Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Доривор лимонўтининг фойдали хусусиятлари ва уни етиштириш технологияси

23/Dekabr/2024 01:30
  1322

Ишлатилиши

Доривор лимонўт — Melissa Officinalis L.  ясноткадошлар — Lamiaceae (лабгулдошлар — Labiatae) оиласига киради.

Лимонўт доривор препаратлари Ибн Синонинг таъкидлашича, юракни мустаҳкамлайди ва унга ёрдам беради, шунингдек, трахома, хиқичоқ тутиш, оғиздан ёмон ҳид келиши ва бошқа касалликларни даволайди.

Халқ табобатида лимонўт билан невроз, бронхиал астма, аёлларни токсикоз, климакс, юрак уришини бузилиши ва бошқа касалликлар даволанади.

Лимонўт дамламаси клиник шароитида синовлардан ўтган ва уни тиббиёт амалиётида тинчлантирувчи ва қон босимини пасайтирувчи восита сифатида қўллашга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан руҳсат этилган.

Доривор лимонўтини етиштириш

Доривор лимонўт ўсимлигини Ўзбекистоннинг барча тупроқ-иқлим шароитида экиб ўстириш мумкин. Ўсимликдан юқори ҳосил йиғиб олиш учун унга шўрланмаган, механик таркиби ўртача, унумдор, дуккакли ва ғалласимон экинлардан бўшаган ерларни танлаш тавсия этилади.

Доривор лимонўтни бир далада 5 йилгача сақлаб ҳосил олиш мумкин. Ўсимлик экиладиган ерларни кузда 25—28 см чуқурликда сифатли қилиб ҳайдалади. Ҳайдаш олдидан гектар ҳисобига 20—30 тоннадан чириган маҳаллий гўнг ва 50 кг дан фосфор ўғити билан озиқлантирилади. Экиш олдидан ерларни текислаш, бир йиллик ва кўп йиллик бегона ўтлар уруғини камайтириш мақсадида узунасига ва кўндалангига дискали борона билан 6—8 см чуқурликда юмшатилади ва молалаш лозим бўлади. Лимонўт ёруғсевар, намсевар ва кўп йиллик ўсимлик бўлганлиги учун уруғидан ёки шингилларини бўлиб экиш йўли билан кўпайтирилади.

Лимонўтни март ойининг охири ёки апрель ойининг бошларида тупроқ ҳарорати 12—15°С бўлганда экилади. Уруғларни сабзавот экадиган сеялкаларда 2—3 см чуқурликда экилади. Уруғлар тупроққа бир текис тушиши учун донадор суперфосфат билан аралаштириб экилади. Гектарига 6 кг уруғ сарфланади.

Агар тупроқда нам етарли бўлмаса уруғларни униб чиқиши учув суғориш жўяклари тортилиб тезлик билан суғорилади. Уруғлар экилгандан кейин майсалар 10—12 кунда униб чиқади. Ўсимликда 3—4 та чин барг ҳосил бўлганда қатор оралари юмшатилади ва 20—25 см оралиғида 2—3 тадан ўсимлик қолдириб ягана қилинади. Доривор лимонўтни шоналаш даврида гектар ҳисобига 30 кг дан азот ва 20 кг дан калий ўғити билан озиқлантирилади. Вегетация охиригача ўсимлик 9—10 марта суғорилади. Ҳар 3—4 марта суғорилгандан кейин, ўсимлик оралари культивация қилинади ва бегона ўтлардан тозаланади.

Лимонўт июнь-август ойида гуллайди, мевалари июль-августда етилади. Унинг хомашёлари (ер устки қисми) июль-август ойларида ўриб олингандан кейин азотли, фосфорли ва калийли ўғитлар билан озиқлантирилади ва суғорилади.

Лимонўтнинг хомашёси жуда нозик бўлганлиги учун тезлик билан қуритилмаса сифати бузилади.

Иккинчи йили эрта баҳорда оралари юмшатилади ва бегона ўтлардан тозаланиб вегетация давомида гектар ҳисобига 70 кг азот, 50 кг фосфор, ва 30 кг калий ўғити билан озиқлантирилади ҳамда 7—8 марта суғорилади.

Доривор лимонўт экилган майдонларнинг гектаридан 1 тоннагача барг йиғиб олиш мумкин.

Маҳсулот тайёрлаш. Ўсимлик тўлиқ гуллаган вақтида юқори учидан 20—30 см узунликда (поянинг пастки баргсиз қисми олинмайди) қирқиб олинади ва соя, ҳаво ўтиб турадиган ерда қуритилади.

Photos-of-Melissa-officinalis-L-2369-258.png (231 KB)

Манба: moodle.pharmi.uz

Улашиш: