Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Иссиқхонада укроп етиштириш

22/Dekabr/2024 20:25
  1268

Иссиқхоналарда ҳам укропнинг очиқ тупроққа экишга мўлжаллаб районлаштирилган қуйидаги навлари етиштирилади: маҳаллий – Ўзбекистон 243 ва Ором, француз нави – Аннат, украина нави – Харьков 85. Баъзан районлаштирилмаган - Грибовский, Армянский 269 ва Супердукат ОЕ навларидан ҳам фойдаланилади.

Бодринг ва помидорлар экилган қишки иссиқхоналарда укроп уруғи улар оралиғига сочилиб, экинларни зичлаштиришгич сифатида етиштирилади. Шунингдек, укроп ёруғ айвонлар ёки йўлакларга ўрнатилган яшикларда, баҳорги иссиқхоналарда эса зичлаштиргич ёки баъзан якка ҳолда ҳам етиштирилади.

Укроп ниҳоллари униб чиққандан кейин, унинг ҳосили кузги-қишки даврларда 40-45 кундан,  эрта баҳоргилари эса 30-35 кундан сўнг истеъмолга яроқли бўлади. Иситиладиган иссиқхоналарда укроп уруғини сепиш муддатлари унинг ҳосили пишиб етилишини ҳисобга олган ҳолда режалаштирилади. Укропнинг тезпишарлигидан фойдаланиб, унинг уруғи иссиқхоналарга бир неча марта сепилади.

Укроп баҳорги иссиқхоналарда, кузги экиш турида етиштирилади, унинг уруғи октябрнинг ўрталаридан, ноябрнинг охиригача сепилади. Эрта баҳорги экишда эса уруғ февралнинг бошидан, мартнинг ўрталаригача, асосий экинни етиштиришдан олдин сепилади. Баҳорги плёнкали иссиқхоналарда укроп экинларни зичлаштиргич сифатида етиштирилиши мумкин. Укроп етиштириш учун тупроқ қопламининг қалинлиги 10-12 см бўлиши лозим.

Укроп уруғи жуда секин ривожланади. Шунинг учун у экишдан олдин икки кун давомида ивитиб қўйилади. Дастлабки ивитишда уруғ иссиқ (60 0С) сувга солинади, сўнг сув кунига 3-4 марта алмаштирилади. Уруғлар нам ёғоч қириндиси ёки қумда яхши ўса бошлайди. Мазкур усулда ўстиришда ҳам уруғ бир кун давомида ивитилиб, сўнг ўстиришга қўйилади. Сочишдан олдин, нам тортган уруғлар енгилгина қуритилади. Бу тадбир уруғни сепишни осонлаштирилади. Қуруқ уруғлар сепилгандан 8-12 кундан кейин униб чиқади, намланиб ундирилганлари эса 3-5 кундан кейин кўкара бошлайди.

Укропнинг якка ўзи етиштирилганда, унинг уруғи кўп қаторли лента усулида, қаторлар оралиғи 10 см олиниб, сепилади. Тупроқ тирмаланиб, уруғлар 1-1,5 см чуқурга жойлаштирилади. Қишки иссиқхоналарда уруғ сепиш кўчат экиладиган яшикларнинг ҳар бирига 3-4 г, ёруғ айвонлар ёки йўлаклардаги тупроққа эса 1 м2 юзага 20-30 г меъёрда сепилади. Укроп зичлаштиргич сифатида, лента усулида 4-6 қаторга экилади. Бунда 1 м2 юзага 10-15 г уруғ сарфланади.

Уруғ сепилгач, тупроқ илиқ сув билан суғорилади. Сўнг уруғ устидан 0,5 см қалинликда чиринда гўнг сепилади. У тирма ёрдамида тупроқ билан енгил аралаштирилади ёки зичлаштирилади. Кўчат яшикчилари эса уруғ сепилгач, 3-5 кун давомида, 20-250С ҳароратда устма-уст тахлаб қўйилади. Уруғлар ниш ура бошлагач (5 % дан ортганда), яшиклар бир қаторга текис териб қўйилади.

Ниҳоллар кўзга кўрина бошлагач, ҳарорат бироз пасайтирилиб, 5-6 кун давомида 10-120С даражада ушлаб турилади. Кейинчалик, ҳарорат кундуз кунлари 18-200С, кечқурунлари эса 12-140С га кўтарилади. Тупроқ ҳароратини 16-190С орлиғида ушлаб туриш маъқулдир.

Вегетация даврида укроп 2-3 марта суғорилади. Бу тадбир ўсимликни озиқлантириш мақсадида азотли ўғитлар (бир литр сувга 3-4 г аммиакли селитра) дан фойдаланиш билан биргаликда олиб борилади. Зарур бўлганда, ўсимлик бегона ўтлардан тозаланади.

Укроп учун тупроқнинг оптимал намлиги 70-80%, ҳаво нисбий намлигининг оптимал қиймати эса 50-60% бўлиши лозим. Тупроқ намлигини ўта ошириб юбориш ва ҳароратни 22-250С гача кўтариш, шунингдек, ҳавода нисбий намликнинг юқори бўлиши ҳам фузариоз касаллигининг тарқалишига олиб келади.

Укропнинг бўйи 15-20 см га етганда йиғиб олинади. Лекин, ўсимликнинг йўғонлашган шохларининг учидаги барглар бандларида гул ғунчалар пайдо бўлганда, укроп кўкати максимал массага ҳамда энг хушбўй ҳид тарқатиш қобилиятига эга бўлади. Уни йиғиштиришда ўсимлик илдизи билан суғуриб олинади. Баъзан, илдизи қолдирилиб, пояси тупроқдан юқори қисмидан қирқиб олинади. Қолган илдиз суғориш натижасида яна ўсиши мумкин ва бу ҳолат ҳосилни иккинчи марта йиғиб олишга имкон беради. Укропни 00С ҳароратда 3-5 кундан ортиқ сақлаб бўлмайди.

Манба:

Асатов Ш. И. (2016). Қорақалпоғистон  Республикасининг шимолий туманларидаги тупроқли иссиқхоналарда сабзавот экинларини  етиштириш технологияси. Тавсиянома. Baktria press

Улашиш: