Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Олимларимиз саҳрода қарағай кўкартириш устида иш бошлашди

23/Dekabr/2024 11:52
  1189

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Умумий ва ноорганик кимё институти олимлари Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти билан ҳамкорликда Қорақалпоғистоннинг чўл ҳудудларини кўкаламзорлаштириш бўйича янги лойиҳа устида иш бошлади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

– Тажриба тариқасида Қораўзак туманида 1 гектар ерга Эльдар ва Қрим қарағайлари кўчатлари ўтқазилди, – дейди лойиҳа раҳбари, ЎзФА Умумий ва ноорганик кимё институти докторанти, кимё фанлари номзоди Олим Асаматдинов. – Мазкур ўсимлик қурғоқчилик ва совуққа чидамли. 100 йилдан 600 йилгача умр кўради. Қарағай жуда тез ўсади, тупроқ танламайди. Унинг учун энг маъқул тупроқ – бу қумли тупроқдир. Қорақалпоғистон заминининг суви камлигини ҳисобга олиб, ушбу кўчатларни ўтқазишда ЎзФА Умумий ва ноорганик кимё институти сирт-фаол моддалар лабораториясида ихтиро қилинган намликни ушлаб турувчи гидрогеллардан фойдаланилди. Шаҳарлар атрофида, темир йўл ва автомобиль магистраллари бўйлаб қарағайзор ўрмонлар барпо этиш кўплаб ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларга ечим бўла олади. Чанг-тўзон кўтарилишини бартараф қилади, қум кўчишининг олдини олади, янги ўтлоқлар пайдо қилади ва ҳоказо.

Кейинги 3-10 йил ичида ушбу ҳудудда қарағай игналари тушиши натижасида тупроқнинг қайта тикланиш жараёни бошланади. Бу эса ҳайвонот учун озиқ-овқат сифатида хизмат қиладиган ягона ва кўп йиллик ўтлар ўсиши учун шароит яратади. Шунингдек, қарағайзорда реза мева буталарини ўстириш мумкин, бу эса, ўз навбатида, озиқ-овқат захирасини яхшилашга хизмат қилади.  Олимнинг инновацион ғоясини юзага чиқаришда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ҳамкорлик қилмоқда. Ушбу институт кўмаги билан Қораўзак туманидан тажриба ер майдони ажратилди.

Манба: www.uza.uz

Улашиш: