Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Гидропоника усулида экин етиштиришнинг нима афзалликлари бор?

22/Dekabr/2024 18:24
  1333

Ҳозирги пайтда жуда кўп мамлакатларда табиий ресурслар жумладан ер ва сув ресурслари кескин камаймоқда улардан самарали фойдаланиш йўлларини қидириб топиш долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Қишлоқ хўжалиги ривожланган Голландия, Исроил, Жанубий Корея, Япония, АҚШ, Германия мамлакатларида ўтган асрнинг охирларидан бошлаб махсус иссиқхоналарда гидропоника усулида сабзавот маҳсулотларини етиштириш йўлга қўйилган.

Гидропоника (Гидропоника грекча сўз бўлиб “Гидро”- сув, “Ponos”-ишчи, “Сувли иш эритмаси”- маъносини англатади) бу қишлоқ хўжалик экинларини тупроқсиз махсус жиҳозланган шароитда сувда эритилган озиқа моддалари ёрдамида етиштирилади.

Гидропоника шароитида ўсимликлар учун зарур бўлган барг мўтадил омиллар жумладан ҳаво ҳарорати, намлиги иссиқлик, ёруғлик, карбонат ангидрид, тоза сув, макро ва микро озиқа элементлари билан таъминлаш сунъий равишда вужудга келтирилади.

Мўтадил шароитларни вужудга келтирилиши натижасида ўсимликларда кечадиган фотосинтез жараёни фаоллашади ва кўплаб органик моддалар тўпланиб ўсимликларни ўсиши ривожланиши ва мўл ҳосил бериши таъминланади.

gidro-20-369.jpg (136 KB)

1-расм. Гидропоника усулида кўкат етиштириш

Бундай янги технологияни Ўзбекистонга жорий қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил ноябрдаги ПҚ-1647 сонли Жанубий Корея Республикаси грант маблағларини жалб этган ҳолда “Ўзбекистонда намунавий иссиқхоналарни барпо этиш” лойихасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга мувофиқ 2013 йилда Тошкент давлат аграр университетининг илмий-тадқиқот ва ўқув тажриба станциясида янги намунавий иссиқхона ишга туширилди.

Намунавий иссиқхонанинг умумий майдони 0,50 га бўлиб шундан иссиқхона 0,45 га хизмат кўрсатиш иншоотлари майдон эса 0,05 га ни ташкил этади.

Гидропониканинг асосий афзалликлари:

• тупроқ ва гўнгдан умуман фойдаланилмайди;

• ўсимликларнинг ўсув фазаларига боғлиқ ҳолда сувга ва минерал озиқа моддаларига бўлган талаби талаб қилинган миқдорда ва муддатларда тўлиқ таъминланади;

• минерал ўғитларнинг самарадорлиги юқори бўлади;

• сув 60-70% гача иқтисод қилинади;

• гидропоникада иссиқлик оддий иссиқхоналарга нисбатан 25-30% гача тежалади;

• сабзавот экинларини пишиб етилиш даври 20-30 кунгача қисқаради, уларни ҳосил бериш даври эса 50-60 кунгача узаяди;

• гидропоника шароитида сабзавот экинларининг ҳосилдорлиги оддий иссиқхоналардагига нисбатан 2-2,5 баробар кўп бўлишлиги аниқланган;

• сув ва озиқа эритмаларини томчилатиб суғориш тизими орқали ўсимлик илдизига тўғридан-тўғри етказиб берилиши;

• тупроқдаги касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш;

• ерни экишга тайёрлаш, ерни органик ўғитлар билан бойитиш, ишлов бериш, суғориш учун эгатлар очиш, минерал ўғитлар сепиш, бегона ўтларга қарши курашиш тадбирлари талаб қилинмайди;

• ушбу технологияда умумий экологик муҳитга салбий таъсир йўқ (анъанавий усулда тупроқда етиштирилган экинлар учун берилган минерал ўғитлар ва касаллик, зараркунандаларга қарши сепилган препаратлар қолдиғи тупроқда тўпланиб турли салбий экологик оқибатларни келтириб чиқаради).

Ogurtsi-gidro-66456-889.jpg (39 KB)

2-расм. Қўлбола гидропоника технологияси

 

Манба:

Адилов М.М. ва бошқалар (2013). Қишлоқ хўжалик экинлари етиштиришда инновацион технологиялар. Қўлланма.

Улашиш: