Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Юртимизда йўлга қўйилаётган “Ўсимликлар клиникаси” хизмати ҳақида...

20/Dekabr/2024 23:08
  1148

Мамлакатимиз олимлари аҳоли томорқа хўжаликларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалик, манзарали экин турларини зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишнинг замонавий технологияларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш борасида тадқиқотлар олиб боришмоқда, деб ёзади ЎзА.

Ҳозирда Республикамиз миқёсида жадал равишда аҳоли томорқа хўжаликларида кенг оммалашаётган “Ўсимликлар клиникаси” хизматининг лойиҳа ташаббускори, Тошкент Давлат аграр университети ректори, академик Ботиржон Сулаймонов, ЎзА мухбирига жаҳон тажрибалари асосида Ўзбекистон шароитида қишлоқ хўжалиги экинларини зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш хизматини такомиллаштириш борасидаги изланишларнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб берди:

– Бугунга қадар аҳоли томорқа экинларида учрайдиган зарарли организмларга қарши кураш ва экологик тоза маҳсулотлар етиштириш бўйича тизим ишлаб чиқилмаган эди, – дейди Б.Сулаймонов. – Ваҳоланки, аҳоли ихтиёрида ўртача 500 минг гектар унумдор экин майдони мавжуд. Аммо, аҳолининг экинларни етиштиришда зараркунанда ва касалликлар бўйича етарли маълумотга эга эмаслиги улар етиштираётган экинларнинг 35-40 фоизи туфайли нобуд бўлмоқда.

Шу боис томорқадаги экинларни ҳимоя қилиш бўйича янги тизим яратиш муаммоси юзага келди. Муаммони ҳал этиш мақсадида бир қатор ривожланган мамлакатлар тажрибалари ўрганилди. Жумладан АҚШ, Англия, Германия, Голландиянинг тажрибалари чуқур таҳлил этилди ва ўзимизга мос равишда маҳаллалар кесимида “Ўсимликлар клиникаси” хизмати ташкил этилди.

Ушбу хизмат турини янада такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 февралдаги “Республика ҳудудларида “Ўсимликлар клиникаси” хизмати тизимини ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 19-Баёни, ҳамда 15 сентябрдаги 734-сонли “Ўсимликлар клиникалари фаолиятини ташкил этиш” чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари тасдиқланиб, қатор молиявий ва бошқа имтиёзлар берилган.

Бунинг натижасида вилоятлар миқёсида 120 дан ортиқ ўсимликлар клиникаси ташкил этилиб, мавсум давомида шартнома асосида аҳоли томорқаларида хизмат кўрсатиб келмоқда. Дастлабки кўрсатгичларга кўра ўсимликлар клиникаси хизмати томонидан деярли 5,8 минг гектар томорқа хўжаликларига 1,8 миллиард сўмлик хизмат кўрсатилган.

Шу билан бирга, томорқадан олинадиган ҳосил 25-30 фоизга, қўшимча даромад хонадонларда камида 1,8 миллион сўмга ортган.

Томорқаларда экологик тоза маҳсулотлар етиштириш мақсадида хориждан самарали, экстремал шароитга чидамли трихограмма энтомофаг тури иқлимлаштирилиб, кўпайтириш, қўллаш технологияси ишлаб чиқилди ва жорий этилди.

Сирдарё вилоятида зараркунандаларга қарши биологик кураш бўйича “Бек” кластер билан 13 минг гектарга шартнома тузилди.

Бундан ташқари, биомаҳсулотларни кўпайтиришни такомиллаштириш мақсадида Тошкент вилояти фермер хўжаликлари учун олтинкўзни кўпайтиришнинг инновацион қурилмаси яратилди ва жорий этилмоқда.

Қайд этиш жоизки, атроф-муҳитнинг глобал равишда ўзгариши қишлоқ хўжалиги экинларига турли касаллик ва зараркунандаларнинг таъсир кўламини ортишига олиб келмоқда.

Келгусида “Ўсимликлар клиникаси хизмати тармоғини янада кенгайтириш мақсадида аҳолига томорқалари учун экинларнинг уруғлари, ўғитлари ва кўчатларини етказиб бериш бўйича ҳам хизматларни кўрсатиш режалаштирилиб, бу эса аҳолини сифатли ишонарли экин турларини етиштириш имконини беради.

Олиб бориладиган ҳамкорлик натижасида аҳоли томорқаларидан олинадиган даромад янада ошиши, экологик тоза маҳсулотлар етиштирилиши шубҳасиз.

Манба: www.uza.uz

Улашиш: