Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қишки-баҳорги мавсумда помидор экиш

22/Dekabr/2024 21:01
  1279

Қишки-баҳорги экиш мавсумида (уруғларни, кўчатларни) экиш ишлари куз ойларидан бошланиб, бу даврда ёруғлик жуда камайган бўлади. Помидор уруғларини экиш октябр ойи охирлари – ноябр ойи бошларида бошланади, кўчатларни экиш эса ноябр ойи оҳири, декабр ойининг биринчи ўн кунлигида амалга оширилади. Помидор учун ҳавони яхши ўтказувчан, ғовак латоген ва зараркунандалар билан зарарланмаган тупроқдан тайёрлаш керак. Кўчатларни қўш қатор усулда 80х80х40см оралиқда экилади. Экиш олдиндан ковлаб суғориб олинган кўндаланг чуқурчаларга стаканнинг 3 дан 2 қисми кўмиб бажарилади.

Жуда эртаги экиш муддатида экиладиган ўсимлик кўчатлари гуллаш даврида бўлиши лозим. Кечроқ экиш учун эса нисбатан ёш кўчатларни экишга руҳсат этилади.

Кўпинча помидор ўсимлигида вегетатив ўсувчи новдалари кучли ўсиб мева тугиши камайиб кетади, бу ҳолатни ғовлаб кетиш деб аталади. Новдаларининг қалинлиги 2,5-3,0 см га етиб, юқоридаги барглари тўқ яшил рангга киради ва буралиб ўсади. Бундай ҳолат асосан кўпинча тупроқ (бодрингдан сўнг) нитратли азот миқдори жуда кўпайишидан содир бўлиб ўсимликнинг илдиз қисми жуда кучли ривожланиб ва ортиқча намгарчиликка сабаб бўлади. Чириган қипиқ солиш ва биринчи мева тугилгунча суғоришни тўхтатиб туриш, ўсимликлар меъёрида ўсишини таъмин этади. Бундан ташқари ушбу даврда (биринчи гулшодасида) мева тугишини яхшилаш мақсадида ўсимликларни озиқлантириш даврларида таркибида азоти бўлган озиқа моддаларни бермаслик лозим.

Экишдан олдин ва ўсув даврида органик ҳамда минерал озиқа моддаларни тупроққа солиш тупроқни агрокимёвий таҳлили натижаларига мувофиқ амалга оширилиши лозим. Органик моддалар миқдори 20 фоиз атрофида сақланиши талаб этилади.

Тупроқ таркибидаги сувда эрувчи фосфор миқдори ҳар 100 гр тупроқда 100 мг, нитратли ва аммиакли азот миқдори 25-30 мг, сувда эрувчи калий 50-60 мг атрофида сақланиши керак. Бундан ташқари тупроқ таркибидаги хлор миқдори хар 100 гр тупроқда 0,02 фоиздан ошмаслиги, магний 25-30 м, кальций эса камида 100-120 мг бўлиши керак.

Азотли ўғитларни калийли (KNO3) ва кальцийли (Са (NО3)2) селитра шаклидаги берилгани маъқул. Калийли ўғитларни сульфат калий K2SО4 шаклида, фосфорлиларни эса қўш суперфосфат Са (Н2Р04)2 шаклида ёки ўсув даврида якка аралашмали калий фосфат шаклда берилади. Экилган кўчатларнинг каноп ипли сўриларга боғлаб чиқилади, боғлашда илдиз бўғизини қаттиқ сиқиб қўймаслик, канопни қаттик тортиб боғлаб қўймаслик лозим бўлади.

Ўсимликлар битта поя қолдирилиб шакл берилади. Бачки новдалар 6-7 см дан ўсиб кетмасдан уларни ўз вақтида юлиб ташлаш керак. Ўсимлик учини ҳар ҳафтада канопли ипга ўраб турилади. Мевалари пиша бошлаши даврида гулшодадан барча пастки баргларини олиб ташланади. Бу ишни ҳар ҳафтада бир маротаба бажарилиб, 1-2 тадан барги олиб ташланади. Ўсув мавсумининг тугалланишигача 6-7 ҳафта давомида ўсимлик учки қисмини юқоридаги гулшода тепасида 2 тадан барг қолдириб чимдиб турилади. Мевалар тўлиқ етилиб пишмасдан ёки қизил бўлиб пишган даврларда ҳар ҳафтада 2-3 маротаба терилади.

Кўчат экишда тупроқ анализини билиш муҳим аҳамиятга эга

Тупроқ анализига қараб, тупроққа қанча миқдорда Азот (N), Фосфор (Р), Калий (К)ни солиш кераклигин билиб оламиз. 1 Га майдон учун ўртача 250-300 кг Азот (N), 250-300 кг Фосфор (Р), 150-200 кг Калий (К) тавсия қилинади. Бундан ташқари микроўғитлардан медь, цинк, молибден, бор, марганец ўғитлари ҳам керак бўлади. Бу элементларни ўсимлик кам миқдорда талаб қилади, лекин шу ўғитлар етишмай колса ўсимлик ўсишдан тўхтайди, ҳосилдорлиги пасаяди. Микроўғитлар ўсимликка бир маромда етказилиши учун уларни минерал ўғитлар билан аралаштириб ишлатиш тавсия этилади. Экиш даврига қараб нав танланади ва кўчат тайёрланади.

Кузги-қишки мавсум учун 40-45 кунлик, ёзги-кузгига 25-30 кунлик, қишки-баҳорига 35-40 кунлик кўчат экилади.

Иссиқхонада помидор 50х80х80  ёки 50х70х90  схемада экилади.

Ушбу схемада ариқлар олиниб ёки чуқурлар кавланиб  кўчатларни унгицид (Перкур)га ботириб экилади. 1 га майдонга ўртача 22-25000 дона кўчат экиш тавсия этилади. Экилган  кўчатлар 3-5 кундан сўнг атрофи (теша чопиқ) юмшатиб чиқилади. Кўчат ерга яхшилаб ўрнашгач 8-10 кун ўтгач кўчат ёнидан чуқурча кавлаб озиқа берилади .

Ҳар бир кўчатга 1 литрдан озиқа қуйилади, кейинги  озиқлантиришда кўпайтириб борилади. Ҳар 10-15 кун оралатиб илдиздан, сўнг баргидан озиқа берилиб боради.

Экилгандан 15-20 кун ўтгач кўчатлар канопга боғланиб 2-2,5 метр баландликдаги симларга осиб чиқилади. Иссиқлик етарли шароит яхши бўлган жойларда помидор 15-20 оралиғида гуллай бошлайди. Ўсимлик гуллагандан бошлаб арилар (шмел) ёки суний гормонлар: том, томатом, ренгулет ёрдамида экилган мавсумига қараб ҳар 3-5 кун оралатиб чанглатиб турилади.

Иссиқхона помидорлари ҳосилни асосий поядан берганлиги учун барг ёнидан чиққан ён шохчаларни олиб ташланади. Ўсимликни ёшлик даврида Кальций (Са), Бор (В), Магний (Mg)ли ўғитлар бериш яхши натижа беради.

Манба:

А. Э. Шайхов ва бошқалар (2013). Энерго - тежамкор иссиқхоналарни  қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича қўлланма. Тошкент.

Улашиш: