаган вақтдан, яъни февралнинг охирларидан бошлаган маъқул. Баҳорги, ҳарорат кескин пасайган вақтлардагина иситиладиган иссиқхоналарда бу борадаги ишларни мартнинг ўрталарида, иситилмайдиган  иссиқхоналарда эса мартнинг охирги беш кунлигида бошлаш керак. Баъзан, уруғлар иссиқхонадаги тупроқнинг ўзига экилади. Бу тадбир бир-бир ярим ҳафта олдин бошланади. Қовун ва тарвузларни иссиқхонада етиштиришда, уларнинг 25-30 кунлик кўчатлари экилади. Бу кўчатлар гўнг чириндиси солинган 10х10х10 см ўлчамдаги идишларда етиштирилади. Полиз экинлари кўчатини тайёрлаш технологияси бодринг кўчатларини тайёрлаш кабидир. Қишки иссиқхоналарда кўчатлар мазкур муддатларда экилганда, қовуннинг дастлабки ҳосили апрелнинг охирларида, тарвузники эса, майнинг бошларида пишиб етилади. Баҳорги иссиқхоналарда эса қовун майнинг бошларида, тарвуз эса майнинг ўрталарида пишади. Қавун ва тарвуз етиштиришда, уларнинг уруғи экиладиган бўлса, ҳосилнинг пишиб етилиши 10-15 кунга кечикади.

Иссиқхоналарда полиз экинлари қаторлар усулида жойлаштирилади. Ойнали иссиқхоналарда кучатлар 1,4-1,6 м х30-70 см схемада, яъни 1 м2 юзага қовунда 1,5-2,0 дона ўсимлик,  тарвузда эса 0,5-1 та ўсимлик тўғри келади. Қисқа вегетацияга мўлжалланган плёнкали иссиқхоналарда ўсимликлар бир мунча зичроқ, яъни 70х70 см ҳамда 80х40-45 см схемаларда, 1 м2 юзага 2-3 та кўчат жойлаштирилади.

Дастлабки иккита суғоришда ҳар бир жўякка, кейингиларида эса биттадан жўяк оралатиб сув берилади. Бунда кўчатлар 70+70 ва 80+80 см ўлчамларда, лентали қўшқатор схемаси бўйича жойлаштирилади (1-расм).

qovun-q-4789.jpg (94 KB)

1-расм.  Плёнкали иссиқхонада қовун етиштириш

Кўчатларни экишдан олдин иссиқхонадаги тупроққа яхшилаб ишлов бериш керак. Полиз экинларига минерал ўғитлар солинмайди. Лекин, уларни озиқлантиришда органик моддаларга бой ва донодор тупроқ аралашмаларидан кенг фойдаланилади.

Кўчатни кўчириб ўтқазишдан олдин у иккита-учта, лекин 4 тўрттадан ортиқ бўлмаган ҳақиқий баргларга эга бўлиши лозим. Кўчатни экишдан 5-7 кун олдин унинг ўрни тайёрланади. Кўчатлар тупроқ ҳарорати 140С дан кам бўлмаган шароитда экилади.

Кўчат экишдан олдин иссиқхонадаги тупроқ юзасида, ўсимликнинг қабул қилинган экиш схемасига кўра, уларнинг ўрни белгилаб қўйилади. Кўчат экиладиган жойларда чуқурчалар ковланиб, уларнинг тубига тупроққа аралаштирилган гўнг чириндиси солинади. Чуқурчалар 1,5-2,0 литр сув билан намланади. Сув шимилиб кетиши билан чуқурчага ўсимлик тувакчалари қўйилиб, у ер юзасидан 1,5-2,0 см баландликкача тупроқ билан кўмилади. Натижада ўсимлик атрофида дўнглик ҳосил бўлади. Кўчатлар экилгандан сўнг улар жўяклардан суғорилади.

Полиз экинлари иссиқхоналарда вертикал шпаллерларда етиштирилади. Ҳар бир ўсимлик каноп ип билан боғлаб қўйилади. Кейинчалик ўсимлик поясининг учи доимий равишда каноп ипга ўраб борилади. Қовуннинг Роҳат ва тарвузнинг Ўринбой навли тезпишар гибридлари деярли шохламайди. Бошқа тезпишар навларда иккита ён новдалар (1-тартибли бачкилар) олиб ташланади. Чунки уларда аёллик типидаги ғунчалар аксарият ҳолларда кеч пайдо бўлади. Кейинги уч-тўртта бачкилар тупроқ юзасига ёйиб қўйилади. Уларнинг ҳар бири, аёллик типидаги ғунчалар шакллангандан сўнг, 2-3 – бўғимларидан шпаллерга тортиб қўйилади. Ўсимликнинг, 6-7 –бўғимларигача аёллик типидаги ғунчалар шаклланмаган новдалари олиб ташланади. Ўсимликнинг марказий пояси илиб қўйилмайди. Ўрта ва юқори поғоналардаги биринчи тартибли ён новдалар аёллик типидаги ғунчалар шаклланган 2-3 – баргаларидан кейинги қисмларидан  илгакларга илиб қўйилади. Бўғинларни меъёрлаштириш дастлабки ҳосиллар шаклланишини тезлаштиради ва уларнинг товар сифатида кўринишини ҳамда мазасини яхшилайди. Ўсимликнинг бир тупига массалари 0,8-1,2 г бўлган 4-5 та ҳосил найчалари меъёр ҳисобланади. Ҳосил найчалари тўр қопчаларга жойлаштирилиб, шпаллерларнинг юқори симларига ёки иссиқхона синчларга осиб қўйилади. Қуйи бўғимларда шаклланиб, тупроқ устида жойлашган қовун ҳосилининг тагига пленка парчалари қўйилади (1-расм).

Иссиқхоналарда етиштириладиган полиз экинларини парваришлашга энг мақбул ҳароратни (кундизи 26-280С, кечқурунлари 18-200С), ҳавонинг нисбий намлигини (60-70 %) ушлаб туриш киради. Ушбу шароитларга иситиш ва вентляция тизимини бошқариш, шунингдек, суғориш ва озиқлантиришни ўз вақтида амалга ошириш, тупроқни юмшатиш ҳамда зараркунандаларга ва касалликларга қарши самарали курашиш натижасида эришилади. Суғоришлар дастлаб анча муътадил, кейинчалик эса ортиқча меъёрларда амалга оширилади. Ўсимлик вегетация даврида жўяклар орқали суғорилади. Қовунлар иссиқхона шароитида бир мавсумда 8-10, тарвузлар эса улардан 1-2 марта кам суғорилади. Тупроқ 2-3 марта юмшатилади. Дастлабки ҳосил шакиллангунга қадар ўсимлик 1-2 марта озиқлантирилади. Озиқлантириш таркиби ва меъёри 1 м2 юзага: қовун учун 15 г аммиакли селитра, 30 г аммофос ва 10 г калий тузи; тарвуз учун эса, мос равишда, 10, 30 ва 30 г ни ташкил этади. Озиқлантириш тупроқни юмшатиш ва суғориш билан биргаликда олиб борилади. Ўғит қўлда солинади ва тупроққа кўмилади. Полиз экинларининг ҳосили бир вақтда пишиб етилмайди. Шунинг учун уларнинг ҳосили 3-4 марта йиғиб олинади.

Манба:

Асатов Ш. И. (2016). Қорақалпоғистон  Республикасининг шимолий туманларидаги тупроқли иссиқхоналарда сабзавот экинларини  етиштириш технологияси. Тавсиянома. Baktria press

Улашиш: