Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Кластерлар давлатнинг халқаро майдондаги рақобатдошлигини мустаҳкамлайди

23/Dekabr/2024 01:13
  1187

Экспертлар ҳисоб-китобларига кўра, бугунги кунда дунёдаги илғор давлатлар иқтисодиётининг қарийб 50 фоизи кластер усулига ўтган. Масалан, Европа Иттифоқида 2 мингдан зиёд кластерлар мавжуд бўлиб, уларда ишчи кучининг 38 фоизи қамраб олинган. Дания, Финляндия, Норвегия, Швеция саноатида тўлиқ кластер усули татбиқ қилинган. АҚШда эса мамлакатдаги мавжуд корхоналарнинг ярмидан зиёди шу тизимда ишлаб, улар томонидан тайёрланаётган товарлар ялпи ички маҳсулотнинг 60 фоизини ташкил қилади. Бу ҳақда «Халқ сўзи online» хабар берди.

Уларнинг энг машҳури сизу бизга таниш бўлган “Силикон водийси”дир. 87 мингта компания, 40 та тадқиқот маркази ва ўнлаб университетлар фаолият юритадиган мазкур инновацион кластер инфратузилмасига 180 та венчур фирмаси, 47 та инвестиция ва 700 та тижорат банки хизмат кўрсатиб келади. Хўш, нима учун жаҳоннинг энг илғор иқтисодиётлари айнан кластерлаштириш йўлидан бормоқда?

Германиялик мутахассислар фикрича, айнан кластер келажакдаги кучли, муросасиз рақобат муҳитида ютиб чиқишнинг энг оқилона йўлидир. Зеро, бундай механизм ҳар қандай шароитга мослаша олади, ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий муаммоларни изчиллик билан самарали ечиб беради, нафақат муайян ҳудуд, балки давлатнинг халқаро майдондаги рақобатдошлигини мустаҳкамлайди, нуфузини оширади. Қолаверса, инновацион иқтисодиётга ўтишнинг муҳим босқичи ҳисобланган ушбу тизим илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш, янги инновацион технологияларни амалиётга жадал жорий этишга хизмат қилади.

Ўзбекистонда ҳам мамлакат ва жамиятнинг мукаммал инновацион қиёфасини яратишда кластер усулидан фойдаланишга катта эътибор қаратиляпти. Бунга аграр соҳадаги саъй-ҳаракатлар яққол мисол бўла олади. Айни пайтда пахта-тўқимачилик кластерлари сони кўпайиб бораётгани, келгусида пахта етиштирувчи 133 тумандан 70 таси тўлиқ кластер тизимига ўтиши, янги тузилаётган кластерлар томонидан 41 корхона ташкил этилиб, 25 мингга яқин иш ўринлари яратилиши режалаштирилаётгани диққатга сазовор. Биз бу йўналишдаги ислоҳотларнинг аҳамияти ҳақида мутахассислар фикри билан қизиқдик.

Муртазо Раҳматов, “BCT Cluster” хорижий корхонаси раҳбари (Россия): — Ўзбекистон шароитида агрокластерларни ривожлантириш энг тўғри йўлдир. Чунки қишлоқ хўжалиги учун ноқулай келган йилларда ҳам кластернинг бошқа ташкилотлари ҳисобидан умумий иш ўрни ва иш ҳақи сақлаб қолинади. Яъни табиат инжиқлигининг бизнесга, ишловчилар даромадига таъсири камаяди. Алмашлаб экиш имконияти пайдо бўлади ва тупроқ унумдорлиги қайта тикланади.

Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 19 майдаги Бухоро вилоятида замонавий пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори асосида тузилган “ВСТ Cluster” хорижий корхонамиз ҳам шундай мезонлар бўйича фаолият юритиб келмоқда. Мазкур кластер тизимида жами саккизта компания фаолияти йўлга қўйилади.

Айни пайтда тегишли олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, илмий-амалий изланишлар олиб бориш бўйича ҳамкорликни ҳам йўлга қўйганмиз.

Пан Ган, тадбиркор (Хитой): — Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилаётган ташаббуслар биз каби хорижлик инвесторларга ҳам қўшимча рағбат беряпти. Юртингизда ўн йилдан буён фаолият олиб бораман. Тан олиш керак, ўн йил олдинги ҳолат билан бугунги кундаги имкониятларни таққослаш қийин. Кўп нарсалар ўзгармоқда. Бундан руҳланиб, Андижон вилоятида қорамолчилик фермасини ташкил этдик. Бунинг учун 1 000 гектар ер олдик, Германиядан 2 000 бош зотдор қорамол келтирдик.

Вилоят ҳокимлиги ҳаракатларимизни ўз вақтида қўллаб турибди. Келгусида биз ҳам кластер усулига тўлиқ ўтмоқчимиз.

Жўшқин Ренкли Оғлу, “BCT Cluster” хорижий корхонаси менежери (Туркия): — Ўзбекистон пахта-тўқимачилик соҳасида кластер тизимини танлаб жуда тўғри қилди. Масалан, Туркия 20 — 25 йил ичида жаҳон тўқимачилик бозоридан ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллашга эришди. Мамлакатингиз эса кластер шарофати билан бундай натижага келгуси икки-уч йилда муваффақ бўлади, деб ўйлайман. Сабаби юртингизда кечаётган жадал ўзгаришлар, айниқса, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб кластер соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор шундай дейишимга асос бўлади.

Ўктам Умурзоқов, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ректори: — Давлатимиз раҳбари дунёнинг илғор мамлакатлари қаторидан жой олиш йўли, бу — аграр соҳада, илм-фанда, таълим тизимида ва бошқа соҳаларда кластер тизимлари жорий этилиши ҳисобланишини кўп бор таъкидлаб келяпти. Енгил саноат, нефть-газ, кимё, биотехнология, АКТ, автомобилсозлик, транспорт-логистика, рекреацион-туристик, озиқ-овқат, таълим, балиқчилик, паррандачилик, асаларичилик, ипакчилик шулар жумласидандир. Мазкур соҳаларда кластер тизимларини яратиш илмий тадқиқот ва ишланмаларни молиялаштириш ҳажмини кўпайтиради, сифатини яхшилайди. Инвестициявий ташқи лойиҳаларда иштирок этиш, илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва малакасини оширишнинг янги имкониятларини яратади.

Бундан ташқари, кластер тизимида таълим ишланмаларини яратиш, уларни қисқа муддатда синовдан ўтказиш, ишлаб чиқариш ва илмий изланишлардаги ходимлар ҳамда мутахассислар меҳнатларини кўпроқ рағбатлантириш, янги товарларни Ўзбекистон бренди билан ихтиро қилиш учун кенг имкониятлар ва шароит пайдо бўлади.

Манба: www.xs.uz

Улашиш: