Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Иссиқхонада редиска етиштириш

22/Dekabr/2024 23:02
  1422

Редиска ёруғликка ўта талабгор бўлган бир йиллик ўсимликдир. Шунинг учун ҳам у кўпроқ баҳорда асосий ёки зичлаштирувчи экин сифатида етиштирилади. Иссиқхоналарда редисканинг районлаштирилган тезпишар навларидан қуйидагилар экилади: маҳаллий навлардан Лола, Эртапишар, Россиянинг “Сакса”, қизил ва учи оқ “Круглий” навлари, Верица серб навлари етиштирилади.

Улар қаторида хориждан келтирилиб, районлаштирилган тезпишар гибридларнинг қуйидаги турларидан ҳам фойдаланилади: Рудольф Ғ1, Принто Ғ1, Селемта Ғ1, Сора Ғ1 голланд навлари, Джолли Ғ1, Раунд Скарлет Ғ1 француз навлари, Глориэт Ғ1, Чериетте Ғ1 япон навлари.

Қишки иссиқхоналарда редиска бодринг ёки помидорга зичлаштиргич экин сифатида етиштирилади. Уруғни сепиш кўчатларни кўчириб ўтқазишдан 6-8 кун олдин ўтказилади. Редиска уруғи 4-6 қаторли лента усулида асосий экин жўякларнинг ҳар икки томонига сепилади. Қишки иссиқхоналарда редиска кўчат яшикларида, ёруғ айвонларда ҳам етириштирилиши мумкин. Редиска уруғи 1,5-2 см чуқурликка қўлда экилади. Бунда ҳар бир кўчатнинг тўйиниш майдончаси 5х5 см ўлчамларда режалаштирилади ва ҳар бир чуқурчага иккитадан уруғ ташланади. Экишдан олдин уруғ сараланади, экиш учун диаметри 2-2,5 мм дан кичик бўлмаганлари танлаб олинади, уларга ишлов берилади. Кўчатлар униб чиққач, улар ягона қилинади.

Редиска плёнкали иссиқхоналарда биринчи экишда февралнинг бошларидан – мартнинг ўрталаригача, асосий иссиқсевар экинни экишдан олдин етиштирилади. Иссиқхонанинг 1 м2 юзасига 450-500 дона ёки 4-6 г уруғ экилади. Уруғ, олдиндан тўйиниш майдончалари 5х5 ёки 6х4 см ўлчамларда, режа асосида тайёрланган чуқурчаларга қўлда экилади. Кенг ленталар (1,2-1,5 м) орасида тор йўлакчалар қолдирилади.

Редиска ўсимлигини парваришлашга ҳаво ҳамда тупроқнинг тавсия этилган ҳарорати ва намлигини сақлаб туриш, озиқлантириш тадбирлари киради. Қишки иссиқхоналарда, юқоридагилардан ташқари, ўсимликнинг яхши ўсиб чиқишини таъминлаш учун майда тупроқ сепилади, лекин, уруғлар ялпи униб чиқмагунича суғорилмайди. Бу тадбир уруғни чиришдан сақлайди. Тупроқ юзаси қуриб қолганда, сув сепилади. Суғориш ҳам дастлаб ўртача меъёрда, сўнг тез-тез амалга оширилади.

Редискани етиштириш даврида, у икки марта озиқлантирилади. Биринчи озиқлантириш уруғ униб чиққандан икки ҳафтадан сўнг, гўнг шарбати билан (1:6 нисбатда сув билан аралаштириб) амалга оширилади. Бунда 10 л аралашмага 15 г суперфосфат, 10 г калий тузи солинади. Иккинчи марта озиқлантириш, биринчи озиқлантиришдан бир ҳафта кейин ўтказилади. Бунда 10 л сувга 40 г аммиакли селитра, 20 г суперфосфат, 15 г калий тузи солинади, 1 м2 майдонга 6-7 литр эритма меъёр қилиб олинади. Ҳосилни йиғиб олиш, қишда уруғ униб чиққандан 32-35 кундан кейин, эрта баҳорда эса 25-28 кундан кейин бошланади.

Редиска ҳосилини йиғиб олиш, унинг ўлчамлари диаметри 2 см дан кичик бўлмаганларини танлаб териб олиш йўли билан,  3-4 марта амалга оширилади. Ҳосил 10-12 кун давомида йиғиштириб олинади. Бу жараёнда редиска илдизи баргалари билан биргаликда суғуриб олинади ва уларнинг ҳар 10 донасидан боғламлар шакллантирилади. Баъзан барглари қирқилиб, бир мунча қисқартирилади.

Манба:

Асатов Ш. И. (2016). Қорақалпоғистон  Республикасининг шимолий туманларидаги тупроқли иссиқхоналарда сабзавот экинларини  етиштириш технологияси. Тавсиянома. Baktria press

Улашиш: