Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Бодомни ўғитлаш

23/Dekabr/2024 13:27
  1107

Ўғитлаш миқдори ва вақти дарахтнинг ёшига, тупроқ унумдорлигига ва бошқа факторларга боғлиқ бўлади. Мўл ҳосил етиштириш мақсадида бодомзорларга чириган гўнгга минерал ўғитлардан қўшиб солинса яхши натижа беради.

Кўчатларнинг яхши ўсиши ва ривожланиши учун 4-5 ёшгача ҳар бир кўчат (дарахт) ҳисобига 4-6 кг дан органик ўғит ва 60-80 г аммофос ўғити солиш тавсия қилинади. Суст ривожланаётган ёш ниҳолларга ҳар 1 м2 ҳисобига 4-5 г соф фосфор, 2-3 г соф калий ва 4-5 кг дан органик ўғит солиш лозимдир. Агарда органо-минерал ўғитлар биргаликда солинса, озиқлантириш миқдори 1,5-2 баробарга қисқартирилади.

Беш ёшдан катта боғларга минерал ўғитлар ҳар йили гектарига 120 кг азот, 90 кг фосфор ва 40-60 кг калий ва 20-30 т чириган гўнг (2-3 йилда бир марта) ҳисобидан 30-40 см чуқурликда берилади. Органик, фосфор ва калий ўғитлари кузда ерни шудгорлашдан олдин - октябр-ноябр ойларида берилса, азотли ўғитлардан учдан бир қисми кузда, қолган қисми эса эрта баҳорда ва ёзда, лалмикор ерларда март-апрел ойлари, суғориладиган ерларда эса март-апрел ва июн ойларида 12-14 см чуқурликда солинади. Лалмикор ерларда ўғитларни ўз вақтида солиш муҳим аҳамиятга эга.

Ёш боғларни яратишдан (кўчат экишдан) олдин етарли миқдорда органик ва минерал ўғитлар билан таъминланган бўлса, 2-3 йил давомида ўғит солинмаса, ёки ўғит меъёрининг 2/1 қисми солинса ҳам бўлади, чунки ортиқча солинган ўғитлар ёш дарахтларни ғовлатиб юборади ва дарахтларга шакл беришда бирмунча қийинчилик туғдиради.

Манба:

Абдурасулов А.А. (2010). Ўзбекистонда бодомни боғ типида плантацияларини барпо қилиш бўйича тавсиялар. Тошкент.

Улашиш: