Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари маълумотларини электронлаштириш масаласи

23/Dekabr/2024 07:31
  1165

Тасаввур қилинг, дўконга кириб, танлаган маҳсулотингизнинг штрих коди устидан телефон юргизсангиз, ушбу маҳсулот ҳақида тўлиқ маълумот сизга тақдим этилмоқда. Телефонингизда маҳсулотнинг аниқ қачон ишлаб чиқарилган санаси, ким томонидан, қандай усуллар билан растагача етиб келгани ҳақидаги маълумотлар муҳайё бўлади. Бу трэк-энд-трейси дастурининг шарофати бўлиб, ушбу дастур яқин йиллар ичида Ўзбекистонда ҳам қўлланилиши мумкин, деб хабар беради ЎзА.

Британиянинг "Crown Agents" компанияси айнан шу ва бошқа янги инновацион ечимларни Ўзбекистонда турли тармоқларда қўллашни режалаштирган.

Компаниянинг Марказий Осиё минтақаси бўйича менежери Лариса Кокареванинг айтишича бу дастур фермер даласидан то дўкон растасигача бўлган йўлнинг лицензияланишини талаб этади. Бу эса ўз-ўзидан ҳудудда очиқ иқтисодиётнинг юзага келишига туртки беради. Ўзбекистонда ҳам бу усулни қўллаш мумкин. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харидорга етказиб беришда блокчейн усулидан фойдаланиш орқали, уларни экспорт қилиш салоҳиятини ҳам ошириш енгиллашади. Европа бозорларида қўллана бошланган бу усул, маҳсулотга нисбатан харидорнинг ишончи ортишига ёрдам беради. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқишда эса бу жуда муҳим саналади.

Маҳсулотни ишлаб чиқарувчидан харидоргача бўлган йўлини электронлаштириш дори воситалари сотувида ҳам анча қўл келади. Харидор сотиб олмоқчи бўлган дори воситасининг дорихонагача бўлган йўлини билишга қизиқиши табиий. Бу “занжирли” йўлни амалга оширишда "Crown Agents" компанияси Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш ниятида. Компания мамлакатдаги қишлоқ хўжалиги имкониятлари ва уларга инновацион технологияларни жалб қилиш йўлларини ўрганмоқда. Crown Agentsнинг халқаро эксперти Екатерина Силантьеванинг фикрича бу усул камида беш йил ичида Ўзбекистонда тўлиқ амалга оширилиши кутилмоқда.

– Технологиялар тез янгиланиб боради. Камида 2 йил ичида трек-энд-трейси усулини иқтисодиётда қўллаб, уни тўлиқ амалга ошиш муддатини 5 йил деб белгилаш лозим. Акс ҳолда у ўз долзарблигини йўқотади. Чунки технологиялар кун сайин янгиланиб бормоқда, – дейди Екатерина Силантьева.

Маълумот учун: Crown Agents Компанияси, 185 йилдан буён фаолият юритиб келади. Марказий Осиёда эса 25 йилдирки Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатларда турли лойиҳаларни жорий этяпти. У Марказий Осиёдаги фаолияти давомида миқдори 700 миллион долларга тенг 32 та лойиҳани амалга оширган. Халқаро компания дунё бўйлаб турли мамлакатлар ҳукуматларига барқарорликни таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимини яхшилашга йўналтирилган консалтинг хизматларини ҳам кўрсатиб келади.

Манба: www.uza.uz

Улашиш: