Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Томорқадан катта даромад олиш мумкинми?...

29/Mart/2024 08:34
  1286

Томорқада иссиқхона қуриб турли полиз маҳсулотлари етиштириб бойиб кетган хонадон соҳиблари тўғрисида матбуотда тез-тез хабар тарқатилади, гўёки томорқаси бор хонадонлар худди шу тартибда бойиб кетиши мумкинлиги ва улар томорқасининг ортидан ҳамма эҳтиёжига етадиган, ҳаттоки унданда ортиқ даромад қилиши мумкинлиги таъкидланади.

Мен шу фикрга аниқлик киритиш учун бир нечта танишларим билан суҳбатлашдим. Улардан бирининг ўн сотихча томорқаси бўлиб, ярми мевали дарахтлар ва бир сотихдан ортиқроқ қисми иссиқхона, қолган қисмига картошка экилган экан. Аввал иссиқхонага кирдик.

– Икки минг туп помидор кўчати экдим, энди гуллаб, ҳосил тугиб бошлаганда кўчатлар сўлиб қоляпти. Бир қанча мутахассисларга кўрсатдим. Турли хил дорилар сепишни тавсия қилмоқдалар. Ҳар куни дорилаш билан куним ўтмоқда, – хонадон соҳиби доридан бўшаган идишларни кўрсатди. – Картошкаларни экканимдан сўнг ернинг нами камлигидан бир қисми нобуд бўлди. Бошқа жойларда ҳам аҳвол шу.

Шу масалада тажрибали агроном билан суҳбатлашдим.

– Биласизми, бизнинг юртимизга турли давлатлардан уруғ ва кўчатлар келтирилиши оқибатида ўсимликларнинг турли хил касаллик ва зараркунандалари уруғлари ҳам кириб келмоқда. Деҳқонларимиз тайёр помидор кўчатларини сотиб олиб экишмоқда, лекин кўчат етиштирувчилар уруғни экишдан аввал унга термик ёки кимёвий ишлов беришганлигини билиш қийин. Уруғ экилишдан аввал замбуруғли ва бошқа касалликларга қарши ишлов берилиши шарт. Бундан кейин кўчат экиладиган майдон тайёрланиши керак. Ҳозирги кунда нафақат деҳқонларимизнинг, балки мутахассисларимизнинг ҳам турли касалликларнинг олдини олиш ва даволашда билим ва тажрибаси етишмайди, – деди мутахассис. – Ҳар бир туман ёки қишлоқ деҳқонлари маълум бир полиз экинлари етиштириш бўйича тажрибага эга. Масалан, вилоятнинг жанубий  туманларида кўкат, тарвуз, ерёнғоқ, ўрта туманларда картошка, пиёз, ерёнғоқ ва шимолий туманларда бодринг, помидор, карам етиштиришда катта тажрибага эга. Агрономларимиз эса асосан ғўза ва ғалладан бошқа ўсимликлар касалликлари тўғрисида тўлиқ билимга эга эмас.

– Ўтган йили анча жойга тарвуз, қовун ва ошқовоқ экдим, – деди яна бир деҳқон. – Тарвуздан яхши даромад қилдим, лекин қовун билан ошқовоқларим ҳосили пишиш  арафасида палаклари сўлиб қуриб қолди. Қовун кўчатлари тўлиқ нобуд бўлди, ошқовоқнинг бир қисми сақланиб қолди.

Томорқадан катта даромад олиш мумкинми, деган саволимизга деҳқонлар турлича жавоб беришди.

– Мумкин, агар томорқа камида йигирма сотих бўлса. Иссиқхона учун камида 4 сотих майдон бўлса яхши даромад қилиш мумкин. Ҳозир томорқа сўраганларга икки сотих ер бераяпти. Буям адирликдан. Бу ерга уй қурсинми, оғилхона қурсинми, деҳқончилик қилсинми? Картошка, қовун, тарвуз, ошқовоқ каби экинларга катта майдон талаб этилади.  Мош, ловия каби дуккакли экинларга камида бир гектар майдон зарур. Помидор, бодрингларни эса иссиқхонада етиштирса бўлади, – деди суҳбатдошимиз.

– Телевизорда эртадан кечгача бўлар-бўлмас кино қўрсатгунча далага чиқиб, илғор деҳқонларнинг тажрибасини кўрсатишсин, – деди бошқа бир киши. – Полиз экинлари касалликларини аниқлаш, олдини олиш, уни даволаш усулларини мутахассислар ўргатишсин. Қандай маҳсулотни кимга сотишни айтсин. Деҳқон нима етиштирса, ҳузурини олибсотар кўради.  Полиз маҳсулотларини экспорт қилувчилар томонидан деҳқонга маъқул келадиган нархда кафолатли шартнома тузилса, деҳқон ҳам куймайди. Ахир ҳамма деҳқон бозорда ўтиролмайди-ку!

Томорқадан самарали фойдаланиш тўғрисида тинимсиз айтилмоқда, лекин томорқа эгаси нима экяпти, экини қандай ривожланмоқда, мабода кутилган ҳосилни олса уни кимга сотади – шу масалалар ҳам ўз вақтида ҳал этилса, Президентимизнинг Самарқанд вилоятида “Томорқадан қишин-ёзин даромад олса бўлади. Бирор қарич ер бўш турмаслиги лозим, аҳолининг томорқадан фойдаланиш маданиятини оширишимиз керак”, деган  гаплари ҳаётга татбиқ этиларди.

Манба: nor.uz


Улашиш: