Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Иссиқхоналарни ривожлантиришда янги тартиб ва имтиёзлар

23/Dekabr/2024 03:26
  1298

Аҳоли сони тобора ўсиб бориши озиқ-овқатга бўлган талабни ҳам ошираверади. Бу табиий ҳол, албатта. Таҳлилларга кўра, бугунги кунда дунёда 14,3 фоиз аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи тўлиқ қондирилмаяпти, 12 фоизи сурункали равишда очликдан азият чекади ва бунинг 827 миллиони ривожланаётган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳақда "Халқ сўзи online" хабар қилди.

Бундай вазиятда нима қилиш керак? Қандай чораларни кўриш лозим? Ягона йўл озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг юқори самарали усулларидан фойдаланишдир. Бунга амалда қишлоқ хўжалигини диверсификациялаш ҳамда модернизациялаш ҳисобига эришилади.

Давлатимиз раҳбарининг “Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси иштирокида “Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ишларга жиддий туртки беради. Яъни қамрови ва ҳажми жиҳатидан ўта йирик ҳисобланган муҳим лойиҳа рўёбга чиқарилади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 84,8 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, маҳаллий бюджет, кредит линиялари ва грант маблағлари ҳисобидан қопланиши кўзда тутилган. 2018 — 2023 йилларда рўёбга чиқариладиган ушбу лойиҳа Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида йўлга қўйилади.

Лойиҳа доирасида биргина иссиқхоналарни ташкил этишга салкам 15,5 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилади. Бу мўлжалдаги ишлар учун ажратилаётган улушнинг энг катта қисмини ташкил қилади. Боиси иссиқхоналар республикамиз ва хориж давлатлари бозорлари расталарини қишин-ёзин сархил мева ҳамда сабзавот маҳсулотлари билан таъминлаб туришнинг энг мақбул усулидир.

Аммо замонавий иссиқхоналарни яратишнинг ўзига хос мураккабликлари ҳам бор. Шундан бўлса керак, соҳада ҳамон ҳал этилмаган муаммолар мавжуд. Масалан, иссиқхоналар учун мўлжалланган ускуналарни ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган, улар ҳамон хориждан олиб келинади. Шу каби қатор муаммолар иссиқхона хўжалигини юритиш ва унинг салоҳиятидан тўлалигича фойдаланиш имконини бермаётган эди. Энди эса вазият тубдан ўзгаради.

Айнан шу йўналишнинг ривожига шароит яратиб бериш мақсадида Президентимиз “Иссиқхона комплексларини ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан иссиқхоналарни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Давлат-хусусий шериклигида мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг бутун занжирини ўз ичига олувчи кластер шаклини жорий қилиш, энергия тежамкор технологиялардан фойдаланган ҳолда замонавий иссиқхона комплексларини ташкил этиш каби вазифалар шулар жумласидандир.

Эндиликда ёқилғи ёқиш йўли билан иссиқлик ёки электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхона, муассаса ва ташкилотлар рўйхати тузиб чиқилади ҳамда уларга туташ ҳудудларда замонавий иссиқхона комплекслари жойлаштирилади. Аниқланган ер участкалари эса электрон савдоларга қўйиб борилади ва унда тадбиркорнинг замонавий иссиқхона комплексларини ташкил этиш бўйича мажбуриятлари кўрсатилади.

2019 йилда мазкур йўналишдаги лойиҳаларни молиялаштириш учун Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси, бошқа халқаро молиявий институтлар ва хорижий молиявий ташкилотларнинг 200 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган ҳажмдаги маблағлари жалб қилинади. Бундан ташқари, тадбиркорлар учун преференциялар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳам белгиланган.

— Тегишли ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 105 та замонавий иссиқхона комплексини ташкил этишга оид истиқболли лойиҳа шакллантирилди, — дейди Бош прокуратура бошқарма катта прокурори Санжар Отажонов. — Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши тўлиқ назоратга олиниб, бу борада тадбиркорларга зарур ёрдамлар кўрсатилади.

Яна бир янгилик: эндиликда Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида қишлоқ хўжалиги экинлари уруғини етиштириш бўйича уруғчилик кластерлари ҳам ташкил этилади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар юқори сифатли бўлиши учун 2019 йилнинг 1 сентябрига қадар Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш марказининг сифатни назорат қилиш лабораторияси негизида қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларининг нав, генетика ва экиш сифат кўрсаткичларини баҳолаш бўйича лаборатория фаолияти йўлга қўйилади. Бу соҳани ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф қилишга ёрдам беради.

Манба: www.xs.uz

Улашиш: